Жаҳон | 20:22 / 23.04.2024
9634
2 дақиқада ўқилади

NASA 47 йил олдин коинотга учирилган «Voyager 1» билан алоқани тиклади

Сўнгги 5 ой давомида станция Ерга ғалати сигналларни юбораётган эди.

Фото: NASA

2023 йил ноябр ойидан бери биринчи марта «Voyager 1» миссияси гуруҳи станциядан алоқа тўлиқ тикланганини англатувчи изчил маълумотларни олди. Охирги беш ой давомида NASA «Voyager 1»дан ғалати кодларни қабул қилаётган эди. 

Март ойида муҳандислар станцияга хотирадаги барча маълумотлардан халос бўйиш ҳақида буйруқ беришди. Бу эса муаммо учта борт компютеридан бирида эканини аниқлаш имконини берди. Қабул қилинган сигнал мутахассисларга шикастланган хотира сегментини аниқлашга ёрдам берди, у хотиранинг 3 фоизини ташкил қилар эди. 

Шикастланган сегментда сақланган код бошқа жойга кўчирилди. Бундан ташқари, уни бутунлай кўчиришнинг иложи бўлмади, чунки уларнинг барчаси мавжуд бўш жойга тўғри келмади. Ҳамма нарса режа бўйича кетаётганига ишонч ҳосил қилиш учун муҳандислар «Voyager 1»га зонднинг техник ҳолати ҳақидаги маълумотларни юбориш буйруғини беришди. Шундан сўнг, «Voyager 1» керакли маълумотларни «кераксиз» маълумотларсиз юборди. 

«Voyager 1» зонди 1977 йилда фазога учирилди, унинг асосий вазифаси Юпитер ва Сатурнни тадқиқ қилиш эди. Станция ушбу сайёралар йўлдошларининг батафсил суратларини олган биринчи космик зонд бўлди. Асосий миссияни тугатгандан сўнг, у Қуёш тизимининг узоқ ҳудудларини, жумладан Кёйпер камарини ва гелиосфера чегарасини ўрганиш учун қўшимча миссияни бошлади. 

Ҳозир зонд Ердан 24 миллиард километр узоқликда, унга сигнал юбориш ва сигнал қабул қилиш учун тахминан 22,5 соат вақт кетади. Шундай бўлса-да, станция олимларга фойда келтиришда давом этмоқда. 

Қурилма бортида олтин диск бўлиб, унга эҳтимолий ўзга сайёраликлар учун мўлжалланган мурожаат, шунингдек, бир қатор тасвирлар ва товушлар ёзилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид