Жаҳон | 13:19 / 30.03.2024
13842
6 дақиқада ўқилади

Музокараларга рози Нетаняҳу, Орбаннинг Украина бўйича баёноти ва чет эл агентига айланаётган Алла Пугачёва — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил яна оташкесим бўйича ҲАМАС билан музокараларга қайтмоқчи. Исроил делегациясининг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича ҲАМАС билан музокараларга қайтишини бош вазир Бинямин Нетаняҳу маъқуллаган, деб хабар беради CNN.

«Нетаняҳу МОССАД разведка бошқармаси директори ва Бош хавфсизлик хизмати раҳбари билан суҳбатлашган, яқин кунларда Доҳа ва Қоҳирада музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказишни маъқуллаган», — дейилади хабарда.

Фаластин Қизил яримойи Исроил ҳамон уларнинг 8 нафар ходимини ушлаб турганини маълум қилди. Хабарга кўра, Исроил кучлари томонидан 9 февралдан буён ушлаб турилган 7 нафар ходим 47 кун ўтгач озод қилинган, яна 8 нафар ходим ҳанузгача ушлаб турилибди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазога қуруқликдан ёрдам етказишга бошқа муқобил йўқлигини таъкидлади.

БМТнинг ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Ғазо аҳолиси учун ер устидан йирик миқёсли инсонпарварлик ёрдамлари етказишнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

Айни пайтда инсонпарварлик ёрдамлари ҳавода самолётлардан ташланмоқда. Бу ёрдамларнинг сочилиб кетиши ва денгизга тушишига, одамлар тиқилинчда ва сувда чўкиб ҳалок бўлишига олиб келмоқда.

БМТ халқаро суди ҳам очарчиликнинг олдини олиш учун Исроил зиммасига Ғазога инсонпарварлик ва тиббий ёрдамларнинг монеликсиз киритилишини таъминлаш мажбуриятини қўйган эди.

Орбаннинг Украина бўйича баёноти

Венгрия бош вазири Виктор Орбан яна Россия манфаатларини кўзлаб чиқиш қилди. Орбанга кўра, Россия НАТО давлатларига ҳужум қилиш билан таҳдид солмайди, бироқ Украина икки томон ўртасида буфер зона бўлиб хизмат қилиши керак.

Виктор Орбан Украинанинг НАТОга қабул қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаслигини ҳам таъкидлаган. Чунки бундай бўлса, алянс Россия билан янада кўпроқ умумий чегарага эга бўлиб қолади.

Венгрия бош вазири сиёсий харитани қайта кўриб чиқишни таклиф қилган. Орбан Украина учун хавфсизлик кафолатлари фақатгина буфер зона яратишдан иборат бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Акс ҳолда, украинлар ўз давлатидан бутунлай мосуво бўлиши мумкин.

Париж олимпиадаси хавф остида

Парижда ўтадиган XXXIII ёзги олимпиада ўйинларининг очилиш маросими ўтказилмаслиги мумкин. Франция разведкаси Москвадаги «Crocus City Hall» концерт залида юз берган фожиадан кейин терактлар хавфи кучайгани туфайли Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимини бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«Crocus City Hall» терактидан сўнг француз разведкаси «ҳарбий қуроллар ёки транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда оммавий терроризм қайтишидан» чўчимоқда. Разведка хизматлари маълумотларига кўра, Олимпиада очилиш кунида «афғон зонаси»дан уч-тўрт кишидан иборат «мудраб ётган» террорчилар ҳужуми эҳтимоли кучайган.

«Спортчилар парадининг Сенадаги ҳозирги формати жуда кўп хавф туғдиради. Биз Б режасига ўтишимиз керак», деди разведка манбаси.

Ёзги Олимпия ўйинлари Франция пойтахтида 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар бўлиб ўтади. Дастлабки режага кўра, очилиш маросими анъанавий тарзда стадионда эмас, Сена дарёсида ўтказилиши керак. 160 дан ортиқ қайиқ иштирокчи жамоалар делегацияларини Лувр ва Эйфел минораси ёнидан олиб ўтиши, маросимни соҳил бўйида 600 мингга яқин одам томоша қилиши кутилаётган эди.

Алла Пугачёва чет эл агенти?

Россия Бош прокуратураси Россия халқ артисти Алла Пугачёвани чет эл агенти дея тан олишни талаб қилган ва Адлия вазирлигига бу борада сўровнома жўнатган. Унда ёзилишича, Алла Пугачёва «чет эл агенти билан аффилланган шахс» сифатида тан олиниши керак.

Ҳужжатни хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича федерал лойиҳа раҳбари Виталий Бородин эълон қилган. У аввал ҳам россиялик турли артистларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича мурожаатлар қилиб келган. Масалан, Бородин Лия Ахеджакова, Диана Арбенина, Валерий Меладзе, Данила Козловскийларга нисбатан текшириш тайинлашни сўраган.

Қайд этиб ўтиш керакки, Алла Пугачёванинг ҳозирги турмуш ўртоғи, комик артист Максим Галкин 2022 йилда «чет эл агенти» деб эътироф этилган. Улар Украинада уруш бошлангач, Россияни тарк этиб, болалари билан Исроилда яшашмоқда.

Алла Пугачёва ўшандаёқ ўзини ҳам «чет эл агенти» дея қайд этишларини сўраб мурожаат қилган эди.

«Мен ҳалол, виждонли ва самимий инсон, Россиянинг чинакам ва сотилмайдиган патриоти, ўз ватани равнақини истайдиган унга тинч ва осуда ҳаёт, сўз эркинлиги тилайдиган ва юртимизнинг жаҳон аро яккамахов бўлишига ҳамда инсонлар ҳаётини оғирлаштирувчи мавҳум мақсадлар учун ватанимиз фарзандларининг ўлдирилишини бас қилишни истайдиган турмуш ўртоғим билан бирдамман», — деб ёзган эди Алла Пугачёва.

Россияда ўзбекистонлик йигит қамалди

Россияда «Crocus City Hall»даги терактни қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон фуқароси қамоққа олинди.

Қайд қилинишича, 1993 йилда туғилган йигит 24 март куни Рубцовск шаҳридаги дўконда «Crocus City Hall» биносида содир этилган террорчилик ҳаракатини очиқчасига оқлаган. Йигитнинг «терактни ФСБнинг ўзи уюштирди», деган таъкиди терактни оқлаш, дея талқин қилинган.

Суд айбланувчининг Россия жамоат хавфсизлигига қарши ўртача оғирликдаги жиноятни содир этгани, хорижий давлат фуқароси экани, Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмагани, доимий яшаш жойи ва қонуний даромад манбаига эга эмаслигини ҳисобга олиб, 2024 йил 26 майга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган.

Россияда бўлиб турган ватандошларимиз ўзларини ушбу мавзулардан йироқроқ тутиши, ўз фикрини ошкора билдирмасликларини маслаҳат бериб қоламиз.

Мавзуга оид