13:18 / 02.05.2024
8275

Рафаҳда қочқинлар лагерига авиазарба, бойкотнинг оқибатлари ва Ғарб томонидан огоҳлантирилган БАА — кун дайжести

Ўтган сутка давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил қуролли кучлари Рафаҳга кескин ҳаво ҳужумлари уюштиришди. Фаластин оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, ҳужумлар чоршанбанинг эрта тонгидан бошланган ва Ғазо жанубида юз минглаб қочқинлар жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрига бир неча бор зарбалар берилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, бомбалардан бири Рафаҳ марказидаги «Аш-Шабура» қочқинлар лагерига ташланган. Икки ёш бола ҳалок бўлган. Бир неча киши яраланган.

Бу орада Колумбия Ғазода амалга ошираётган хунрезлиги сабабли Исроил билан дипломатик алоқаларни 2 майдан эътиборан узишини эълон қилди.

Колумбия президенти Густаво Петро чоршанба куни Исроил армиясининг Ғазодаги қилмишлари учун яҳудийлар давлати билан дипломатик алоқалар узилиши ҳақида баёнот берди.

«Шу ерда, сизларнинг олдларингда, ўзгаришлар ҳукумати ва республика президенти эртадан бошлаб Исроил давлати билан унинг сиёсати ва геноцидга алоқадор етакчиси туфайли дипломатик алоқалар узилишини эълон қиламиз», – деган Петро Боготада кўп минг сонли одамлар олдида чиқиш қилиб.

Америкадаги аксилисроил намойишлар

Эрксевар талабаларга қарши Америка демократиясининг ҳужуми давом этмоқда. Ню-Йорк ва Колумбия университетларида Фаластин тарафдорларининг устига полиция юриш қилди, яна ўнлаб талабалар ҳибсга олинди.

Полициячилар Фаластин тарафдорлари бўлган намойишчилар томонидан эгалланган Колумбия университети кампусини штурм қилишган.

Намойишчилар университет токи Исроил билан молиявий операцияларни бас қилмас экан, бинони қамал қилишда давом этишларини ваъда қилишган. Улар бино ичига қамалиб олиб, кузатув камераларини ишдан чиқаришган. Ўнлаб талабалар ҳибсга олинган.

Техас университетида эса полиция Исроилнинг зулмига қарши ўтказилаётган намойишда полиция кўзни ачитувчи қалампирли газлардан фойдаланган.

Виржиния университетида Америка полицияси талабалар Ғазони қўллаб-қувватлаш учун ўтириб норозилик намойиши ўтказаётган жойга бостириб кирган.

Бойкот оқибатлари

Исроилни қўллаб-қувватловчи глобал компанияларга нисбатан бойкот ўз таъсирини кўрсатмоқда. Масалан, KFC Малайзияда ўзининг 108 та филиалини ёпишга мажбур бўлган.

Аввалроқ KFC компанияси ижтимоий тармоқларда «Кечирасиз, бу ерда чодирлар йўқ, шунчаки бармоқларингизни шимишга мажбур қиладиган ажойиб товуқ гўшти бор», деган пост жойлаштирган.

Бу одамлар ўртасида жуда катта норозилик ва бойкот чақирувларига сабаб бўлган. Чунки одамлар постни Рафаҳга кўчирилган ва очликдан азоб чекаётган фаластинликлар тушиб қолган вазият устидан кулиш ўлароқ баҳолашган. Компаниянинг ушбу пост Кариб ҳавзасидаги Антигуа оролида чодирлари ўғирлаб кетилаётган APUA компаниясига боғлиқ экани тўғрисидаги тушунтиришлари ҳам иш бермаган.

«McDonald's» ҳам илгари ҳеч кузатилмаган йўқотишларга дучор бўлмоқда, деб ёзади Reuters.

Сўнгги икки йил ичида илк бор чораклик фойдани баҳолай олмаган, истеъмолчилар уларнинг янги таклифларини эътиборсиз қолдиришган, Яқин Шарқдаги можаро эса халқаро савдоларга негатив таъсир ўтказган. Тўртинчи чорак кетма-кет глобал солиштирма савдо 1,9 фоизга пасайган.

«McDonald's» ва «Starbucks» каби компаниялар Исроилга ён берувчи позицияси туфайли норозилик ва бойкотга дучор бўлган. Ўтган чоракда «Starbucks» Яқин Шарқда мижозлар кирмай қўйгани сабабли йиллик савдо кутилмасини пасайтиришга мажбур бўлган.

Гуржистондаги намойишлар

Гуржистон парламенти иккинчи ўқишда «чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилган. Тбилисида оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Парламент биносига кучишлатар тизим ходимлари келтирилмоқда.

Тунда намойишчилар парламент биносини штурм қилиб эгаллашга уринишган. Тбилиси марказидаги бир неча кўчаларни эгаллаб тўсиб олишган. Шота Руставели шоҳкўчасидан ташқари, Қуруқ кўприк, шунингдек Адолат уйи яқинидаги дарёнинг ҳар икки ёқасида ҳаракат тўхтатилган.

Парламентнинг 150 депутатидан 83 нафари қонун лойиҳасини қўллаб овоз берган. Уларнинг барчаси «Гуржистон орзуси» ҳукмрон партияси ва уларнинг иттифоқчиси «Халқ ҳокимияти» партияси вакилларидир. Мухолифат овоз беришда иштирок этмаган. Қонуннинг учинчи ўқилиши 17 майга белгиланган.

Полиция намойишчиларга қарата сув пуркагич ва кўздан ёш оқизувчи гранаталар ишлатган. Ярадор бўлган намойишчилар бор. Полиция камида 63 кишини ҳибсга олган. Мухолифат вакилларидан бири парламентга кўзи кўкарган ва боши боғланган ҳолда келган. Унинг бурни ва тишлари синдирилган.

Гуржистон ҳукумати иккинчи йилдирки, «чет эл агентлари тўғрисида» Россияникига ўхшаш қонун лойиҳасини қабул қилишга уринмоқда.

Европарламент агар бу қонун қабул қилинса Гуржистонни Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод статусидан маҳрум қилишни таклиф қилган. Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе ҳукмрон партия намойишларга қарамасдан ушбу қонунни барибир қабул қилишини айтган.

Украинанинг нефт заводига ҳужуми

Украина пилотсиз парвоз қурилмалари марказий Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди.

Рязан шаҳридаги нефт заводига ҳужум тунги соат 3 да бошланган. Шаҳар аҳолиси аввал мотор овозларини эшитишган, сўнгра иккита портлаш рўй берган. Воқеа жойида қутқарув хизматлари ишламоқда.

Рязан области губернатори Павел Марков тунда ҳудуд пилотсиз парвоз ҳужумларига учраганини тасдиқлаган. «Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ, текширув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — деб ёзган у ўз Телеграм каналида.

Маҳаллий Телеграм каналлар шаҳар узра оловли ва тутунли устун пайдо бўлгани тасвирланган видео кадрларини эълон қилган.

Рязан нефтни қайта ишлаш заводи марказий Россиядаги энг йирик нефт заводи ҳисобланади. Унинг ҳиссасига Россиядаги қайта ишланадиган нефт ҳажмининг 5 фоизи тўғри келади. «Роснефт» томонидан назорат қилинадиган заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.

Россияга қарши санкциялар

АҚШ Россияни атом электр станциялари учун уран етказиб беришдан ва йилига 1 млрд доллар даромаддан маҳрум қилмоқчи.

Америка Сенати АҚШ бозорининг тўртдан бир қисмини таъминлаётган Россиядан бойитилган уран сотиб олишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Энди ҳужжат уни қўллаётган Жой Байденга имзо учун киритилади.

Америка бозорида ишлаётган компаниялар ушбу тақиқни жорий этишни талаб қилиб келишаётганди. Тақиқ туфайли компаниялар федерал бюджетдан 2,7 млрд доллар маблағ олишади.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Бирлашган Араб Амирликларидан Россияга санкция рўйхатига киритилган товарларни етказиб беришни бас қилишни талаб қилишмоқда.

Аввалроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга санкция остидаги маҳсулотларни етказишда ёрдам бераётган Туркия ва Хитойга эътироз билдирган эди, энди БААга навбат келди.

Америка, британия ва европалик мулозимлар Россияга санкция остидаги товарлар етказилишининг олдини олиш мақсадида ўтган ҳафтада БААга боришгани Британия ташқи ишлар вазирлиги вакили маълум қилган. Улар амирликлардан қурол-яроғ ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлган қўш мақсадли товарларнинг экспорт ва реэкспорти тўғрисида батафсил маълумот талаб қилишган.

Кеча АҚШ ўнлаб шахслар ва ташкилотларга нисбатан янги санкцияларни жорий этган. Уларнинг орасида Россия, Озарбойжон ва Беларус фуқаролари бор.

Шунингдек, санкция пакетига Озарбойжон, Белгия, Хитой, Словакия, Туркия ва БАА компаниялари киритилган. Вашингтон қўлланган чекловни шахслар ва компаниялар Москвага санкцияларни айланиб ўтиб, хорижда асбоб-ускуналар харид қилишда ёрдам бергани билан тушунтирган.

АҚШнинг Россияга айблови

АҚШ Россияни Украинадаги урушда кимёвий қуроллардан фойдаланаётганликда айбламоқда.

Россия армияси Украинада кимёвий қуроллардан фойдаланиш тўғрисидаги халқаро тақиқни бузмоқда, дея баёнот берган чоршанба куни АҚШ давлат департаменти.

Давлат департаментига кўра, жанг майдонларида Россия кучлари украин аскарларига қарши Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилот томонидан тақиқланган хлорпикрин — бўғувчи ва кўздан ёш оқизувчи моддадан фойдаланмоқда.

Илк марта Биринчи жаҳон уруши даврида Германия томонидан ишлатилган хлорпикрин буғлари терига ва шиллиқ қаватларга таъсир қилувчи суюқлик бўлиб, йирик концентрацияларда диафрагма мушакларининг назоратсиз қисқаришига дучор қилади.

Россия армияси томонидан бундай кимёвий моддалардан фойдаланиш «чекланган эпизодлар» эмаслиги, «украин кучларини улар эгаллаб турган мустаҳкам позициялардан сиқиб чиқариш ва жанг майдонида тактик муваффақиятларга эришиш» мақсадида қўлланаётган бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Top