Жаҳон | 13:00 / 20.04.2024
13197
8 дақиқада ўқилади

Бир-бирини аяётган Эрон ва Исроил, Ғарбдан Украинага ёрдам ва аҳолиси камаяётган Россия — кун дайжести

Дунёда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз.

Эроннинг ҳужумга реакцияси

Эрон кенг кўламли минтақавий можарога киришишга тайёр эмаслиги аён бўлмоқда.

Жума куни эрта тонгда Исроил Эронга жавоб зарбасини йўллади. Эрон оммавий ахборот воситалари ва расмий шахслари арзимаган портлашлар юз берганини тилга олиб, улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эроннинг марказий қисмида жойлашган Исфаҳон шаҳри узра дронларни уриб туширганини таъкидлашган. Эрон ҳукумати бу воқеани Исроилнинг эмас, «диверсант»ларнинг ҳужуми деб атаган, бу эса жавоб қайтариш ва келгусида можаро янада авж олиш заруриятини соқит қилади.

Хўш, Теҳрон воқеанинг аҳамиятини пасайтирдими? Шубҳасиз. Аэропортлар иши тезда тикланган, Эрон оммавий ахборот воситалари эса ҳеч қандай хавф йўқлигини тушунтира бошлаган. Жума куни мамлакат бўйлаб хизмат сафарига чиққан Эрон президенти Иброҳим Раисий умуман ҳужумни тилга олмаган.

Аввалроқ Эрон Исроилнинг зарбасига «максимал даражада» жавоб қайтарилиши ҳақида баёнот берган эди. Лекин, афтидан, Теҳрон айни пайтда минтақавий урушнинг олдини олиш йўлини танлаган ёки қўшниларнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари иш берган.

Украинага ёрдам

НАТО давлатлари мудофаа вазирлари Украинага кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришга рози бўлишди. Алянс бош котиби Йенс Столтенберг тез орада ёрдам миқдори анонс қилинишини билдирди.

Столтенбергга кўра, ёрдам аллақачон йўлга чиққан. Шунингдек, Украинанинг бошқа эҳтиёжлари ҳам бор, айниқса 155 ммлик снарядларда.

Германия Мудофаа вазирлиги Украинага Patriot тизимини етказиб беришга рози бўлган. Бундан ташқари, украинларга бошқа мудофаа воситалари ҳам етказилади.

«Иттифоқчилар ўз захираларига чуқурроқ қараб, у ердан снарядларни олиб чиқишлари керак. Украинага ёрдам бериш хайрия эмас, бизнинг хавфсизлигимизга инвестиция», — деган Столтенберг.

Дарвоқе, бугун АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага ёрдамни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Агар қонун қабул қилинса Украинага узоқ кутилган 61 млрд доллар ажратилади.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Билл Бёрнс агар Украинага ҳарбий ёрдам жўнатилмаса 2024 йилнинг сўнгига бориб Украина урушда ютқазишини таъкидлаган.

«Ҳарбий ёрдам амалий, ҳам психологик қўллаб-қувватлашни билдиради», — деган Бёрнс.

Лавров Украина ҳақида

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинадаги вазият бўйича чиқиш қилди. «Тинчлик бўйича музокаралар бошланган тақдирда ҳам Россия ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмайди», — деган Лавров.

Уруш аввалида муҳокама қилинган Истанбул келишувига кўра, Украинага НАТОнинг (ҳужум юз берган чоғда аъзо мамлакатни коллектив мудофаа қилиш тўғрисидаги) 5-моддаси қўлланишига рози бўлинган, фақат Қрим ва Донбассдан ташқари. Агар бу ҳудудларга ҳужум уюштирилса, аввалги келишувлар бекор бўлиши керак бўлган.

«Душман биз томон зарба бераётган чизиқни нарига суриш керак. Харкив бу ерда катта рол ўйнамоқда», — деган Лавров.

Лавровга кўра, эндиги реаллик бошқача ва Россия тўртта асл ҳудудларини ўзига қайтарган.

Истанбул келишувига кўра, Украинада учинчи давлатларнинг ҳеч қандай ҳарбий базалари бўлмаслиги, улар билан ҳарбий машғулотлар ўтказмаслиги шарт эди. Фақат кафил давлатлар, жумладан, Россия ва Хитойнинг розилиги олинган ҳолатлардан ташқари.

«Биз бугун Украинадаги махсус ҳарбий амалиёт давом эттирилиши кераклигига тўлиқ ишончимиз комил. Украинага ҳеч қандай ишонч йўқ», — деган Лавров.

Украина электр нархини оширмоқчи

Украинада ҳам электр энергияси нархини ошириш таклиф этилди. Лекин ҳаммага эмас.

Халқ депутати Олексий Кучеренкога кўра, 1 киловатт-соат электр энергиясининг нархи 3,5 гривнага оширилиши керак. Бу сўмга чақилганида 1117 сўм бўлади.

Унинг сўзларига кўра, кам таъминланган оилалар учун ойлик истеъмол 150 киловатт-соатгача чекланиши ва бу миқдор учун нарх оширилмаслиги керак. Бу лимитдан юқори истеъмол қилганлар киловатт-соатига 3,5 гривнадан пул тўлаши керак.

Депутатнинг айтишича, агар электр энергияси тарифи оширилмаса, маблағлар армия, тиббиёт ва таълим ҳисобидан дотация қилинишига тўғри келади.

Украинада 2023 йилнинг 1 июнида сўнгги марта аҳоли учун электр энергияси тарифи оширилган ва 2,64 гривна (842 сўм) миқдорида белгиланган эди.

Озарбойжон ва Арманистон келишуви

Озарбойжон ва Арманистон илк бор ўртадаги чегаранинг бир қисми қандай ўтишини келишиб олди. Томонлар тўртта аҳоли пункти ўртасида «чегара чизиғининг алоҳида участкаларини ўтказиш тўғрисида бир қарорга келди» ва бу участкаларни «Совет Иттифоқи парчаланган пайтдаги чегарага» мослаштиришга эришди», — дейилади 19 апрель жума куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида. Озарбойжон томони ҳам буни тасдиқлаган.

Ереван 1990-йилларнинг бошидан бери назорат қилиб келаётган тўртта қишлоқни Озарбойжон назоратига ўтказади.

Томонлар Бағанис Айрим, Юқори Аскипара, Хейримли, Қизил Ҳожили аҳоли пунктлари ўртасида «чегара чизиғининг алоҳида участкаларини ўтказиш тўғрисида» келишиб олган.

 «Ушбу жараёнда Арманистон Республикаси чегарани делимитация қилиш ва хавфсизлик билан боғлиқ хавф-хатарларнинг камайишига эришади», — дейилади Арманистон бош вазири девони изоҳида.

Боку ва Ереван яқин келажакда қўшинларни келишилган участкалардан ва у ердаги станция чегара хизматларидан олиб чиқишга, шунингдек, «чегаранинг бошқа барча участкаларини, шу жумладан анклав ва эксклавлар масалалари бўйича делимитация қилишнинг устуворлигини келишиб олиш ва давом эттиришга келишиб олган».

Россия аҳолиси қисқариб бормоқда

Росстат маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-феврал ойларида Россия аҳолиси қарийб 130 минг кишига қисқарган. Бунга асосий сабаб ўлим даражасининг туғилиш даражасидан юқори эканлиги. Гарчи январ-феврал ойларида кўп йиллардан буён илк марта туғилиш даражаси 1 фоизга кўтарилиб, 201 минг чақалоқни ташкил этган бўлса-да, ўлим даражаси ҳам кескин ошган ва 10 фоизга кўтарилган ва 331 минг кишини ташкил этган.

Натижада ўтган ойнинг шу даврига нисбатан таққосланганда табиий камайиш кўрсаткичи 27 фоизга ошган ва 27,8 минг кишини ташкил этган. Мамлакатда табиий камайишнинг ўртача тезлиги кунига 2,1 минг кишига етмоқда.

Россияда табиий камайиш даражасини расмий статистика 9 йилдан буён кетма-кет қайд этмоқда. Ўтган 2023 йилда ўлимлар сони туғилиш сонидан 500 мингга кўпроқ бўлган. Covid-19 пандемияси оқибатларидан кейинги 2021 йилда рекорд ўрнатилган эди ва Россиянинг замонавий тарихида илк марта камайиш 1,04 миллион кишини ташкил этганди.

2016–2023 йилларда Россия табиий камайиш натижасида 3,5 миллион одамидан айрилган — бу Тула ва Белгород областларининг биргаликдаги аҳолиси сонига тенг.

Росстат демографик прогнозига кўра, бу жараён яқин ўн йилликларда давом этади. Идора баҳолашига кўра, 2023–2046 йиллар орасида Россияда ўлимнинг туғилишдан юқорилиги натижасида аҳоли сони 12,7 миллионга қисқаради. 2024 йилда табиий камайиш 675,1 минг, 2025 йилда 693,2 мингни ташкил этади, 2026–2027 йилларда бу кўрсаткич 700 мингдан ошади. 2030 йилга бориб секинлашиш юз беради ва 652 мингни ташкил этади, 2035 йилда 532 мингни, 2040-йилларнинг ўрталарига бориб йилига 400 минг аҳоли қисқаради.

Мавзуга оид