Жаҳон | 15:42
935
8 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Нетаняҳу ноқулай вазиятда қолди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Доналд Трамп билан бошлаган уруши — Эроннинг диний раҳбарларини ағдаришига ва сайловлар олдидан ўз мавқейини мустаҳкамлашига умид боғлаганди.

Бироқ бунинг ўрнига, Исроил тарихида энг узоқ муддат бош вазирлик қилган Нетаняҳу Трамп билан тўқнашув йўлига кириб қолди. Сабаби АҚШ президенти урушдан чиқиб кетишга интилмоқда. Ҳар икки етакчининг ҳам мақсадлари амалга ошмай қолди, Исроилнинг ҳарбий амалиётлари эса Ливанда тиқилиб қолган.

Ҳозирча исроиллик расмийлар — танқидларга ўта таъсирчан Трамп маъмуриятини ғазаблантиришдан қўрқиб, оммавий баёнотларда эҳтиёткорлик кўрсатмоқда. Аммо ўзаро шахсий суҳбатларда норозилик кайфияти яққол кўриниб турибди.

«Дастлабки келишув Исроил учун даҳшатли», деган Reutersʼга исроиллик юқори мартабали мулозимлардан бири.

Таҳлилчиларга кўра, кузда кутилаётган сайловлар арафасида Нетаняҳу Трампга қарши чиқишга кўпроқ мойил бўлиши мумкин. Чунки у АҚШ президентининг содиқлигига шубҳа билан қарай бошлаган Исроил жамоатчилиги билан ҳисоблашишга мажбур бўлади.

B-52 ҳалокатга учради

Калифорнияда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли B-52 Stratofortress бомбардимончи самолёти ҳавога кўтарилиш пайтида ҳалокатга учради. Самолёт аланга ичида қолган ва бортдаги барча экипаж аъзоси ҳалок бўлган.

Ҳалокат 15 июн куни Мохаве саҳросидаги Edvards авиабазасида содир бўлди. Катта ядровий ва оддий бомбаларни ташишга мўлжалланган реактив самолёт синов топшириғини бажараётган бўлган.

Ҳалокат жойидан олинган аэро-видео тасвирларда футбол майдонидан каттароқ майдон тутаб ётгани, унинг атрофида эса фавқулодда хизматлар машинаси ҳаракатланаётгани кўринган. Масофадан туриб самолётнинг бирор йирик бўлагини яққол илғашнинг имкони бўлмаган. Ҳалокатдан сўнг вазият «омон қолиш имконсиз» деб баҳоланган.

Учиш-қўниш йўлагига зарар етгани сабабли авиабазадаги барча амалиётлар ҳам тўхтатилди. Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари расмийсига кўра, самолёт бортида саккиз нафар «аралаш экипаж» — фуқаролик ходимлар, пудратчилар ва ҳарбий хизматчилар бўлган. «Boeing» ҳалок бўлганлар орасида ўзининг икки нафар ходими борлигини тасдиқлади.

Ҳарбий-ҳаво кучлари расмийлари қурбонларнинг исм-шарифларини очиқламади.

30 тоннадан ортиқ юк билан қарийб 13 минг км уча оладиган B-52 Stratofortress самолётлари — АҚШ бошқариладиган стратегик бомбардимончи кучларининг таянчи ҳисобланади. B-52'ларнинг бугунги кундаги тахминий нархи 100 миллион долларгача баҳоланади.

Россияга қарши янги санкциялар

Европа Иттифоқи душанба куни Россиянинг уруш ҳаракатларига кўмаклашишда айбланаётганларга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди.

Европа Кенгашининг маълум қилишича, чекловлар рўйхатига жами 34 нафар жисмоний шахс ва 47 та тузилма қўшилган. Улар қуйидаги тоифаларга бўлинган:

  • Россия ҳарбий-саноат мажмуасига алоқадорлар;

  • Нефт ва газ танкерларидан иборат «соя флоти» вакиллари;

  • Сиёсий аралашув ва дезинформация билан шуғулланувчилар.

Санкцияга тушганлар орасида «Coral Energy» компанияси асосчиси Тоҳир Гараев ҳамда Константин Рогач бор. Европа Иттифоқининг билдиришича, Гараев асл келиб чиқишини яширган ҳолда Россия хом нефтини ташиш ва экспорт қилишга шароит яратиб берган.

Иттифоқ шунингдек, Алексей Навалнийнинг 2024 йилда заҳарланиши билан боғлиқ 15 нафар шахсни, жумладан, россиялик судя ва прокурорларни санкциялар рўйхатига киритди.

Бундан ташқари, Россия босқинчилик урушининг пропагандаси билан шуғулланган қатор журналист ва блогерлар, рус православ черкови епископи Георгий Шевкунов ҳам чекловлар остида қолди.

Евроиттифоқ бош дипломати Кая Каллас айни пайтда кенгроқ чекловларни кўзда тутувчи 21-санкциялар пакети муҳокама қилаётганини маълум қилди. «Санкциялар шу вақтгача Россия иқтисодиётига 1,3 триллион еврогача зарар келтирди», дея қўшимча қилди Каллас.

Британияда ҳам ижтимоий тармоқларга тақиқ

Буюк Британия 2027 йилда 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлайди. Бу ҳақда 15 июн куни мамлакат бош вазири Кир Стармер маълум қилди.

«Бугунги кунда болалар технологиялар ҳаётининг барча жабҳаларига кириб борган дунёда ўз ўрнини топишга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун биз болаларга уларнинг болалигини қайтармоқдамиз», деб ёзди Стармер.

Ҳукуматнинг аниқлик киритишича, мазкур чоралар жорий йил охиригача парламент муҳокамасига киритилади. Тегишли қоидалар 2027 йил баҳорида кучга кириши керак.

Ҳукумат Австралиядаги каби моделни қўллашни режалаштирмоқда. Тақиқ остига Snapchat, TikTok, YouTube, Instagram, Facebook ва X каби платформалар тушади. WhatsApp ва Signal каби мессенжерлар эса тақиқланмайди.

Расмийлар, шунингдек, 18 ёшгача бўлган шахслар учун тунги вақтларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ва контентни варақлашни (скроллинг) чеклаш масаласини ҳам кўриб чиқади.

Бундан ташқари, ҳар қандай AI чат-ботларида «романтик хизматлар»ни тақдим этувчи функциялар 18 ёшга тўлмаган шахслар учун чекланади.

Россияда стратегик бомбардимончи қулади

Тасодифнинг қарангки, душанба куни русларнинг Ту-22М3 стратегик бомбардимончи самолёти ҳам қулаб тушди. Фожиа Сибирнинг Иркутск вилоятида ўқув-машғулот парвози вақтида содир бўлган. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, самолётнинг тўрт кишилик экипажи бортни хавфсиз тарк этишга (катапулта қилишга) улгурган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда самолёт зич ўрмонзорга тик қулагани ва улкан тутун ҳосил қилгани кўринган. Расмийларга кўра, ердаги объектларга зарар етмаган, самолёт жанговар юкламасиз (ўқ-дориларсиз) парвоз қилаётган бўлган.

Экипажнинг барча тўрт нафар аъзоси ҳаёти учун хавфли бўлмаган жароҳатлар билан шифохонага етказилган.

Ҳиперсоник тезликка эга «Кинжал» ракеталарини ташишга қодир бўлган Ту-22 самолёти — совет даврига мансуб, товушдан тез учар бомбардимончи ҳисобланади. Россия ундан аввал Сурияда, кейинчалик Украинадаги жанговар топшириқларда фойдаланиб келмоқда.

Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб

Швеция парламенти муҳожирларнинг яшаш рухсатномаларини «номақбул хулқ-атвор» асосида бекор қилишга имкон берувчи қонунни қабул қилди.

Қонун матнида айнан қайси турдаги хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул деб ҳисобланиши батафсил аниқлаштирилмаган. Бироқ ҳукумат расмийлари мисол сифатида тўланмаган қарзлар, солиқлардан бўйин товлаш, жиноятчилик ва экстремистик гуруҳлар билан алоқаларни қайд этган.

Яшаш рухсатномаларини қайта кўриб чиқиш Миграция агентлиги зиммасига юклатилган бўлиб, унинг қарорлари устидан миграция судига шикоят қилиш имконияти мавжуд бўлади.

Янги қонун нафақат кўриб чиқилаётган аризаларга, балки аввал берилган рухсатномаларга ҳам тегишлидир. Бу чора – ўнг қанот ҳукумат ва уни қўлловчи миллатчи партия томонидан иммиграция қоидаларини қатъийлаштириш сиёсатининг бир қисмидир.

Иммиграцияни қисқартириш ваъдалари билан 2022 йилги сайловларда ғалаба қозонган амалдаги ҳукумат бундай “тартиббузар” шахслар Швецияда хуш кўрилмаслигини билдирган.

Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу қонунни асоссиз, деб танқид қилди. Чунки эндиликда рухсатномани бекор қилиш бўйича қарорлар – жиноий деб топилмаган хатти-ҳаракатлар асосида ҳам қабул қилиниши мумкин.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид