Жаҳон | 21:24 / 18.04.2024
12256
3 дақиқада ўқилади

Россия Украинанинг иссиқлик энергетикасини деярли тўлиқ яксон қилди — Зеленский

Россиянинг ракета зарбалари оқибатида Украина иссиқлик орқали электр генерация қилувчи деярли барча объектларини йўқотиб бўлди. Бу ҳақда 17 апрел куни Украина президенти Володимир Зеленский Европа кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

“Россия бизнинг иссиқлик электр генерациямизни деярли тўлиқ йўқ қилиб бўлди”, – деди ЕК йиғилишида онлайн қатнашган Зеленский

Унинг сўзларига кўра, дамбалар ва ГЭСлар, шунингдек, газ инфратузилмаси ҳам Россия зарбалари остида қолмоқда.

“Қолаверса, кўриб турибмизки, Россия радиациявий шантаждан воз кечмаяпти, хусусан, Запорижжя атом станцияси билан ёввойиларча ўйнашишда давом этяпти. Биз бошқа атом станциялари ва тақсимлаш тармоқлари ҳам Россия террори таҳдиди остида эканини истисно қилмаймиз.

Буни фақат сизлардаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари – Patriot, IRIS-T, SAMP/T, NASAMS орқалигина тўхтатиш мумкин. Улар бизга ҳозироқ керак. Токи Путин террористик методларга умид боғлаш одатидан маҳрум бўлсин. Қолаверса, бу сизнинг ҳам хавфсизлигингиз учун керак”, – деди Украина президенти.

Володимир Зеленский мамлакат армиясига артиллерия снарядлари, техникалар ва дронлар ҳам етишмаётганини айтди.

“Ҳаммаси фронтни ушлаб туриш учун. Ҳозир Россия армияси ўзини ҳарбий жиҳатдан ҳар томонлама кучли ҳис қиляпти. Айни шу устунлик – артиллериялар, техникалар, ҳавода ҳаракатланиш имкониятлари туфайли улар бизга фронтда босим ўтказишяпти ва секин-аста силжишяпти. Путин ҳозир қарши ҳужумни муваффақиятли уддалашига умид қиляпти ва бу умиднинг ягона илдизи – бизнинг қўшинларимиздаги қурол-яроғ етишмовчилигидир”, – деди у.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украинлар етакчиси қўшимча Patriot тизимлари ва ҲҲМ учун ракеталар етказиб бериш бўйича тезкор қарор қабул қилгани учун Германия бош вазири Олаф Шолцга миннатдорчилик билдирди. “Олаф, бундай тезкорлик учун сендан миннатдорман”, – деди у.

Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел ЕИ Украинага ҳарбий ёрдамни оширишини маълум қилди. “Бизга кўп сўзлар керак эмас, бизга кўпроқ ҳарбий техника керак – уларга керак!” – деди у йиғилишдан кейин журналистлар билан суҳбатда. Шарл Мишелнинг сўзларига кўра, Киевга янги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб бериш “ойлар эмас, балки кунлар ва ҳафталар масаласидир”.

  • Россия қўшинлари баҳорнинг бошидан буён яна Украинанинг энергетика тизимларига ҳужумлар қила бошлади. Хусусан, Харкив областидаги Змиевск ИЭСга жиддий зарар етказилди, кейинчалик Киев ва бошқа областларга электр энергияси етказиб берувчи энг йирик станция – Триполская ИЭС яксон қилинди. Зеленский бунга изоҳ бераркан, Украинада Россия ҳужумларини қайтариш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа снарядлари қолмаганини айтди.

Мавзуга оид