18:02 / 20.05.2024
5704

Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи яна ошди

Ўлчовли олтин қуймалар ҳафтани янги нарх рекорди билан бошлади – 1 граммли олтин қуймалар 1 млн 38 минг сўмни ташкил қилмоқда. Нарх бир ҳафтада 2,7 фоизга ўсди.

Фото: Марказий банк

20 май, душанба куни Марказий банк ўлчовли олтин қуймалар ва эсдалик тангалар нархларини янгилади. Олтин қуймалар янги рекордга етиб, 1 граммли қуймалар нархи 1 млн 38 минг сўмни, мос равишда 5 граммли олтин 5 млн 158 минг сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафтага нисбатан олтин нархи 2,7 фоизга ўсди. Жума куни олтиннинг бир грамми нархи 1 008 040 сўмни ташкил қилаётганди. Бу бир кун олдинги нархдан 1,8 фоиз юқори дегани.

Қимматбаҳо металлнинг бир грамми бундан салкам бир ой аввал – 17 апрелда 1 миллион сўмдан ошиб кетганди. Ўзбекистонда йил бошидан буён олтин нархи 18,9 фоизга ошди.

Ўзбекистонда олтин нархларининг ошиши глобал нархлар ўсиши билан изоҳланмоқда. Жаҳонда олтин нархи узоқ муддатли рекордларни янгилашда давом этяпти. Айни пайтда олтиннинг бир троя унцияси 2443 долларга баҳоланмоқда, бу бир грамм учун 78,6 долларга тўғри келади.

Апрел ойининг биринчи 10 кунлигида олтин нархи 2400 долларга етиб, тарихий рекордини янгилаганди. Таҳлилчилар Марказий банк харидлари ва хавфсиз активларга талаб ортиши фонида нархларнинг янада ошиши эҳтимолини прогноз қилганди. Бунга инвесторлар орасида геосиёсий можаролар кучайиб бораётганидан хавотирнинг ортиши сабаб бўлди. Бундан ташқари, бозорга Хитой иқтисодиётининг ўсиши таъсир қилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

Top