Жаҳон | 20:28 / 09.04.2024
7597
2 дақиқада ўқилади

Россия одамларни Харкив ва минтақадан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда – Зеленский

Украина раҳбари шаҳарлар ва фуқароларни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилиш кераклигини таъкидлади. 

Украина президенти Володимир Зеленский Россия ҳужумлар орқали одамларни Харкив ва минтақадан мажбуран сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. 

Бу ҳақда давлат раҳбари украиналикларга мурожаатида айтиб ўтди. Президент Харкив вилоятидаги истеҳкомлар қурилиши билан танишганини таъкидлади. 

«Бу йўналишни мустаҳкамлаш жуда муҳим. Россиялик террорчилар Харкив вилояти кучайиб бораётганини кўриши керак», деди Зеленский. 

Президент айтганидек, у Россия ҳужумларидан кейин минтақани ҳимоя қилиш ва нормал ҳаётни тиклаш учун масъул бўлган барча масъуллар билан учрашув ўтказди. 

«Мен Харкив аҳолиси билан фахрланаман! Шу ҳафталарда Харкив ва минтақани кўпроқ электр энергияси билан таъминлаш, Россия ҳужумларидан кўпроқ ҳимоя қилиш учун меҳнат қилган ҳар бир кишидан миннатдорман. Улар электр иншоотларини ҳимоя қилиш, тармоқларни тиклаш бўйича ҳисобот беришди. Ҳозир электр тақчиллигини камайтириш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда», деди у. 

«Россиянинг мақсади аниқ, улар одамларни Харкивдан, минтақадан сиқиб чиқариш учун ҳамма нарсани қилмоқчи. Путин қўл теккизган ҳамма нарса харобага айланмоқда. Биз иложи борича шаҳарларимиз ва фуқароларимизни ундан ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деб таъкидлади Зеленский. 

Зеленский шунингдек, рус босқинчилари Украина ўзини ҳимоя қилишга тайёрлигини ва мустаҳкам истеҳкомлар қураётганини кўриши кераклигини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид