Спорт | 11:26 / 13.05.2024
15445
9 дақиқада ўқилади

«Арсенал» «МЮ»ни енгди. Энди АПЛда барчаси сўнгги турда ҳал бўлади

Артета шогирдлари «Олд Траффорд»даги ўйинда ҳам уч очко олишди ва биринчи ўринга қайтишди.

Фото: Reuters

«Манчестер Юнайтед» — «Арсенал» 0:1
Гол:
Троссар (20).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака (Форсон, 87), Эванс (Камбвала, 75), Каземиро, Далот, Амрабат, Мактоминей, Майну (Эриксен, 87), Диалло (Антони, 70), Гарначо, Ҳойлунд (Уитли, 87). 
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Томиясу, Парти (Кивиор, 90+3), Эдегор (Жоржинио, 90+3), Райс, Ҳавертц, Троссар (Мартинелли, 66), Сака (Габриэл Жезус, 82).
Огоҳлантиришлар: Сака (71), Райя (90+4).

2013 йил 12 май куни «Олд Траффорд»да сэр Алекс Фергюсон билан дабдабали хайрлашув маросими ўтказилганди — буюк мураббий «Манчестер Юнайтед»нинг ўша мавсумдаги сўнгги уй ўйинида «Суонси» устидан қозонилган ғалаба билан «қизил иблислар» бошқарувини тарк этганди. Сўнгги мавсумида Фергюсон «МЮ»га 20-чемпион титулини тақдим этганди, шундан кейин Манчестернинг қизил томонида ола-ғовур даврлар бошланди. Ва бу ҳамон тугагани йўқ.

Роппа-роса 11 йил ўтиб «Юнайтед»нинг уй стадионида яна муҳим ўйин ўтказилди, аммо бу мезбонлар учун муҳим эмасди. «МЮ» бу мавсумнинг ҳеч бир қисмида етакчилик учун курашмади ва кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этмаслиги ҳам аниқ бўлиб улгурган, шундай экан жамоа фақат чемпионлик пойгасига фақат бевосита таъсир кўрсатиш имкониятига эга эди. «Манчестер Сити» ва «Арсенал» Англиянинг асосий соврини учун курашни давом эттирмоқда ва лондонликлар бу йўлда Манчестерда очко йўқотмаслиги талаб этиларди.

Микел Артета жамоаси муваффақият қозонишига деярли ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Бунга сабаб — етарлича. Биринчидан, «Арсенал» мавсумни жуда яхши ўтказмоқда ва улкан иштиёқ билан майдонга тушмоқда. Иккинчидан, «канонирлар» юқори спорт формасида, «Юнайтед» эса ўтган ҳафта бошида «Кристал Пэлас»дан тўртта  жавобсиз гол қабул қилиб олганди. Учинчидан, мезбонлар кадрлар муаммосига ботган: Эрик тен Ҳагда 36 ёшли Эвансдан ташқари барча асосий марказий ҳимоячилар сафдан чиққан, қолаверса саломатлигидаги муаммолар туфайли Рэшфорд ва Бруну Фернандеш ҳам ўйин қайдномасидан жой олмаганди. Бундай шароитда «МЮ»дан ғалаба уёқда турсин, сифатли футбол кутиш ҳам ўринсиз эди.

Аммо «Юнайтед» ўйинни ёмон бошламади, маълум оралиқларда тўпга эгалик қилиб, биринчи бўлимда зарбалар сони бўйича устунлик қилди (8:5) ва «Арсенал»га номсиз аутсайдер эмаслиги, балки ўз вақтида АПЛдаги асосий рақобатчиси бўлганини эслатиб қўйди. Аммо мезбонлардаги муаммолар фош бўлмаслиги мумкин эмасди. «МЮ»даги кадрлар муаммоси туфайли тен Ҳаг ўйинга бир вақтнинг ўзида тўрт нафар таянч яримҳимоячисини туширишга мажбур бўлди ва Каземиро яна ҳимоя марказида жойлашди.

Бразилиялик футболчини бу позицияга қўйиш аввалбошдан баҳсли қарор эди, у ўтган турдаги ўйинда рақибларга 8 бор ўзини алдаб ўтишга имкон берганди ва иккита голга сабабчи бўлганди. Бу сафар эса 21-дақиқада унинг позицияси ўзгартирилиши хато қарор экани яна бир бор ўз исботини топди.

Рақиб ҳужуми қайтарилганида Андре Онана майдон маркази томон пас берди, бу вақтда Каземиро дарвозабондан орқароқда эди.

Кейин бразилиялик майдон маркази томон жуда илдамлаб ҳаракатланди, бошқа жамоадошлари эса бу вақтда ундан анча олдинроққа чиқиб кетишганди. Каземиро қарама-қарши қанотда Ҳавертц бўш турганини кўрди, аммо у буни ташвишлантирмади. «Арсенал» ҳужумчиси эса илдамлик қилди: рақиб футболчиси ортда қолиб кетганини пайқаб, қўл кўтарган ҳолда тўп сўради.

Германиялик ҳужумчи Каземиронинг сусткашлиги туфайли офсайдда қолмасдан пас қабул қилиб олди ва Эвансдан осонлик билан қочиб кетиб, марказдан ҳужумга қўшилган Троссарни голли пас билан таъминлади.

Одатда «Арсенал» битта гол билан тўхтаб қолмайди. Лондонликлар мавсум якунида тўплар нисбати ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини тушунган ҳолда кўпинча рақибни йирик ҳисобларда тор-мор этади.

Аммо бу сафар Артета ҳайрон қолдирди: меҳмонлар эҳтиёткорлик режимига ўтишди ва одатий юқори прессингдан воз кечишди. Катта эҳтимол билан, испаниялик мутахассис таваккал қилиб ҳужумга боришдан кўра, уч очкони сақлаб қолишни афзал кўрди.

«Арсенал»нинг бахтига «МЮ» майдоннинг учинчи қисмида тақдим этилган бўш ҳудудлардан фойдалана олмади. «Қизил иблислар»га Фернандеш ва Рэшфорд йўқлигида креатив етишмади, Гарначо эса мунтазам равишда «Арсенал»нинг тиғиз ҳимоясини ёриб ўтишга бесамар уринди.

Танаффусдан кейин ҳам картина ўзгармади: лондонликлар ҳужумда фавқулодда пассив ҳаракатланишди, «МЮ» футболчилари эса ҳаракат қилишди, аммо хавфли вазиятлар ярата олишмади. «Арсенал» фақат ўйин охирларига бориб ҳужумга ўта бошлади.

Мартинелли майдонга тушиши ўйинни кучайтирди. 79-дақиқада гол уришга яқин эди, аммо Онана ва «МЮ» мудофааси «Арсенал» ҳужумларига дош берди. Тен Ҳаг эса ўйин охирида мухлисларга нотаниш номларни майдонга туширди, бу эса мезбонлар ҳужумини кучайтира олмади. «МЮ» бошқа гол ўтказмади, аммо ўзи ҳам гол ура олмади.

Турнир жадвалининг юқори қисмида вазият қандай?

«Арсенал» бу ғалаба эвазига «Сити»ни бир очкога ортда қолдирган ҳолда яна биринчи ўринга қайтди.

Лекин Гвардиола жамоаси ҳамон пойгада фаворит сифатида қолмоқда. Агар «Арсенал» бу турда очко йўқотганида, «шаҳарликлар»да қолган икки ўйиндан бирида очко йўқотиш ҳуқуқи қолган бўларди. Аммо лондонликлар хатога йўл қўймади – энди Пеп шогирдларининг ҳам хато қилишга ҳаққи йўқ.

«Сити»ни олдинда қийин сафар кутмоқда: жамоа «Тоттенҳэм»нинг янги стадионидаги мағлубиятли сериясини фақат шу йил бошида, Англия кубогида тўхтата олди. Бунгача сафар ўйинларида вазият қуйидагича эди:

  • 2019 йил 9 апрел, «Тоттенҳэм» – «Сити» – 1:0
  • 2020 йил 2 феврал, «Тоттенҳэм» – «Сити» – 2:0
  • 2020 йил 21 ноябр, «Тоттенҳэм» – «Сити» – 2:0
  • 2021 йил 15 август, «Тоттенҳэм» – «Сити» – 1:0
  • 2023 йил 5 феврал, «Тоттенҳэм» – «Сити» – 1:0
  • 2024 йил 26 январ, «Тоттенҳэм» – «Сити» – 0:1

Жамоаларнинг бу мавсум биринчи даврасида Манчестерда кечган ўйинида эса 3:3 ҳисобидаги дуранг қайд этилган.

Агар 14 май куни «Сити» «Тоттенҳэм» билан яна дуранг ўйнаса, Пеп ва Артета жамоаларида сўнгги тур арафасида очколар сони 86 тадан бўлади. Бундай ҳолатда «Арсенал» биринчи ўринда қолади: лондонликларда тўплар нисбати +61, «Сити»да – +58. 

«Сити» фанатлари «шпорлар»нинг формаси ёмонлигидан умид қилиши мумкин. «Тоттенҳэм» сўнгги беш учрашувдан тўрттасида мағлуб бўлиб, фақат чемпионшипни тарк этган «Бёрнли» устидан иродали ғалабага (2:1) эришди.

«Арсенал»да эса битта ўйин қолди: 19 май куни уйда «Эвертон» билан, Шон Дайч шогирдлари бу мавсум учун вазифани, лигада қолиш масаласини ҳал қилишган. «Сити» сўнгги турда «Вест Ҳэм»ни қабул қилади.

Сўнгги тур олдида ким пешқадам бўлиб туриши – ҳали сўроқ остида. Агар «Сити» «Тоттенҳэм»га ютқазиб қўйса, жамоанинг чемпионлик имкониятлари кескин пасайиб кетади. «Арсенал» футболчилари ва мухлислари энг ашаддий рақиб ёрдамидан умид қилишмоқда, «Олд Траффорд»даги ўйиндан кейин интервю берган Кай Ҳаверц ҳазил аралаш сешанба куни «Тоттенҳэм»нинг энг катта фанатига айланишини айтиб ўтди.

Шуниси аниқки, Англияда чемпионлик тақдири бир ҳафтадан кейин, сўнгги турда ҳал бўлади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид