Жаҳон | 15:24 / 22.04.2024
6979
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҳарбий разведкаси бошлиғи Аарон Ҳалива истеъфога чиқди

Аарон Ҳалива ҳарбийлар 7 октябр куни Исроилга ҲАМАС ҳужумининг олдини ололмагани учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. 

Фото: Исроил мудофаа кучлари

Исроил Мудофаа кучлари ҳарбий разведка бошқармаси бошлиғи Аарон Ҳалива истеъфога чиқди, деб хабар бермоқда Reuters Исроил ҳарбийларининг 22 апрел, душанба куни эрталаб эълон қилинган баёнотига таяниб.

Ўтган йили Халива ҳарбийлар Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи 7 октябр куни Исроилга ҳужумига тўсқинлик қилмагани учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. «Биз энг муҳим вазифамизни бажара олмадик ва мен, ҳарбий разведка бошлиғи сифатида, муваффақиятсизлик учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамга оламан», деди у. 

Исроил Бош хавфсизлик хизмати - «Шабак» («Шин Бет») раҳбари Ронен Бар ҳам 7 октябрдаги муваффақиятсизлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Унинг Ғазо секторидаги Исроил ҳарбий амалиёти якунида истеъфога чиқиши кутилмоқда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид