Жаҳон | 13:07 / 30.04.2024
9148
9 дақиқада ўқилади

Нетаняҳуга қарши ордер, АҚШ талабаларининг намойиши ва ишғол этилиш хавфи остидаги Харкив — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазонинг Рафаҳ шаҳридан репортажлар уюштираётган Қатарнинг «Al-Jazeera» телеканали мухбири Тариқ Абу Аззумнинг маълум қилишича, ўтган тун «тинч аҳоли учун ўта оғир келган» ва камида 20 нафар фаластинлик, жумладан 5 нафар ёш бола Исроилнинг авиазарбалари туфайли ҳалок бўлишган. Ўнлаб одамлар яраланган.

Шу кунга келиб, Исроил агрессияси туфайли ҳалок бўлган фаластинликлар сони 34 минг 488 кишига етган. 77 минг 643 нафар инсон жароҳатланган.

Ғазо жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги мажбурий кўчирилган аҳоли лагеридан фаластинликлар ўз чодирларига АҚШ университетларидаги талабаларга ташаккур билдириб, номалар ёзиб олишган.

«Биз Ғазо билан бирдам талабалардан миннатдормиз. Сизнинг бизга йўллаган номаларингизни ўқидик. Ташаккурлар. Айниқса Колумбия университети талабаларига», деб ёзилган чодирга.

Ғазодаги болалар ҳам америкалик талабаларга Исроил геноцидига қарши Фаластинни қўллаб намойиш ўтказишаётгани учун чин кўнгилдан раҳмат айтишмоқда.

Болакайлар қўлидаги плакатда «Ғазони қўллаётган талабага раҳмат. Ҳар доим инсон бўлиб қол», деб ёзилган.

АҚШда Фаластин тарафдорлари намойиши

АҚШнинг етакчи университетларида Фаластинни қўллаб-қувватлаб уюштирилаётган норозилик намойишларида ҳибсга олинган талабалар сони 700 дан ошган.

Намойишчилар Ғазода Исроил томонидан амалга оширилаётган қирғинни тўхтатиш, шунингдек университет маъмуриятлари Исроилнинг Ғазога ҳужумини қўллаб-қувватлаётган фирма ва компаниялар билан алоқаларни узишга чақиришмоқда.

Ҳарвард университети талабалар ҳаракати университетнинг талабалар билан ишловчи декани уларнинг иши тартиб-интизом қўмитасига оширилиши билан таҳдид қилганига қарамасдан, Фаластин байроғини ўрнатишган.

Балога гирифтор Исроил вазирлари

Исроил вазирлари бирин-кетин фалокатга йўлиқа бошлашди. Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамасининг аъзоси, «Давлат лагери» партияси етакчиси Бени Ганц душанба куни мотоциклда сайр қилаётиб аварияга учраб, жароҳатланган.

Воқеа Ғазо сектори чегараси яқинидаги Яд-Мўрдаҳай қишлоғи яқинида содир бўлган. У шифохонага олиб кетилган.

Ўтган ҳафта ичида бу Исроилнинг олий мартабали мансабдор шахслари билан боғлиқ учинчи бахтсиз ҳодиса. Уларнинг иккитаси вазирларнинг шифохонага жойлаштирилиши билан якунланган.

26 апрел, жума куни миллий хавфсизлик вазири, ултраўнг миллатчи Итамар Бен-Гвир Рамла шаҳрида автоҳалокатга учраган. Унинг хизмат машинаси жуда катта тезликда светофорнинг қизил чироғида ўтаётиб, бошқа машина билан тўқнашган ва ағдарилиб кетган.

Бен-Гвир арзимас жароҳатлар билан шифохонага йўл олган эди.

Нетаняҳуга қарши ордер

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Ғазодаги адолатсиз ҳарбий операция туфайли Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш тўғрисида ордер бериши мумкин.

The New York Times нашрининг маълум қилишича, Исроил ҳукумати бош вазир дохил бошқа олий мартабали шахсларга нисбатан ордер берилишига тайёргарлик кўрмоқда.

Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Исроил ҳукуматидагилар ҲАМАСнинг 7 октябр кунги ҳужумига ўта шафқатсиз жавоб қайтарганликда айбланиши мумкин. Айблов учун яна бир сабаб Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами киритилишига монелик кўрсатгани бўлиши мумкин.

Бир вақтнинг ўзида суд ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш бўйича ордер бериш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бироқ айнан кимларга ва қандай жиноятларига нисбатан ордер берилиши ҳозирча номаълум. Нашрга кўра, Халқаро жиноят судининг бундай қарори дунёнинг кўплаб давлатларида Исроил манзилига ҳақоратомуз маънавий шапалоқ бўлади. Бу эса ҲАМАСга қарши ҳарбий кампанияга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Блинкеннинг баёнотлари

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилнинг ҲАМАСга таклифини мақтади ва араб давлатларини Эронга қарши бирлашишга чақирди.

Блинкенга кўра, Исроил ҲАМАСга Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича «ўта ҳимматли» таклиф берган. Унга кўра, ярашув эвазига 20 дан 40 нафаргача гаровда ушлаб турилганлар озод қилиниши керак.

«ҲАМАС тезда бир қарорга келиши керак. Умид қиламанки, улар тўғри қарорга келишади», — деган Блинкен.

Блинкен шунингдек арабларни Эронга қарши бирлашишга чақирган: Кўрфаз давлатларига янада жипс мудофаа интеграцияси керак, деган у.

Блинкеннинг таъкидлашича, яқин ҳафталар ичида АҚШ олти давлат блоки билан бирга ҳаво ҳужумидан ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимини интеграциялаштириш ва денгизда хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб боради. Кўрфаз давлатлари араблари «катта интеграция» ва «катта тинчлик»ни танлашди, деган Блинкен.

Украинадаги уруш

Украина Харкив шаҳрининг ўн минглаб россиялик аскарлар томонидан қамал қилинишига тайёрланмоқда.

Украинанинг катталик бўйича иккинчи шаҳари — Харкивни ишғол қилиш учун Россия 20 мингдан 40 минггача бўлган ҳарбийлардан фойдаланиши мумкин, деган BILD нашрига Украина армиясидаги манба.

«Бу ҳолатда биз шимолни мудофаа қиламизми ёки шарқни, деган иккиланиш қаршисида қоламиз. Ҳар иккисини амалга ошириш амалда имконсиз ҳолат», — деган у. Бошқа бир украиналик ҳарбий россияликларнинг Харкивга ҳужумини энг эҳтимолли сценарий деб атаган.

Аввалроқ Украина разведкасидаги олий мартабали манбалар Financial Times нашрига май ойи охирларида Россиянинг Харкивга йирик ҳужумини кутаётгани, бу ҳужум аввалида Россия шаҳарни ракеталардан ўққа тутишини айтиб чиқишган эди.

«Икки йил ўтганидан сўнг россияликлар ҳужум уюштириш учун ўз кучларидан қандай қилиб самаралироқ фойдаланишни тушуниб етишди. Ҳозир фронтга сон-саноқсиз бомбалар ташланмоқда. Аввал фақат биз эгаллаб турган айрим объектларга эмас, ҳар бир бинога бомба ташланмоқда», — деган украиналик зобит BILD нашрига.

Ҳарбий таҳлилчи Дара Массикотга кўра, Россия Харкивга ҳужум уюштириши учун яна бир сафарбарлик тўлқинини ўтказиши лозимлигини, бунинг учун камида 100 минг аскар керак бўлишини таъкидлаган.

«Агар Кремл Харкивни ёки Украина жанубини эгалламоқчи бўлса, бу аввалгидан ҳам мураккаброқ масала бўлади ва руслар жуда катта куч тўплашига тўғри келади», — деган эксперт.

Путиннинг «театри»

Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Тимур Ивановни қамоққа олиш билан вазир Сергей Шойгуни заифлаштиришни мақсад қилиб, «театр» ўйнади, деб ёзмоқда Financial Times.

Нашрга кўра, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин ўлдирилгач, Шойгунинг позициялари бирдан кучайиб кетган.

Нашрнинг ҳарбий идорага яқин манбасига кўра, Тимур Ивановнинг ҳибсга олиниши Россия Мудофаа вазирлигидаги коррупция масаласини яна ўртага олиб чиққан.

Бу ҳақда ўтган йилнинг августида Пригожин тинмай гапирар эди. Жумладан, «Вагнер» ёлланма жангарилар етакчиси «ўғрилик билан шуғулланаётган фронт ортидаги каламушлар билан шуғулланиш керак»лигини такрорлар эди, деган манбалардан бири. Унга кўра, Путин Пригожин ҳаддидан ошди, деб ҳисоблаган бўлса-да, лекин ўзини хатога йўл қўйган деб ҳисобламайди. Чунки ўзининг элитасида қайсидир фракция жуда катта таъсир доирасига эга бўлишидан жуда қўрқади.

Ўзининг таъсир кучини кўпайтириб бораётган идорани таҳқирлаш мақсад қилинганини Ивановнинг қай тарзда қўлга олингани ҳам кўрсатиб турибди, деган манба.

Тожикистоннинг норозилик нотаси

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорйевга Тожикистон фуқароларнинг Россияда жиддий дискриминацияга учраётгани фонида норозилик нотасини топширди.

Дипломатик идора Россияда «оммавий» характерга эга бўлиб бораётган, Марказий Осиё республикаси фуқароларига нисбатан «эътиборли негатив муносабат» юзасидан ўз ташвишини билдирган.

Нотада бундай хатти-ҳаракатлар айнан Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланаётгани, бу эса Россия-Тожикистон муносабатларининг «руҳи ва анъаналари»га мутлақо мос эмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Аввалроқ Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий Тожикистон фуқароларга Россияга киришга «асоссиз рад этишлар» сони кўпайганидан ташвишини билдирган эди. Масалан, Қозоғистон ва Россиянинг Оренбург области чегарасидаги «Сагарчин» назорат ўтказиш пунктида мингга яқин тожикистонликлар Россияга ўтолмай кутиб қолишган. Тожикистондан учиб келганлар аэропортларда ҳам тўпланиб туширибди. Россиялик чегарачилар уларни сўроққа тутмоқда, смартфонларини синчликлаб текширишмоқда. 

Мавзуга оид