Жаҳон | 09:33 / 16.04.2024
2657
3 дақиқада ўқилади

Гуржистонда - «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши акцияларда қўлга  олишлар

Тбилисида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги» тўғрисидаги қонунга қарши намойишчилар «жамоат тартибини бузди ва полицияга қаршилик кўрсатди», дея маълум қилди Гуржистон Ички ишлар вазирлиги.

Фото: Shakh Aivazov/AP/dpa/picture alliance

Гуржистонда Тбилисидаги парламент биноси яқинидаги Руставели шоҳкўчасида бўлиб ўтган «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойишда 14 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Гуржистон Ички ишлар вазирлигининг 15 апрел, душанба куни кечқурун чоп этилган хабарида айтилади. 

Вазирлик маълумотларига кўра, намойишчилар «йиғилишлар ва сўз эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини» ҳурмат қилмаган, «жамоат тартибини бузган, қаршилик кўрсатган ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини ҳақорат қилган». «Намойишчиларнинг зўравонликлари натижасида ички ишларнинг бир ходими тан жароҳати олди, унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди», — дейилади Гуржистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида

Гуржистоннинг Ambebi интернет нашри ёзишича, 15 апрел куни қонун лойиҳасига норозилик билдириш учун Руставели шоҳкўчасига чиққан фуқаролар парламент биноси атрофида юриш уюштиришга уринган, бироқ полиция уларга тўсқинлик қилган. Акция жойида махсус кучлар ва сув пуркайдиган машина бўлгани кўрсатилган. 

Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

Гуржистонда мунозарали «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшашидир. Апрел ойи бошида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси бир йил аввал Тбилисида ўн минглаб одамлар иштирокидаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг қайтариб олинган қонун лойиҳасининг ўзгартирилган вариантини яна овозга қўйиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. 

Ҳужжатга кўра, маблағнинг камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотлар тегишли органларда рўйхатдан ўтиши шарт. Агар қонуннинг дастлабки таҳририда бундай ташкилотлар «чет эл агентлари» деб таснифланган бўлса, ҳозирги лойиҳада гап «чет эл давлати манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар» ҳақида кетмоқда.

Civil.ge порталининг хабар беришича, «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Гуржистон парламентининг ҳуқуқ қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланган. 

Мавзуга оид