Жаҳон | 07:45 / 11.05.2024
6489
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Украина Харкив йўналишида ўз кучларини оширмоқда

Украина президенти Россиянинг шарқий фронтда ҳужуми кучайишига мамлакатнинг қатъий жавобини эълон қилди ва Ғарб ҳамкорларини мудофаа учун зарур бўлган қурол-яроғларни етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский 10 май, жума куни кечқурун нутқ сўзлаб, Россиянинг давом этаётган ҳужумига Украинанинг қатъий жавобини маълум қилди. «Асосий мавзу – Харкив вилоятида бугун Россия қўшинлари Украинага қарши амалиётларини кенгайтиришга ҳаракат қилди», — дейилади президентнинг Telegram'да эълон қилинган матнида. Зеленскийнинг ёзишича, душман кучлари катта, аммо Украина Қуролли кучлари жавоб зарбаларини муваффақиятли амалга оширмоқда.

«Биз Харкив йўналиши бўйича ҳам давлат чегарамиз бўйлаб, ҳам бутун фронт чизиғи бўйлаб уларни доимо йўқ қиламиз, Россиянинг ҳар қандай ҳужумкор ниятларига барҳам берамиз», дейилади хабарда.

Зеленский, шунингдек, Ғарб ҳамкорларини Украина ҳимоячиларини ваъда қилинган қуролларни ўз вақтида етказиб беришда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. «Ҳақиқатан ҳам фойдали пакет (ҳарбий ёрдам), бу - Украинага етказилган қурол, шунчаки улар ҳақидаги эълон эмас», - деб ёзган Украина президенти.

Кирби: Россиянинг Харкивга ҳужуми пайтида АҚШ Украинани қўллаб-қувватлайди

Оқ уйнинг 10 май куни маълум қилишича, Қўшма Штатлар Украинани Россия армиясининг кучайган ҳужумидан ҳимоя қилиш учун қурол-яроғ билан таъминлаш мақсадида кеча-ю кундуз ишламоқда, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри - 1,5 миллионлик Харкив нишонга олинган. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби журналистларга «руслар Харкивга каттароқ ҳужумга тайёрланаётган бўлиши мумкин», деди.

Шу куни Украина Мудофаа вазирлиги Россия армиясининг Харкив вилояти чегарасида ҳаракатлари фаоллашгани ҳақида баёнот берди. Фронтнинг ушбу секторида мудофаани кучайтириш учун у ерга захира бўлинмалари юборилди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги. Урушни ўрганиш институти (ISW) фикрича, Россия бундай ҳаракатлари билан Харкив аҳолисини шаҳарга эҳтимолий ҳужумни кутиб, қочишга мажбурламоқчи.

АҚШ Украинага фавқулодда ҳарбий ёрдам сифатида 400 миллион доллар ажратди

Аввалроқ 10 май куни АҚШ президенти Жо Байден Украинага мудофаа буюмлари, Мудофаа вазирлиги хизматлари ва ҳарбий тайёргарлик учун 400 миллион долларгача ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

Politico нашрининг ёзишича, ҳарбий ёрдам пакетига Америка ҳарбий омборларидаги қуроллар киради: Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари, Stinger зенит ракеталари, Bradley пиёдалар жанговар машиналари, MRAP зирҳли машиналари, танкка қарши Javelin тизимлари ва бошқа ўқ-дорилар.

Бундан ташқари, деб ёзади Reuters, Киевга артиллерия, NASAMS зенит-ракета комплекслари учун ўқ-дорилар, танкка қарши ўқ-дорилар, зирҳли машиналар ва жанг майдонида дарҳол фойдаланиш мумкин бўлган ўқ-дорилар берилиши керак.

Мавзуга оид