Ўзбекистон | 22:47 / 13.05.2024
5750
5 дақиқада ўқилади

13 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Меҳнат қонунчилиги энг кўп бузилаётган соҳалар, кўчмас мулк бозоридаги нархлар, Сурхондарёда қуриладиган пулли йўл ва маҳалла раислари сайловига оид янги қонун — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Қонунни бузишда таълим ва тиббиёт соҳаси етакчи

Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги энг кўп бузилаётган соҳалар маълум қилинди. Қайсилари деб ўйлайсиз? Адашмадингиз, таълим соҳаси бу борада етакчи.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2024 йилнинг январ-апрел ойи давомида қайд этилган ҳолатларни таҳлил қилиб чиқди. Унга кўра меҳнат қонунчилигининг энг кўп бузилиши халқ таълими муассасаларида кузатилган — 5 612 марта.

Кейинги ўринда ҳам таълим соҳаси — мактабгача таълим муассасалари — 2 173 та. Ҳаттоки учинчи ўрин ҳам 1215 та ҳолат билан бюджетдан маош олувчилар — соғлиқни сақлаш тизими. Кейинги ўринларда нисбатан пастроқ кўрсаткич билан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари жойлашган. 

Иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархлар

Ўзбекистонда иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархларнинг ўсиш суръати секинлашмоқда.

Марказий банк таҳлилларига кўра, 2024 йил март ойи ҳолатига иккиламчи бозордаги уй-жой нархларининг йиллик ўсиши сўмда 29,6 фоиз, долларда 17,7 фоиз бўлган. Бирламчи бозорда эса нархлар сўмда 39 фоизга, долларда 26,2 фоизга ошган. Айниқса Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида янги уй-жойлар нархининг ўсиш динамикаси тезлашган.

Таҳлилчиларга кўра, ҳисобот даврида республиканинг аксарият ҳудудларида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ошган. Тошкент шаҳрида эса, аксинча, ўтган йилга нисбатан битимлар сони 12 фоизга камайган. Ўтган чоракдан бошланган бу пасайишга қарамай, динамика ўрта муддатли даражада шаклланмоқда. 

Сурхондарёда пулли йўл қурилади

Хитой компанияси Термиз–Душанбе автойўлининг пулли дублёрини қурмоқчи.

Қурилиш ишлари билан Хитойнинг Hunan Industrial Equipment Installation Co. Ltd компанияси шуғулланади. Компания расмийлари 11 май куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан учрашган.

Қайд этилишича, Хитойнинг Hunan Industrial Equipment Installation Co. Ltd компанияси ўзининг 66 йиллик фаолияти давомида 40 минг километрдан зиёд узунликдаги пулли йўлларни қурган. 

Маҳалла раислари сайловига оид янги қонун

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокама порталида «Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Маҳалла раисларини сайлашга оид янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси 6 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлади ва унда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этувчи кузатувчиларнинг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Жумладан, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзод тегишли ҳудуддаги кўчалар, кўп квартирали уйлардан доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 10 фоизи киритган таклиф асосида кўрсатилиши назарда тутилмоқда. 

Автоҳалокатлар

Чилонзор туманида ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган, ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаган 2002 йилда туғилган фуқаро инспектор устига бошқарувидаги BYD машинасини ҳайдаб, уни уриб юборган. Инспектор “иккала сон суяги синиши” ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Tracker автомашинаси юк машинасига урилиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди. 59 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Tracker катта тезликда йўл четида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган. Авария оқибатида икки киши воқеа жойида, уч киши шифохонада вафот этган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада аварияга йўлдаги нотекислик сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шу вилоятдан яна бир хабар: Денов туман жиноят суди раиси Камолиддин Муродов йўл-транспорт ҳодисасига учрагани маълум бўлди. Воқеа 9 март куни содир бўлган.

Автомобил рулида суд раисининг адвокат таниши бўлган ва у оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган. Ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижаси муҳокама қилиниб, жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раисининг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 

Об-ҳаво маълумоти

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва жуда иссиқ об-ҳаво кутилмоқда. Жумладан, 14 май куни ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда +38 даражага етиши мумкин.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди ва ҳафтанинг ўртасига бориб +33...+36 даражага етади, жанубда ва чўл ҳудудларда +38 даражагача бўлади.

14 майдан бошлаб фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари Каспий денгизи ҳудудларидан кириб келган нам ҳаво таъсири остида бўлади. 14–15 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилоятининг шимолида баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар ёғади.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида нам ҳаво массалари шарққа қараб тарқалади ва республиканинг айрим жойларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати +25...+30 даражагача пасаяди. 

Мавзуга оид