Ўзбекистон | 21:19 / 23.04.2024
7020
5 дақиқада ўқилади

23 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Британия вазирининг Ўзбекистонга ташрифи, ҳайдовчилар учун янгилик, жазоланган жиззахлик ўқувчилар, Бойсундаги фожиа ва Озарбойжонда ўзбекистонликлар томонидан барпо этиладиган анорзорлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Ҳайдовчилар учун яхши янгилик

Қоидабузарлик қайд этгани тўғрисида фото ва видео-радар маълумотлари 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсига юборилиши лозим, ЙПХ инспектори эса 15 кун ичида жаримага тортиш тўғрисида қарор чиқармаса, ҳайдовчи жаримага тортилмайди. Ишни кўриб чиқиш тугатилади.

Бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бугун биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Бундан ташқари, скутер, мопед, велосипед ҳайдовчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан хизматга шошилиш асносида содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда 

Бойсунда машъум автоҳалокат рўй берди

Бойсун туманининг Паданг қишлоғида ичида 9 киши бўлган Damas машинаси жарликка тушиб кетган, уч она ва уларнинг болалари ҳалок бўлган.

Damas йўловчилари тоғга дам олишга боргани маълум қилинмоқда. Уларни олиб кетаётган Damas машинаси ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши оқибатида жарликка тушиб кетган.

Фалокат оқибатида 6 киши – 3 аёл ва уларнинг бир нафардан фарзанди воқеа жойида вафот этган. Ҳалок бўлган болаларнинг биттаси 14 ёшли йигит, иккитаси эса 8 ва 9 ёшли қизлар.

Яна уч киши — икки аёл ва бир эркак оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи қандай эканлиги маълум эмас. 

Жиззахда 1-синф ўқувчилари жазоланди

Жиззахда ўқитувчи дарс тайёрламай келган 1-синф ўқувчиларига стул кўтартириб қўйди. Воқеа Зарбдор туманидаги 5-мактабда 22 апрел куни рўй берган. 26 ёшли инглиз тили ўқитувчиси дарс тайёрламай келган 13 нафар ўқувчи — 6 нафар ўғил бола ва 7 нафар қиз болага стул кўтартириб, видеони ота-оналар гуруҳига юборган.

Мазкур ҳолат бўйича Зарбдор тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўз кузатувига олди.

Болаларга нисбатан турли шаклдаги зўравонлик ёки зўравонликка таянган тарбия чораларини, жумладан, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш қонунан тақиқланган ва тегишли жавобгарликка тортишга асос бўлади. 

Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Тошкентга келган Буюк Британиянинг ташқи ишлар вазири лорд Дэвид Кэмерон ўртасидаги учрашувда ҳамкорлик тўғрисидаги иккита ҳужжат имзоланди.

Икки давлат ўртасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация, шунингдек, Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

«Суҳбатимиз самарали ва мазмунли бўлиб, барча соҳалар бўйича Ўзбекистон-Британия алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган асосий вазифаларни белгилаш имконини берди», деган Бахтиёр Саидов.

The Independent хабарига кўра, Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари «Британия дуч келаётган энг катта муаммоларнинг марказида» эканлигидан огоҳлантириб, уларнинг «қийинчилик билан эришилган суверенитетни» қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирларни эълон қилади. 

UzCard va Humo интеграцияси

Uzcard ва Humo терминаллари интеграцияси тест режимида ишга туширилиши хабар қилинмоқда.

ERA дастурий таъминотига эга 250 дан ортиқ Uzcard терминаллари Humo карталарини ҳам қабул қила бошлаган. Айрим супермаркетларда Humo пин-падлари Uzcard карталарига ҳам хизмат кўрсатяпти. Аслида, 2023 йил охиригача якунланиши лозим бўлган интеграция жараёни қачон охирига етиши ҳозирча маълум эмас.

2024 йил январ ойида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев бу кечикишни “техник жараён” деб изоҳлаган, интеграция жараёни “биринчи чорак охиригача якунига етиши”ни айтган эди. 

Ўзбекистон Озарбойжонда анорзорлар барпо этади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Озарбойжонга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ушбу мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Межнун Мамедов билан учрашди.

Учрашув доирасида Тошкент вилоятида Озарбойжон фундук навининг кўчатларини экиш ҳамда Озарбойжоннинг Фузулий туманида анор ва бошқа мева боғларини барпо этиш масалалари муҳокама қилинган.

Мавзуга оид