Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фаластинни тан олаётган Европа, Рафаҳга кўз тиккан Нетаняҳу ва Бурятиядаги ёнғинлар — кун дайжести
Жаҳонда рўй берган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан одатга кўра таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Жозеп Боррелга кўра, май ойининг охирига бориб бир қатор Европа давлатлари Фаластин давлатини тан олишади.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, урушнинг 207-кунига келиб Ғазодаги Исроил агрессияси қурбонлари сони 34 минг 535 кишидан ошиб кетган. 77 минг 704 киши жароҳатланган.
Сўнгги бир сутка ичида Исроил томонидан 5 та оммавий қирғин ўтказилган. Унда 47 киши ҳалок бўлган ва 61 киши яраланган.
2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода ҳалок бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари сони эса 142 кишига етган. Сўнгги ҳалок бўлган журналист «Ал-Қудс ал-Юм» телеканали репортёри Салим Абу Тайюр бўлди. У ва унинг ўғли Аҳмад Ғазонинг марказида жойлашган Нусайрат қочқинлар лагерига берилган авиазарба қурбонига айланишди.
Рафаҳга ҳужум хавфи
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гаровда ушлаб турилганлар алмашилса ҳам барибир Рафаҳга бостириб киришларини таъкидлади.
Унга кўра, асирлар алмашинуви амалга оширилса ҳам, оширилмаса ҳам Исроил Армияси Рафаҳда операцияни барибир ўтказади.
«Биз барибир бу ишга қўл урамиз. Чунки тўлиқ ғалаба қозониш — бизнинг бош мақсадимиз», — деган Нетаняҳу CBS News каналига берган интервюсида.
Нетаняҳуга кўра, Исроил армияси ҲАМАСнинг қолган-қутган баталйонларини яксон қилиш учун Рафаҳга бостириб киради. «Бизда бошқа ҳеч қандай танлов йўқ», деган Исроил бош вазири.
Ушбу баёнот АҚШнинг ҳужумни кейинроққа қолдириш бўйича эҳтиёткорона тавсияси фонида рўй берди.
Бир неча ойдан буён Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўтказилаётган музокара жараёнларида 29 апрелга келиб Фаластин ҳаракатига 40 кунлик оташкесим режими таклиф этилган, битимга асирлар алмашиш масаласи ҳам киритилган эди.
Исроил армияси ўзининг зирҳли техника ва танклардан иборат бўлинмасини Рафаҳ атрофида тўпламоқда. Рафаҳга ҳужумни оператив режалаштириш бўйича ЦАҲАЛ ва Пентагон томонидан қўшма йиғилишлар ўтказилаётгани, АҚШ ҳарбийларининг фикри билан танишиш учун учрашувлар ҳам ўтказилаётгани хабар қилинмоқда.
Америкадаги аксилисроил намойишлар
Washington Post нашри маълумотларига кўра, айни пайтга келиб Америка университетларидаги намойишларда ҳибсга олинган талабалар сони 1200 дан ошган.
Норозилик намойишлари Техаснинг Остин университетида ҳам давом этган. Полиция «Талабалар баҳори» деб аталаётган оммавий норозилик акциялари чоғида университетнинг ўнлаб талабаларини ҳибсга олган.
Америка полицияси Коннектикут университети талабаларининг митингини бостиришга ҳаракат қилди. Талабалар «Токи Исроилни қўллаб-қувватлаш, унга инвестиция киритиш бас қилинмас экан, биз тинчимаймиз», деб бақиришган.
АҚШ оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, Ғазодаги урушга қарши норозилик намойишлари мамлакатнинг 70 дан ортиқ университетларида давом этмоқда. Талабалар университетлар маъмуриятидан Исроил ва унга боғлиқ компаниялар билан ҳамкорликни тўхтатишни талаб қилишмоқда.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса Тел-Авивдан туриб америкалик талабаларга келгусида уларнинг ишга жойлашишида муаммолар юзага келиши билан таҳдид қилган.
Гуржистондаги намойишлар
Гуржистонда «чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши намойишлар давом этмоқда. Полиция Гуржистон парламенти олдида норозилик намойишлари ўтказаётганларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.
Озодлик майдони олдида махсус кучишлатарлар ўнта автобусда келтирилган. Улар Шота Руставели шоҳкўчасини тўсиб қўйишган.
Шунингдек, намойишларга қарата сув пуркалган, куч ишлатилган, қалампирли спрейлардан фойдаланилган. Камида 20 киши тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган.
Махсус кучишлатарлар парламент олдида тўпланган одамларни тарқатиш учун резина ўқлардан ҳам фойдаланган.
Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили Ички ишлар вазирлигидан намойишчиларга қарши куч ишлатишни зудлик билан бас қилишни талаб қилган.
«Барча масъулият жорий ҳукумат гарданида. Гуржистон халқининг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқи бостирилмоқда», деб ёзган президент X ижтимоий тармоғида.
Қонун лойиҳаси бугун парламентда иккинчи ўқишда кўриб чиқилади. Ҳозирча депутатлар қонуннинг 11 бандидан учтасини кўриб чиқиб маъқуллашган.
Украинадаги уруш
Украина АҚШдан келтирилган ATACMS ракеталари билан Қримга ҳужум уюштирган. Турли хабарларга кўра, ракеталар билан Симферополдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбий қисмлар ва Жанкойдаги ҳарбий аэродром нишонга олинган. Эҳтиёт юзасидан Қрим кўпригида ҳаракатлар вақтинчалик тўхтатилган.
Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўтган сутка ичида АҚШнинг 6 та ATACMS ракеталари ва Франциядан келтирилган 2 та Hammer бошқарилувчи ракеталарини уриб туширганини иддао қилмоқда. Ракеталарнинг айнан қаерда уриб туширилгани маълум қилинмаган.
Украинанинг Харкив шаҳрида Шимолий Корея ракетаси қолдиқлари топилгани маълум бўлди.
2 январ куни Харковга зарба берилган ракета Шимолий Коречнинг Hwasong-11 баллистик ракетаси қолдиқлари экани аниқланган. Бу ҳақда БМТ кузатувчилари якдил хулосага келишган. Бу ҳолат БМТ томонидан киритилган санкцияларга қарамасдан, КХДР ўз қуролларини экспорт қилганини билдиради.
Бу орада дунёнинг энг бой инсони Илон Маск ўзига тегишли Х ижтимоий тармоғида Украинадаги уруш бўйича ўз муносабатини баён этди. У кўп вақтлардан буён Украина ўз ҳудудларидан Россия фойдасига воз кечиши эвазига урушга нуқта қўйиш кераклигини ёқлаб келади.
«Менинг фикримча, ҳозир очиқ қолаётган ягона масала — Россия алалоқибат Одессани эгаллай олиши ё олмаслигида. Россия ўз конституциясида бириктириб қўйган (Донецк, Херсон, Луҳанск ва Запорижжя) областларнинг барчасини эгалламагунча аниқ тинчимайди. Бу уларнинг очиқ эълон қилинган сиёсати», — деб ёзган Маск.
Тожикистон нотасига жавоб
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланаётган чоралар вақтинчалик эканини таъкидлаган.
У тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин билан телефон орқали мулоқот қилган ва Россияга киришда Тожикистон фуқароларининг синчиклаб текширилаётгани — «Крокус Сити Ҳолл» савдо марказида уюштирилган терактдан сўнг қўлланаётган вақтинчалик чора эканини тушунтирган.
Лавров «қўлланаётган чораларининг вақтинчалик характерга эга экани, муайян миллат ва динга қаратилмагани»ни таъкидлаб ўтган. У шунингдек, «назорат-ўтказиш пунктларидаги вазият секин-аста нормаллашаётгани»ни қайд этган.
«Томонларнинг вақт синовидан ўтган Россия-Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, позитив динамикани сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш борасида фикрлари бир жойдан чиқди», — дейилади Россия ташқи сиёсат идорасининг хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон терактдан сўнг Россияда тожикистонлик фуқароларга нисбатан «оммавий» дискриминация рўй бераётгани юзасидан Россия элчисига норозилик нотаси топширган эди. Ўтган шанбада Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларга номаълум вақтгача Россияга боришдан тийилиб туришни тавсия этган эди.
Сув балосидан сўнг ўт балоси
Россиянинг ҳудудлари вайронкор тошқинлардан сўнг ҳали ўнгланмасдан туриб, гарчи ҳали ёз бошланмаса ҳам бошқа ҳудудларда ёнғинлар кузатилмоқда.
Бурятияда 100 гектардан ортиқ ўрмонга ёнғин тушди. Кучли шамол туфайли ёнғин шаҳарга ҳам ёпирилган.
Бурятия Республикаси пойтахти Улан-Удэ шаҳрининг атрофидаги ўрмонлар ёна бошлаган. Ёнғин жуда тез тарқала бошлаган ва тезда 10 минг метр квадрат майдонни қоплаб олган.
Кучли шамол туфайли олов инсонлар яшайдиган манзилларга ҳам ўтиб кетган. Камида 20 та уйга ўт кетгани айтилмоқда. Шаҳар ҳукумати пойтахтнинг айрим ҳудудларида одамлар эвакуациясини эълон қилган.
Сўнгги хабарларга кўра, ниҳоят ўт ўчириш хизматлари ёнғинни жиловлашга муваффақ бўлишган.
Мавзуга оид
14:40 / 12.06.2026
Трампнинг «ажойиб келишуви» ва Мексикада бошланган футбол байрами – кун дайжести
16:14 / 11.06.2026
Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тикланяпти, Покистон яна қўшнисини бомбалади – кун дайжести
14:23 / 10.06.2026
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
15:29 / 09.06.2026