Жаҳон | 13:00 / 23.04.2024
8551
8 дақиқада ўқилади

Истеъфо берган Исроил генерали, атом бомба яратиш арафасидаги Эрон ва Хитойнинг информацион қўшинлари — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил қўшинлари Ғазо секторидаги фаластинлик қочқинлар жойлаштирилган Нусайрат лагерини ўзидан сўнг вайроналар қолдирган ҳолда тарк этган.

ЦАҲАЛ Дайр-ул Балаҳ вилоятидаги Нусайрат қочқинлар лагерининг шимолий қисмини 8 кунлик қамал ва интенсив ҳужумлар олиб борганидан сўнг тарк этган. Исроил кучлари чиқиб кетганидан сўнг бу ерда катта вайронгарчиликлар юз бергани маълум бўлган. Жумладан, Исроил ҳужумлари натижасида Ҳасан-ул Банна масжиди минораси билан вайрон қилинган.

Исроилда эса 7 октябр куни ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужумнинг олдини ололмаган генерал-майор истеъфога чиқарилди.

Ҳарбий разведка раҳбари, генерал-майор Аарон Ҳалива 22 апрел куни истеъфо беришини маълум қилган. Аввалроқ у мамлакат чегара мудофаасини ташкил этишдаги камчиликларини ўз зиммасига олиб, халқдан узр сўраган эди.

Генерал-майор Аарон Ҳалива билан биргаликда яна бир қанча йирик ҳарбий мутасаддилар Исроил тарихидаги энг ҳалокатли ҳужумни олдиндан кўра олмагани ва унга қарши тура олмагани учун айбланган. Тегишли ташкилотларга уларнинг фаолиятини текшириш топширилган.

Эрон атом бомбаси яратишга яқин

Эрон атом бомбасини яратишга яқин турибди ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ўзининг эронлик ҳамкасблари фаолиятини «керакли даражада кўриш имкониятига» эга эмас, деган АЭҲА бош директори Рафаэл Гросси DW нашрига берган интервюсида.

Гроссига кўра, Эрон атом бомбасини яратиш учун етарли даражада бойитилган уранга эга бўлишига «ойлар эмас, ҳафталар» қолган.

«Эроннинг уранни бойитиш даражаси деярли ядровий қурол яратиш учун зарур бўлган даражага етаётгани хавотир уйғотса-да, Эронда бундай қуроллар аллақачон бор, деган хулосага келиб бўлмайди», дея қўшимча қилган Гросси. АЭХА раҳбарининг сўзларига кўра, ишлайдиган ядровий каллакни яратиш бойитилган уран ишлаб чиқаришдан ташқари, «кўп бошқа нарсаларни», жумладан қурол синовларини талаб қилади.

Арманистон Қорабоғдан воз кечган

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғ учун уруш олиб боришни рад этди.

«Арманистон Қорабоғ учун урушга ҳозирланмаяпти. Биз халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган чегараларимиздан ташқарида бирор амбицияга эга эмасмиз, демаркация жараёнида Арманистоннинг ҳудудий яхлитлиги тикланади, деб умид қиламиз», — деган Пашинян британиялик журналистларга.

Арманистон бош вазирининг қўшимча қилишича, у арманларнинг Қорабоғга қайтиш имкониятини кўрмаяпти. У шунингдек Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ишониб бўлмаслигини ҳам айтган.

«Бун КХШТнинг реакцияси ва унга аъзо айрим давлатларнинг баёнотидан кўриниб турибди. Бизнинг жамиятимиз нега ҳамон КХШТ аъзоси бўлиб турибмиз, деб савол бермоқда. Очиғини айтсам, мен бу саволга жавоб бера олмайман», — деган Пашинян.

Россияга қарши санкциялар

Европа Иттифоқи Россиянинг суюлтирилган табиий газига эмбарго жорий этиш тўғрисида ўйламоқда.

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакетини тайёрлай бошлаган ва унда энергия ресурсларига қарши чоралар асосий ўрин тутади. Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Билстрём ўз ҳамкасблари билан учрашув олдидан унинг айрим деталларини очиқлади. Унга кўра Россияда ишлаб чиқарилган суюлтирилган табиий газ ҳамда юқори нарх чегарасидан ортиқ нефтни ташиётган яширин флотга қарши чоралар кўрилади.

2023 йилда Евроиттифоқ давлатлари томонидан Россияда ишлаб чиқарилган СТГ хариди рекорд даражага етган ва 22 млрд метр кубни ташкил этган. Бу урушгача бўлган даврдан 40 фоизга кўпроқ. Қувурлардан Россия гази келмай қолгач, кўп давлатлар унинг ўрнига суюлтирилган газ харид қила бошлашган. СТГнинг асосий харидорлари Испания, Франция ва Белгия бўлган.

Россиянинг урушдаги йўқотишлари

Россия Украинага қарши уруш давомида камида 100 та ҳарбий самолётларидан айрилган, дейилади Британия Мудофаа вазирлиги разведка ҳисоботида.

Разведка маълумотларига кўра, ракета ташувчи Ту-22М3 стратегик бомбардимончи самолёти Украинанинг С-200 ракетаси билан уриб туширилган. Аввалроқ худди шу қурол билан Азов денгизи узра А-50 разведкачи самолёти қулатилганди.

Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, самолёт «жанговар топшириқни бажариб» аэродромга қайтаётган бўлган. Учувчилар катапултадан фойдаланишга улгуришган. Экипажнинг икки аъзоси ҳалок бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги самолёт Украина томонидан уриб туширилганини тан олмаган ва «техник носозлик» туфайли қулаганини қайд этган. Самолётда жанговар қуроллар бўлмаган ва у кимсасиз жойда қулагани таъкидланган.

Украиналик манбалар эса Ту-22М3ни уриб тушириш Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси махсус операцияси эканини таъкидлашмоқда.  

Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан буён Россия ўз самолётларининг 10 фоизга яқинидан айрилган, деган АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги қўмондони ва Европадаги НАТО қўшма қуролли кучларининг олий бош қўмондони Кристофер Каволи.

Лавровдан яна ядровий таҳдид

Россия ташқи ишлар вазири АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг ҳаракатлари Россия билан тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувга олиб келади, деган.

«АҚШ ва унинг НАТОдаги сателлитлари ҳамон Россияни «стратегик мағлубият»га учратиш ғояси билан ёнмоқда ва «сўнгги украиналик»ка қадар бизни тийиб туришга ҳаракат қилишмоқда. Лекин ғарбликлар икки ядровий қудратларнинг фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашуви чегарасида ҳаракат қилишмоқда», — деган Лавров.

Лавровга кўра, ғарбдаги уч ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия ва Франция Украинанинг асосий ҳомийлари бўлиб турибди ва Россия бунда жиддий стратегик таҳдид кўради.

Лавровнинг ҳадикларида жон бор. Чунки бу орада Полша президенти НАТОнинг ядровий қуролларини ўз мамлакати ҳудудида жойлаштиришга тайёр эканини эълон қилди.

Анжей Дуда НАТОнинг шарқий фронтини кучайтириш учун ядровий қуроллар жойлаштирилишига тайёр эканини айтган.

«Агар бизнинг иттифоқчилар НАТОнинг шарқий фронти хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун ядровий қуроллардан биргаликда фойдаланиш доирасида бизнинг ҳудудга ҳам ядровий қурол жойлаштиришга қарор қилишса, биз бунга тайёрмиз», — деган Дуда.

Дуда шунингдек, мамлакатда АҚШ ядровий қуролларини жойлаштириш масаласи «яқиндан бошлаб Полша-Америка музокараларининг мавзуси бўлиб келаётгани»ни қайд этган. Хусусан, Варшава НАТОнинг Nuclear Sharing ядровий тийиб туриш дастури бўйича мамлакатга ядровий жанговар каллаклар келтирилиши учун ҳаракат қилмоқда.

Бундай заруриятни у Россия Полша билан чегарадаги Калининград областини тобора қуроллантириб бораётгани, яқинда тактик ядровий қуролларни Беларусга жойлаштиргани билан тушунтирган.

Хитойда информацион кучлар тузилади

Хитойда қуролли кучларнинг янги шакли ташкиллаштирилди. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг топшириғи билан армияда янги бўлинма — информацион қўллаб-қувватлаш кучлари тузилади.

Информацион қўллаб-қувватлаш кучларининг асосий вазифаси киберинформацион тизимларни яратиш ва улардан фойдаланишни мувофиқлаштиришдан иборат бўлади.

Марказий ҳарбий кенгаш тузилган ушбу информацион қўллаб-қувватлаш кучлари ўзининг бевосита қўмондонлиги остида бўлиши тўғрисида қарор чиқарган.

Хитойнинг халқ озодлик армияси қуролли кучларнинг алоҳида турларидан иборат. Улар орасида қуруқликдаги ва ракета қўшинлари, ҳарбий денгиз кучлари, ҳарбий ҳаво кучлари, стратегик ва моддий-техник таъминот кучлари бор эди. Энди информацион қўллаб-қувватлаш кучлари ҳам қўшилади. 

Мавзуга оид