Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ–Эрон президентлари келишувни имзолади
АҚШ ва Эрон чоршанба куни ўз президентлари урушга чек қўйиш мақсадида имзолаган муваққат келишув матнини эълон қилди. 14 банддан иборат келишув якуний сулҳ бўйича музокаралар олиб бориш учун оташкесим муддатини яна 60 кунга узайтиради.
Доналд Трамп ҳам, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ҳам меморандумни инглиз ва форс тилларида рақамли имзолаган. Эрон ташқи ишлар вазирлиги эса келишув чоршанба кунидан бошлаб кучга кирганини маълум қилди.
Трамп ҳужжатни Франция президенти Эммануэл Макрон билан Версал саройида — Биринчи жаҳон урушига расман чек қўйган машҳур шартнома имзоланган жойда имзолади.
Трамп Эронга ҳужум қилиш бўйича илгари сурган асосларидан камида биттасидан воз кечди. У Теҳронда баллистик ракеталар бўлмаслиги «адолатсизлик» бўлишини айтди.
«Мен шуни айтмоқчиманки, агар бошқа давлатларда бу нарса бўлса, уларда ҳам оз бўлса-да бўлмаслиги бироз адолатсизликдир», деди Трамп Парижда журналистларга.
Трамп феврал ойида «Эроннинг ракета саноатини ер билан битта қилиш» ҳақида ваъда берганди.
«Агар улар келишувни бузса, биз уларни аёвсиз бомбардимон қиламиз», деди Эрон ҳақида гапирар экан. Шунингдек, у эронликларни «ақлли одамлар» деб атади. АҚШ ва Эрон музокарачилари яқин 60 кун ичида доимий сулҳ устида иш олиб бормоқда, Трамп ушбу сулҳ Яқин Шарққа тинчлик олиб келиши ва нефт нархини пасайтиришига умид билдирган.
Эрон раҳбарлари эса ушбу лаҳзани байрам қилмоқда.
«Ҳарбий ҳаракатлар орқали эришмоқчи бўлган ҳамма нарсамизга музокаралар орқали бир неча баробар кўпроқ эришдик; буни ҳатто қиёслаб ҳам бўлмайди», деди Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф.
Меморандум барча жабҳаларда, жумладан, Ливанда урушни зудлик билан тўхтатишни, Ҳўрмуз бўғозида денгиз қатновини «ҳеч қандай тўловсиз» тўлиқ тиклашни, АҚШнинг Эрон портлари блокадасини олиб ташлашни, Эронга қарши санкцияларни бекор қилишни, унинг активларини музлатишдан чиқаришни ҳамда урушдан кейинги тикланиши учун 300 миллиард долларлик инвестиция фондини ташкил этишни кўзда тутади.
Россия–Украина уруши
Украина дронлари шу ҳафтада иккинчи марта Москвадаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди.
Пайшанба куни эрта тонгдан Москва узра юзлаб дронлар уриб туширилди, деб маълум қилди шаҳар мэри Сергей Собянин. Reuters гувоҳининг хабар беришича, Москва нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган туманда олов ва қалин тутун устунлари кўринган.
«Ҳаво мудофаа кучлари оммавий ҳужумни қайтаришда давом этмоқда. Бир нечта дрон Москва нефтни қайта ишлаш заводигача етиб боришга муваффақ бўлди», деди Собянин. Шунингдек, у савдо марказларидан бирига ҳам «енгил зарар» етганини қўшимча қилди.
Сешанба кунги дрон зарбаси ушбу завод фаолиятини тўхтатиб қўйган эди. Москвадаги энг гавжум аэропорт ҳисобланган Шереметево парвозларни вақтинча тўхтатди ва одамларни эвакуация қилди.
Киев ҳам шу ҳафтада иккинчи марта ҳаво ҳужумига учради — Россия Украина пойтахтига баллистик ракеталар билан зарба берди.
Киевда портлаш овозларини эшитган Суми шаҳри расмийлари дрон ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Украина ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш эълон қилинди.
Ушбу янги ҳужумлар Зеленский урушни музокаралар орқали тугатиш учун Россияга босимни кучайтиришга уринаётган вақтда юз берди.
Европада миграцияга қарши кураш
Европа парламенти Иттифоқда бошпана бериш рад этилган, бироқ ўз ватанига депортация қилиниши имконсиз бўлган чет элликларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги янги регламентни маъқуллади.
Бундай шахслар учун учинчи мамлакатларда вақтинчалик яшаш марказларини ташкил этишни кўзда тутувчи қоидаларни — 666 нафар депутатдан 418 нафари қўллаб-қувватлаган.
Ушбу «қайтариш хаблари» айнан қаерда ташкил этилиши ҳозирча номаълум. Мумкин бўлган вариантлар қаторида Африка давлатлари муҳокама қилинмоқда.
Янги регламент, шунингдек, яшаш учун рухсатномаси йўқлигига қарамай, ҳудудни тарк этишдан бош тортаётган шахсларга қатъийроқ санкцияларни кўзда тутади.
Бундай мигрантлар тез-тез ҳибсга олиниши кутилмоқда. Шунингдек, Европа Иттифоқига қайта киришни тақиқлаш чоралари тизимли равишда қўлланади. Ноқонуний миграцияга қарши курашишнинг янги эҳтимолий чоралари қаторида нафақалар миқдорини камайтириш ёки уларни тўлашни бутунлай тўхтатиш ҳам бор.
Брюссел янги қоидалар туфайли – кўплаб ноқонуний мигрантлар ўз ихтиёри билан ватанига қайтишга қарор қилади, деб умид қилмоқда.
Жанубий Корея буфер зонани қисқартирмоқчи
Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги фермерлар ва маҳаллий аҳолига кучли мустаҳкамланган чегара — демилитаризация қилинган зона яқинидаги ерларда 2027 йилдан бироз кўпроқ фойдаланишга рухсат бермоқчи.
Вазирликнинг билдиришича, ҳарбийлар томонидан назорат қилинадиган буфер зона — Фуқаролик назорати чизиғи 10 километрдан ўртача 6 километргача қисқартирилади.
«Фуқаролик назорати чизиғи тинч аҳоли киришини чеклаш ва ҳарбий амалиётларни кафолатлаш учун ташкил этилган эди. Бироқ унинг амалдаги назорат чораларини тўлдириш зарурлиги ҳақидаги чақириқлар тобора ортиб бормоқда», деди Жанубий Корея мудофаа вазири Ан Гю Бек.
Унинг айтишича, ҳарбий ишчи кучи қисқариб бораётган бир шароитда Фуқаролик назорати чизиғини тузатиш режаси ишлаб чиқилган.
Жанубий кореяликлар ушбу ҳудудда яшаш ёки деҳқончилик қилиш учун ҳарбийларнинг рухсатини олишлари шарт. Таҳлилчиларнинг фикрича, маҳаллий аҳоли жиддий иқтисодий ноқулайликларга дуч келмоқда.
«Биз ҳарбий амалиётларга халақит бермайдиган даражада минтақавий ривожланишга имкон берамиз», деди мудофаа вазири.
Икки Корея ҳозиргача расман уруш ҳолатида қолмоқда. Чунки 1950–1953 йиллардаги Корея уруши тинчлик шартномаси билан эмас, балки фақат сулҳ битими билан якунланган.
Фуқаролик назорати чизиғи – ушбу урушдан кейин Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги чегара бўйлаб ҳаракатланишни назорат қилиш ва ҳарбий объектларни ҳимоя қилиш учун ташкил этилган.
Бу чора Шимолий Кореянинг норозилигига сабаб бўлиши даргумон, чунки у чегаранинг фақат Жанубий Корея томонидаги ҳудудларига дахлдордир.
Мавзуга оид
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026
АҚШ-Эрон дастлабки келишуви ва Британия қўлга олган Россия танкери – кун дайжести
14:40 / 12.06.2026