Жаҳон | 13:39 / 03.04.2024
7098
3 дақиқада ўқилади

Киев 1000 кмдан ортиқ масофага учувчи дронлар ишлаб чиқилганини маълум қилди

Рақамли ривожланиш вазирининг сўзларига кўра, Украина узоқ масофага учувчи учувчисиз учоқлар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширган. Йил охиригача сунъий интеллектга эга дронларнинг биринчи прототиплари пайдо бўлиши кутилмоқда.

Фото: Efrem Lukatsky/AP/picture alliance

Украина рақамли трансформация вазири Михаил Федоров 2 апрел, сешанба куни Die Welt газетасига берган интервюсида мамлакат қуролли кучлари арсеналида 1000 километрдан ортиқ масофани босиб ўта оладиган дрон моделлари борлигини айтди. «Ишлатилаётган дронларнинг аксарияти 700 кмдан 1000 кмгача парвоз масофасига эга. Лекин ҳозирда 1000 кмдан ортиқ масофага уча оладиган моделлар ҳам мавжуд», - деди вазир ва Украинанинг яқинда Россия нефтни қайта ишлаш заводларига қилган ҳужумларида 1000 кмгача бўлган масофадаги объектларга зарба бериш қобилиятига эга УУАлар қўлланганини таъкидлади.

Федоровнинг айтишича, Украина 2024 йилда узоқ масофага учувчи учувчисиз учоқлар ишлаб чиқаришни ўтган йилга нисбатан ўн баробар оширади. «Бугунги кунда бизда бундай дронларни ишлаб чиқарувчи кўплаб компаниялар мавжуд ва уларнинг ишлаб чиқариши ортиб бормоқда», - дея қўшимча қилди у. Бундан ташқари, Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари 2024 йил охиригача сунъий интеллектга эга дронларнинг биринчи прототиплари фронтда УҚК ихтиёрида пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. 

Украина билан чегарадан 1000 км узоқликдаги ҳужумлар

2 апрел куни эрталаб Елабуга ва Нижнекамскдаги корхоналарга учувчисиз учоқ ҳужуми оқибатида камида етти киши жабрланди. РБК-Украина агентлиги маълумотларига кўра, Татаристон Республикасидаги ҳужум нишони Россияда «Герань-2» белгиси остида ишлаб чиқарилган Эроннинг «Шаҳед» камикадзе дронларини йиғиш заводи бўлган. Операция Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси («ГУР») томонидан амалга оширилди. Агентликка Украина махсус хизматларидаги манбанинг айтишича, зарба натижасида ишлаб чиқариш қувватлари сезиларли даражада вайрон бўлган. 

«Алабуга» махсус иқтисодий зонаси Украина билан чегарадан 1000 кмдан ортиқ масофада жойлашган. Дронлар ишлаб чиқариш заводидан ташқари, унинг ҳудудида «Элаз-Нефтепродукт» нефтни қайта ишлаш заводи, шунингдек, корхона ходимлари учун ётоқхоналар ҳам жойлашган. Россия матбуотига кўра, зарбалар UJ-22 Airborne учоқлари томонидан амалга оширилган. Ушбу дрон қанотлари узунлиги 4,6 м бўлиб, камида 20 кг портловчи моддаларни олиб юриши мумкин. Уларнинг максимал парвоз масофаси 800 км экани аввал хабар қилинган эди. 

Февраль ва март ойларида Украина ҳарбийлари РФ ғарбий қисмида жойлашган Россия нефтни қайта ишлаш заводларига камида 13 та ҳужум уюштирган. DW ҳисоб-китобларига кўра, РФ армиясининг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Россия энергетика объектларига камида 37 марта ҳужум қилинган ва 80 фоиз ҳолларда жанговар дронлар ўз мақсадига эришган. Россия инфратузилмасига етказилган зарар шундай бўлдики, бунда Россия нефтни қайта ишлаш заводлари қувватларининг катта қисми фавқулодда тўхташ режимига ўтказилди, РФ ҳукумати эса бензин экспортини тақиқлади. 

Мавзуга оид