Жаҳон | 11:27 / 10.04.2024
2280
3 дақиқада ўқилади

Киев Россияни 2022 йилдан бери 54 ҳарбий асирни ўлдирганликда айбламоқда

Украинада россиялик ҳарбий хизматчиларга нисбатан украиналик маҳбусларни ўлдириш ҳолати учун 27 та жиноий иш қўзғатилди. Умуман олганда, Киев 54 та шундай ҳолатдан хабардор.

Фото: Sergei Malgavko/TASS/dpa/picture alliance

Украина тергов органларига кенг миқёсли ҳужум бошланганидан бери украиналик ҳарбий асирларнинг рус аскарлари томонидан қатл этилгани бўйича 54 та ҳолат маълум. Бу ҳақда 9 апрел, сешанба куни «Суспільне» телеканалида прокуратуранинг қуролли можаро пайтида содир этилган жиноятларга қарши кураш бўлими бошлиғи Юрий Белоусов маълум қилди. Унинг таъкидлашича, 2022 йил март ойидан буён ушбу турдаги жиноятлар бўйича жами 27 та жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган якшанба, 7 апрел куни ижтимоий тармоқларда тарқалган украиналик ҳарбий асирларнинг қатл этилиши акс этган видеони изоҳлар экан, Белоусов, дастлабки маълумотларга кўра, бу жиноят Херсон вилояти эгаллаб олинган қисмидаги Кринки қишлоғи яқинида содир бўлганини, бироқ тафсилотлар текширилаётганини таъкидлади. 

Украина Олий радасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец аввалроқ ушбу воқеа муносабати билан БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига халқаро гуманитар қонунлар бузилганлигини қайд этиш талаби билан мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эди. 

«Бу битта ҳодиса эмас, балки РФ сиёсатининг далилидир» 

Белоусов, шунингдек, «бу алоҳида ҳодиса эмас, балки Россия сиёсатининг далили», деб қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий суди аллақачон Черниҳив вилоятида украиналик ҳарбийнинг ўлдирилиши бўйича суд ҳукмини чиқарган, бироқ кўп ҳолларда терговга украиналик терговчиларнинг воқеа содир бўлган жойга бориш имкони йўқлиги тўсқинлик қилмоқда. 

2023 йил декабр ойи бошидан феврал ойи охиригача БМТга камида 32 украиналик ҳарбий асир отиб ташланган 12 та ҳодиса ҳақида хабар келди. БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси (УИҲММ) ҳисоботига кўра, БМТ кузатувчилари учта ҳолатни тасдиқлашга муваффақ бўлди. Унда украиналик ҳарбий асирларнинг ўлдирилиши ҳақидаги ишончли хабарлар сони кескин ошгани айтилади. Шу билан бирга, 2022 йил ва 2023 йил бошида 25 нафар россиялик ҳарбий асирнинг Украина ҳарбий хизматчилари томонидан қатл этилиши ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Мавзуга оид