Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурияда ўлдирилган эронлик генераллар ва Москвадаги терактда янги гумондор — кун дайжести
Ўтган кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан энди кундуз кунлари таништириб борамиз.
Эрон консуллигига зарба
Исроил ҳарбийлари Эроннинг Дамашқ шаҳридаги консуллигига авиазарба йўллади. Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти аъзоси ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида муҳим ҳарбий арбоб, генерал Муҳаммадризо Зоҳидий ҳамда унинг ўринбосари генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳам бор.
Эрон давлат телевидениесига кўра, ҳодиса жойида эронлик бир қанча дипломат ҳам ҳалок бўлган ва яна бир неча киши яраланган.
Эроннинг Суриядаги элчихонаси ҳам консуллик яқинида жойлашган ва Эрон элчисига зиён етмаган.
БМТнинг расмий вакили Стивен Дюжаррик исроилликларнинг Эрон консуллигига берган зарбасидан ташвишга тушганини билдирган.
Эроннинг БМТдаги миссияси Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига берилган зарбасини теракт деб атаган. Исроилнинг бу зарбасига қатъий жавоб қайтариш ҳуқуқини Эрон ўзида қолдиради, деган мамлакатнинг БМТдаги миссияси.
Исроил ҳарбийлари ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.
Ғазодаги вазият
Исроил армияси Ғазо секторидаги «Аш-Шифо» касалхонасини тарк этди. Ҳарбийларнинг 14 кунлик қамалидан сўнг, бу тиббиёт муассасаси тўлиқ вайрона ҳолатга келган. Исроил ҳарбийлари касалхонанинг кўплаб бўлимларини тиббиёт ускуналари билан бирга ёқиб юборишган. «Аш-Шифо» ҳовлисидаги вақтинчалик қабристондан ўликлар чиқариб ташланган.
Ушбу тасвирлардаги Рафиқ исмли болакай «Аш-Шифо» қамалини оч-наҳор ўтказган.
Тиббиёт мажмуаси атрофида Исроил аскарларига қарши кураш олиб бораётган «Иззад-дин ал-Қассам» бригадаси шундай хабар берган:
«Агар Нетаняҳу болаларимизни ўлдириб ва очлик билан қийнаб бизни танлаган йўлимиздан воз кечади, деб ўйлаётган бўлса, унда у чиндан ҳам муваффақиятсизликка учраб, ютқазибди. Биз ўғилларимиз ва оилаларимизнинг қони учун қасос оламиз».
Фаластиндаги келишмовчиликлар
ҲАМАС Ғарбий Соҳилдаги ҳукмрон рақобатчи партия — ФАТҲни Исроил билан ҳамкорликда айблаган. Ҳамасчиларнинг иддаосига кўра, ФАТҲ ўз хавфсизлик хизмати ходимларини Ғазо секторининг шимолий қисмига инсонпарварлик юкларини кузатиб бориш учун жўнатган.
ҲАМАСнинг Ғазо ички ишлар вазирлигидаги юқори мартабали вакилининг сўзларига кўра, операция Фаластин маъмурияти разведкаси раҳбари Мажид Фараж раҳбарлиги остида ўтказилган.
ҲАМАС хабарига кўра, Миср билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали юк машиналари билан кирган гуруҳнинг олти нафар аъзоси ҳибсга олинган, полиция кучлари қолган аъзоларни қидирмоқда.
«Қизил яримой жамияти юк машиналари билан кирган шубҳали кучишлатарлар ўз ҳаракатини тўлиқ Исроил оккупацион кучлари билан мувофиқлаштириб турган», — деган ҲАМАС вакили.
Фаластин маъмурияти вакили бу айбловларни рад этган.
Эрон ҳам терактдан хабардор бўлган
Эрон «Крокус»да воқеаларидан аввал Россияни теракт эҳтимолидан огоҳлантирган, деб хабар беради Reuters.
Россиядаги терактгача бир неча кун аввал Теҳрон Россия ичкарисида йирик террорчилик акти содир этилиши тўғрисидаги ахборотни Москва билан бўлишган. Бу ахборот 3 январ куни Эроннинг Кирмон шаҳрида содир этилган терактга алоқадор шахсларни тергов қилиш жараёнида олинган, деган нашр манбаларидан бири.
Иккинчи манбага кўра, Теҳрон томонидан тақдим этилган маълумотларга вақт ва аниқ нишон борасида муайян тафсилотлар бўлмаган.
Учинчи манба сўзларига кўра, Эрон йиллар оша террорчилик актлари қурбони бўлиб келаётгани боис, форслар ҳибсга олинган террорчилардан олинган маълумотлар асосида Москвани огоҳлантириб қўйиш бўйича ўз мажбуриятини бажарган.
Терактнинг ўнинчи гумондори
Москвадаги Басманний район суди «Крокус»даги теракт иши бўйича ўнинчи айбланувчини судгача қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди.
Тожикистон фуқароси бўлган гумондор Ёқубжон Давлатхон Юсуфзодани тергов ҳужумга билвосита алоқадор деб ҳисобламоқда.
Суд мажлиси ёпиқ режимда ўтган. Тергов маълумотларига кўра, Ёқубжон Юсуфзода терактга алоқадорларнинг бирига террорчилик актини амалга оширганликда гумон қилинаётганлар яшаб туриши учун ўз банк картасидан маблағ ўтказиб берган. Маблағнинг бир қисмини у терактдан бир неча кун аввал, қолган қисмини терактдан сўнг ўтказган. Ёқубжон 25 ёшда, уйланган, уч нафар фарзанди бор. Ушлангунга қадар Москвадаги қурилишлардан бирида ноқонуний меҳнат қилиб келган.
Басманний район суди аввалроқ терактда бевосита иштирок этган тўрт киши, сўнгра уларга автомобил сотган оила аъзолари, теракт гумондорларига квартирасини ижарага берган қирғизистонлик Алишер Қосимов, яна бир гумондор Лутфуллои Назримадни 22 майга қадар судгача қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарганди.
Украинадаги уруш
Россия Украинада уруш бошлаганидан буён энг йирик танк ҳужумини амалга оширмоқчи бўлди ва мағлубиятга учради, деб ёзади Forbes нашри.
Россия армияси 30 март куни 36 та танк ва 12 та пиёдалар жанговар машинаси билан Авдийивка яқинида украинлар позициясини ёриб ўтишга уринган. Жанг Россия томонидан ишғол этилган Донецк областидаги Тоненке қишлоғи ва Украина назорати остида бўлган Уманске аҳоли пункти оралиғида содир бўлган.
Украина қуролли кучларининг 25-бригадаси 48 та жанговар техникадан иборат йирик колоннани пайқаб қолиб, унга зарба берган. Натижада Россия қўшинлари 12 та танки ва саккизта пиёдалар жанговар машинасидан айрилган.
Forbes бундан иккита хулоса чиқарган: Авдийивка учун жангларда кўплаб техникаларидан айрилиб, ғарбга томон юришда пиёдалардан фойдаланаётган Россия яна зирҳли техникадан фойдаланишни бошлаган. Украина армияси эса ўқ-дори етишмовчилигига қарамай, қатъий мудофаани таъминлай олмоқда. Улар миналар, артиллерия, танкларга қарши ракеталар ва дронлардан биргаликда фойдаланиб натижага эришмоқда.
Россия армияси Тоненке қишлоғи яқинида улкан йўқотишларга учраганини россиялик ҳарбий мухбирлар ҳам тасдиқлаган. Улардан бири содир бўлган воқеада қандай қилиб бўлса-да, натижага эришишни мақсад қилган «у қадар саводли бўлмаган қўмондонлик»ни айблаган. «Бош мақсад генераллик рутбаси бўлиб, қолган барча нарса, жумладан, инсонлар ҳаётини асраш кейинги планга ўтиб қолса шундай фалокат содир бўлади», — деб ёзган ҳарбий мухбирлардан бири.
Украина томонига кўра, Россия 2024 йил мартида жангларда 28 мингдан ошиқ аскари ва 5 мингдан зиёд техникасидан айрилган.
«Толибон» Россияда оқланадими?
Россия толибларни террорчилар рўйхатидан чиқаришга тайёрланмоқда.
Россия ҳукумати «Толибон» ҳаракати билан боғлиқ тушунмовчиликларга нуқта қўймоқчи: ҳаракат Россияда террорчилар деб топилган ва тақиқланган, бироқ мамлакат расмий шахслари толибларнинг вакиллари билан жумладан олий даражада фаол алоқа қилишмоқда. Шу боис, ҳукумат «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш ҳақида ўйлаб кўрмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала айни дамда Адлия вазирлиги билан ишлаб чиқилаётганини билдириб, якуний қарорни мамлакат раҳбарияти чиқаришига урғу берган, деб ёзади ТАСС.
Аввалроқ Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов «Толибон» делегацияси 14–19 май кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган «Россия — Ислом дунёси» форумига таклиф этилганини хабар қилганди.
Унинг алоҳида қайд этишича, жангарилар томонидан шакллантирилган ҳукумат Россия билан «аксилтеррорчилик» йўналишида мунтазам ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Россия Олий суди «Толибон» ҳаракатини 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қароридан сўнг террорчилик ташкилоти, деб тан олганди. Шундан сўнг жангарилар 2021 йил августида мамлакатни АҚШ ҳарбийлари тарк этгач, Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олган. Россия президенти Владимир Путин бу борада фикр билдирар экан, толибларни аввал БМТ террорчилар рўйхатидан чиқариши кераклигига шама қилган эди.
Мавзуга оид
16:00
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026