Жаҳон | 11:08 / 08.05.2024
2368
3 дақиқада ўқилади

Молдова собиқ бош вазири пул ювиш бўйича ишда оқланди

Суд Молдова собиқ бош вазири Влад Филатни жуда катта миқдордаги пул ювиш иши бўйича тўлиқ оқлади. Прокуратура ҳукм устидан шикоят қилмоқчи.

Влад Филат Фото: РИА Новости / Алексей Дружинин

Молдова собиқ бош вазири ва ҳукмрон Либерал-демократик партиянинг собиқ раиси Влад Филат катта миқдордаги пул ювиш ишида тўлиқ оқланди. Бундай қарор 7 май, сешанба куни Кишинёвдаги Буюкани сектор суди томонидан қабул қилинди.

Прокуратура собиқ ҳукумат раҳбарини етти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, шунингдек, 12,8 миллион лей (670 минг евродан ортиқ) миқдорида жаримага тортишни талаб қилди. Бу миқдор прокурорлар Филатни пул ювишда айблаган пул миқдорига тенг. Бироқ суд бу талабларни рад этиб, собиқ бош вазирнинг ҳаракатлари «жиноят таркибига мос келмайди» деган хулосага келди.

Прокуратура бу қарор устидан шикоят қилишини билдирди, чунки айблов томонига кўра, «жиноятнинг исботи айблов ҳукми учун етарли». Суд қарори устидан 15 кун ичида Кишинёв апелляция судига шикоят қилиш мумкин.

Пул ювиш иши

Влад Филатга нисбатан жуда катта миқдордаги пул ювиш иши 2019 йилда судга тақдим этилган. Коррупцияга қарши прокуратура маълумотларига кўра, 2013 йилда ўша пайтда бош вазир ва Либерал-демократик партия раиси лавозимларида ишлаган Филат Американинг пиар-компанияси билан сайлов олдидан консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича шартнома тузган ва унга 12,8 миллион лей тўлаган. Прокурорларга кўра, у бу хизматлар учун коррупция йўли билан қўлга киритилган пулларни ўтказиб берган. Влад Филат айбловларни рад этади.

Пассив коррупция иши ва Илан Шорнинг баёнотлари

2016 йилда Влад Филат бошқа жиноий иш бўйича - маъмурий ресурслардан фойдаланганлик ва пассив коррупция учун тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган. У 2019 йил бошида озодликка чиқди.

2015 йилда Филат депутатлар Либерал-демократик партия раҳбаридан депутатлик дахлсизлигини олиб ташлаш учун овоз берганидан сўнг дарҳол парламент залида қўлга олинган эди. Ушлашга мамлакатдаги энг йирик Иқтисодий банк (Banca de economiiде) маъмурий кенгаши собиқ раҳбари ва россиялик қўшиқчи Жасминнинг эри олигарх Илан Шор айбига иқрор бўлган кўрсатмалари асос бўлди. Ўз айбига иқрор бўлиш чоғида у 2010 йилдан 2014 йилгача Филатга жами 250 миллион доллар олишга ёрдам берганини, бизнес ва сиёсий партияни қўллаб-қувватлаши учун нақд пул берганини ҳамда қимматбаҳо машиналар совға қилганини айтди. Влад Филат Илан Шор билан алоқаларини рад этган.

Мавзуга оид