Володимир Зеленский Американинг PBS телекомпаниясига берган интервюсида Украина қуролли кучларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар тугаб қолгани туфайли россиялик ҳарбийлар Киев яқинидаги Триполская иссиқлик электр станциясини йўқ қилишга муваффақ бўлганини айтди. Украинлар президентининг сўзларига кўра, бу АҚШ Конгресси имкон қадар тез фурсатда Киевга навбатдаги ёрдам пакетини маъқуллаши кераклигини кўрсатувчи мисоллардан биридир.
Зеленский PBS журналисти билан АҚШ Конгресси спикери Майк Жонсоннинг Киевга Америка ёрдами бўйича ўз режасини эълон қилиши ортидан гаплашди.
Америка нашрлари маълумотига кўра, Жонсон Украина, Исроил ва Тайван хавфсизлигини молиялаштириш тўғрисидаги қонунни тўртта турли лойиҳаларга ажратишни таклиф қилмоқда. Нуфузли The Hill нашри суҳбатдошлари айтишича, режа тўртта қонун лойиҳасини битта процедура нормаси орқали ўтказиш имконига эга бўлишни назарда тутади.
Конгрессменлардан бирининг сўзларига кўра, миллий хавфсизлик билан боғлиқ тўртинчи қонун лойиҳаси TikTok ижтимоий тармоғини блоклаш, шунингдек россиялик олигархлардан мусодара қилинган активларни Украина фойдасига сотиш тўғрисидаги бандни ўз ичига олади.
АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайван учун жами 95 млрд долларлик (шундан 60 млрд доллар Украинага аталган) ёрдам пакетни феврал ойидаёқ маъқуллаганди.
Аммо Доналд Трампнинг Конгрессдаги тарафдорлари ва улар томонидан тайинланган спикер Жонсон бу қонунни қўллашдан бош тортди ва Украинага ёрдам ажратилишини Мексика чегараси орқали амалга ошириладиган миграцияни тақиқлаш ҳамда суюлтирилган газ экспортини лицензиялаш эвазига маъқуллашларини билдиришди. Яқинда улар яна бир шарт қўйишганди — ёрдамнинг бир қисмини кредит сифатида расмийлаштиришни.
«Бу шармандалик». Зеленский Конгрессдаги баҳслар ҳақида
Ўтган йил декабридан буён Америкадан Украинага мунтазам ёрдам етказиб берилмаяпти. Март ойида Пентагон Украина қуролли кучларига 300 млн долларлик кичик пакет жўнатган (бу ёрдам олдинги шартномаларни бажариш чоғида тежалган маблағлар ҳисобидан шакллантирилган), аммо америкалик расмийлар ҳам, украиналик расмийлар ҳам бу етарли эмаслигини айтишган.



















