Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг «ажойиб келишуви» ва Мексикада бошланган футбол байрами – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон музокаралари
Пайшанба куни президент Доналд Трамп АҚШ ва Эрон шу ҳафта охиридаёқ тинчлик битими имзолаши мумкинлигини айтди. Агар ушбу келишув тасдиқланса, у минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган уч ойлик урушга чек қўйиши мумкин.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийга кўра, музокаралар олиб борилаётган матннинг катта қисми якунланган. Бироқ Эрон ўзининг «қизил чизиқлари» масаласида ён босмайди.
«Биз бу масала бўйича якуний хулосага келганимиз йўқ. Бу ҳозирда тегишли қарор қабул қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилаётган жуда муҳим масаладир», дея Эрон ОАВлари унинг сўзларини келтирди.
Трамп эса Оқ уйда журналистларга «Биз ҳозиргина Эрон билан урушни тугатиш бўйича ажойиб келишувга эришдик», деди.
«Биз ҳужжатни имзолашимиз биланоқ бўғоз расман очилади. Бу жуда тез орада, эҳтимол шу ҳафта охирида Европада содир бўлиши мумкин», деди Трамп. Ҳужжатга АҚШ номидан вице-президент Ж.Д. Вэнс имзо қўйиши мумкин.
АҚШ етакчисига кўра, имзоланиши кутилаётган бу келишув — «бир оз концептуал характерга эга бўлган жуда мустаҳкам ўзаро тушуниш меморандуми»дир. Кейинроқ Трамп бошқа тадбирда «Энг муҳими, Эронда ядровий қурол бўлмайди. Бу унинг ишлаб чиқилмаслиги ва сотиб олинмаслигини англатади», деди.
Трамп ижтимоий тармоқларда ушбу келишув Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва БАА каби давлатлар томонидан маъқулланганини ёзди. Аммо бош вазир Бенямин Нетаняҳу идораси — Исроил Эрон билан тузилган ўзаро тушуниш меморандумида томонлардан бири эмаслигини билдирди.
Трампнинг ушбу баёноти у Эронга режалаштирилган ҳарбий зарбаларни бекор қилганидан кейин янгради. Пайшанба куни эртароқ Трамп ҳатто АҚШ «жуда кучли зарба» бериши ва якунда Эроннинг Харг оролини назоратга олмоқчи эканини айтганди.
Аслида март ойи ўрталаридан бошлаб Трамп Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишув яқин эканини таъкидлаб келмоқда. Бироқ жорий ҳафтада ҳар икки томон бир-бирига зарбалар берди ва бу мавжуд оташкесим режимини хавф остига қўйди.
Жаҳон чемпионати бошланди
11 июн куни Мексика пойтахтидаги «Estadio Azteca» стадионида футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Биринчи ўйинда мезбон Мексика Жанубий Африка устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
48 та жамоа иштирокида 104 та ўйиндан иборат ушбу Жаҳон чемпионати — тарихда энг қиммат ва энг кўп жамоа қатнашаётган турнир сифатида ёдда қоладиган бўлди.
Бу сафарги спорт байрами — чипталар нархи ва турнирнинг кенгайтирилиши, Эрон миллий жамоасининг АҚШда камситилиши, Қўшма Штатлар иммиграция органларининг сомалилик ҳакамнинг мамлакатга киритилмагани ортидан танқидларга сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, АҚШ — дунёнинг кўплаб давлатлари фуқаролари учун, гарчи ўйинга кириш чипталари бўлса-да, визаларни рад этди.
Мексикадаги намойишлар ва жиноятчилик даражаси ҳам мухлисларни хавотирга солмоқда.
Трампнинг яқин дўсти — ФИФА президенти Жанни Инфантино эса очилиш ўйини олдидан кўплаб муаммоларга қарамай оптимистик кайфиятда.
Айтганча, бу сафар Ўзбекистон ҳам илк марта Жаҳон чемпионатида қатнашмоқда. Миллий жамоамиз иштирокидаги илк ўйин 18 июн куни Колумбияга қарши ўтказилади. Юртдошларимизга омад тилаймиз.
Украина Қримга олиб борувчи йўлларни нишонга олмоқда
Украина кучлари Россия назорати остидаги Херсон вилоятидан Қримга олиб борувчи кўприкларга тинимсиз зарбалар бермоқда. Хусусан, Украина дронлари пайшанба куни Мирное ҳудудидаги Шимолий Қрим канали орқали ўтган кўприкка, Перекоп — Армянск йўналишидаги автомобил кўпригига, Ставки аҳоли пунктидаги кўприкка зарбалар берган.
Москва томонидан тайинланган Херсон вилояти «губернатори» Владимир Сальдо иншоотларга зарар етказилганини тасдиқлади. «Мутахассислар текширув ўтказмоқда ва конструкцияларнинг ҳолатига аниқлик киритмоқда», деб ёзди губернатор.
Салдонинг таъкидлашича, Херсон вилоятидаги ҳаво мудофааси кучлари 11 июнга ўтар кечаси 45 та дронни йўқ қилган. Унинг тахминича, Украина бор зарбаларини – минтақанинг транспорт инфратузилмасига қаратишга уринмоқда.
10 июн куни ҳам Херсондан Қримга олиб борувчи бир нечта кўприклар шикастланган ва ёпиб қўйилганди. Таҳлилчиларга кўра, ушбу йўлларнинг ёпилиши ва кўприкдаги муаммолар Россия қўшинлари логистикасини сезиларли даражада қийинлаштирмоқда.
«Кримский ветер» ўзига келган хабарларга таяниб, «яриморолга қуруқликдан кириш йўлларида бутун кўприк қолмаганга ўхшайди», дея қайд этди.
Бундан ташқари, Украина дронлари Россиянинг турли минтақаларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар бермоқда. Бу эса ўз навбатида йўллари ёпилаётган Қримда бензин тақчиллиги муаммосини бошлади.
Канада ҳам ижтимоий тармоқлар ва AIʼни чеклаяпти
Канада ҳукумати 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи рақамли хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Ҳукумат мулозими сўзларига кўра, қонун лойиҳаси сунъий интеллект чатботларини ҳам хавфсизроқ қилишни мақсад қилган.
Қоидаларга риоя қилмаган компаниялар глобал даромадларининг 3 фоизи миқдорида ёки 7,2 миллион доллар жаримага тортилади.
«Ижтимоий тармоқ платформалари ва сунъий интеллект чатботлари — болалик даврининг соғлом ривожланишини қўллаб-қувватламайди, аксинча, кўплаб ёшлар учун хавотир, яккаланиш, депрессия ва бошқа қатор руҳий саломатлик муаммолари манбаига айланди», деди Канада ўзига хослик ва маданияти вазири Марк Миллер.
«Ушбу қонунчилик ёш канадаликларга ўзаро жонли мулоқот қилиш, дўстлар орттириш, мактабда бор эътиборини дарсга қаратиш ҳамда ҳаётий кўникмаларни ўрганишга имкон беради», дея қўшимча қилди вазир.
Қонун лойиҳасининг парламентга тақдим этилиши – оммавий отишмада жабрланган оилалар OpenAI компаниясини судга берганидан кейин юз берди. Даъвода айтилишича, OpenAI компанияси — қотил ҳужумни ChatGPT'да режалаштираётганини билган, бироқ полицияни огоҳлантирмаган.
Ўтган йили Австралия 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган дунёдаги биринчи мамлакат бўлган эди. Франция, Дания, Полша ва Греция ҳам болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш қоидаларини кучайтиришни кўриб чиқмоқда.
Экспертларга кўра, Канаданинг ушбу таклифи СИни ҳам қамраб олгани учун Австралия қонунидан кўра кенг қамровлироқ бўлади.
Британия мудофаа вазири истеъфога чиқди
11 июн куни кутилмаганда Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили истеъфога чиқишини эълон қилди. Ҳили бош вазир Кир Стармер ҳамда молия вазирлигини мудофаа учун зарур маблағ ажратишни рад этганликда айблади.
Ўз партияси ичидаги босимни бошдан кечираётган Стармер учун шу пайтгача содиқ ҳисобланган вазирнинг кетиши навбатдаги зарба бўлди.
«Молия вазирлиги таҳдидлар кучайиб бораётган бир даврда миллатга мамлакат мудофааси учун зарур бўлган маблағни тақдим этишга тайёр эмас эди», деб ёзди собиқ вазир.
Жон Хили сўзларига кўра, жорий эҳтиёжларга жавоб берадиган бюджетсиз «қуролли кучларнинг жанговар шайлигига путур етказадиган, шахсий таркиб учун хавфни оширадиган қарорларни қабул қилишга мажбур бўларди». Шу сабабли у кетишни танлаган.
Британия ОАВлари бир неча ҳафтадан бери ҳукуматда мудофаа харажатлари бўйича баҳслар кучайиб бораётганини хабар бермоқда. Яқин ўн йилга мўлжалланган мудофаа инвестициялари режасини тасдиқлаш бир неча ойдан бери ортга сурилмоқда. Бу эса Британия бизнесининг норозилигига сабаб бўлмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, бюджетнинг эълон қилиниши энди келаси ҳафтада кутилмоқда.
Стармер мудофаа харажатларини 2027 йилдан бошлаб ЯИМнинг 2,5 фоизигача, кейинги парламент муддатида эса 3 фоизгача оширишга ваъда берганди.
Мавзуга оид
16:14 / 11.06.2026
Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тикланяпти, Покистон яна қўшнисини бомбалади – кун дайжести
14:23 / 10.06.2026
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
15:29 / 09.06.2026
Европанинг йирик мудофаа лойиҳаси барбод бўлди, Си Шимолий Кореяга келди – кун дайжести
15:05 / 08.06.2026