Жаҳон | 15:45
1089
8 дақиқада ўқилади

Британияда қамалган Хитой жосуслари ва Евроиттифоқ-Исроил можароси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Россия–Украина уруши

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, сўнгги 24 соат ичида мамлакат бўйлаб Украинанинг 1000 га яқин дрони ва тўртта қанотли ракетаси тутиб қолинган ва йўқ қилинган. Кечаги ҳужумда Ростов вилоятидаги нефт омборига ҳам зарба берилган ва у ерда бир киши ҳалок бўлган.

Умуман олганда, кечаги ҳужум уруш бошланганидан буён энг катта дронлар ҳужуми экани айтилмоқда. Москва томон учирилган 200 га яқин дрон нефт заводларига урилгач, пойтахт осмонидан қора нефт томчилари ёмғир бўлиб ёғди.

Москва расмийлари эса ҳар қандай «нефт ёмғири» ёғаётганини инкор этди. Аммо шаҳарнинг расмий Telegram каналида жабрланган туман аҳолиси деразаларни ёпиқ сақлаш ҳақида огоҳлантирилди.

Москвада дрон зарбалари ва унинг оқибатлари тасвирларини эълон қилишни тақиқлаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда юзлаб видеолар тарқалди. Энг драматик лаҳза – портлаш натижасида катта резервуарнинг қопқоғи ўнлаб метр юқорига учиб кетгани бўлди. Москвадаги тўртта аэропорт ҳам вақтинча ёпилди: 500 дан ортиқ авиарейслар бекор қилинди ёки қолдирилди.

Умуман олганда, кечаги тарқалган видеоларда Москвада бир неча соатга худди фронт чизиғига айланиб қолгандек тасаввур берди: кўчаларда ҳарбийлар дронларни уриш учун ракета учиряпти. Бутун осмонда дронлар учиб юрибди.

Аслида уруш бошлаганидан кейин Москва атрофида кенг кўламли ҳаво мудофаа тизимлари ўрнатилган. Аммо ҳеч қандай ҳаво мудофаа тизими дронларнинг оммавий ҳужумларидан тўлиқ ҳимояни кафолатлай олмаяпти.

Украина президенти Володимир Зеленский дрон зарбаси ўтган ҳафтада Киевдаги тарихий монастирни олов ичида қолдирган ҳужумга жавоб эканини айтди. «Биз бу урушни хоҳламаймиз ва ҳеч қачон хоҳламаганмиз. Лекин агар Украина ёнса, сизларнинг Москвангиз ҳам ёнади», деди Зеленский.

Бунга жавобан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинага «оммавий миқёсда» зарбалар берилишини айтди.

Ғазодаги вазият

Ғазода 2025 йил октябр ойида сулҳ ўрнатилганидан кейин Исроил ҳужуми натижасида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 1000 дан ошди. Исроил томони эса ушбу даврда тўрт нафар аскари ўлдирилганини айтмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш идорасига кўра, сўнгги зарбалар оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган.

Шифокорларнинг таъкидлашича, Исроилнинг зарбаси Ғазо шаҳридаги асосий кўчада кетаётган автомобилга теккан ва уч киши ҳалок бўлган. Пайшанба куни кечроқ Ғазонинг марказий ҳудуди яқинида Исроил кучлари яна бир кишини ўлдирди.

Бу зўравонликлар – воситачиларнинг сулҳ тузиш бўйича янги уринишларига қарамай давом этмоқда. Исроил ҳарбийлари эса Ҳамас аскарларини нишонга олганини билдирди.

Исроил ва Ҳамас Трампнинг Ғазо бўйича режасининг кейинги босқичини қандай амалга ошириш борасида боши берк кўчага кириб қолган. Ушбу режа Ҳамаснинг қуролларини топширишини ва Исроил қўшинларининг олиб чиқилишини кўзда тутади.

Музокараларга яқин икки манбанинг сўзларига кўра, Тинчлик кенгаши махсус вакили Николай Младенов шу ҳафтада Қоҳирада Миср, Қатар ва Туркия воситачилари билан музокаралар ўтказган. Младенов Ҳамас ва бошқа гуруҳларга «йўл харитаси»нинг қайта кўриб чиқилган вариантини топширган. Ҳамас расмийси Reuters агентлигига ушбу ҳужжат ҳозирда ўрганиб чиқилаётганини тасдиқлади.

Британияда Хитой жосуслари қамалди

Британияда икки эркак Хитойга жосуслик қилишда айбланиб 8 ва 10 йилга қамалди. Улар Ҳонгконг ва пировардида Хитой фойдасига ишлаган ҳамда Британияда истиқомат қилаётган, демократия тарафдори бўлган диссидентларни жосуслик йўли билан кузатишда айбдор деб топилди.

Айбдорлардан бири Буюк Британия чегара хизматида ишлаган 66 ёшли Билл Юан ва 41 ёшли Питер Вай. Улар 2023 йил декабридан 2024 йил майгача белгиланган нишонларни яширинча кузатиб боришган. Вай, шунингдек, лавозимидан суиистеъмол қилиб, нишондагилар маълумотларини қидириш учун Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базасига ноқонуний кирган.

Улар Британияда Хитой фойдасига жосусликда айбланиб жазоланган биринчи шахслар деб ҳисобланмоқда. Судя Юанни саккиз йилга, Вайни эса 10 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ҳар иккаласи ҳам Хитой ва Британия фуқаролигига эга бўлган бу шахслар қўйилган айбловларни рад этди. Хитойнинг Лондондаги элчихонаси эса ушбу суд ишини «сиёсий юришдан бошқа нарса эмас» деб атади.

Женевада маросим бўлмайди

АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс Швейцарияда эронлик музокарачилар билан учрашиш режалаштирилган сафарини бекор қилди. АҚШ расмийлари шу ҳафтада Женевада АҚШ–Эрон келишувини расмий имзолаш маросими ўтказилишини айтганди. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазирлиги ҳар икки давлат президентлари келишувни имзолаганидан кейин бунга эҳтиёж йўқлигини айтиб, шубҳа билдирган.

Шунингдек, Эрон сулҳ 60 кунга узайтирилганидан кейин техник музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилганди. Кейинроқ Эрон ОАВлари дастлаб АҚШ келишувни амалга ошираётганига оид белгиларни кўриши кераклигини хабар қилди.

Эрон Олий раҳнамоси Мужтаба Хоминаий Трамп бу битимни «чорасизликдан» имзолаганини айтди. Бу Эрон ядро дастури бўйича бўлажак музокаралар осон кечмаслигига сигнал дея кўрилмоқда. «Агар Америка томони ҳаддан ташқари кўп нарса талаб қилмоқчи бўлса, биз буни қабул қилмаймиз», деди у ўзининг ёзма мурожаатида.

Тинчлик музокараларига киритилмаган Исроил эса Ливанда жангларни давом эттирмоқда. Бу эса келишувнинг кучда қолиш-қолмаслиги борасида саволлар туғдирмоқда.

Исроил ва Евроиттифоқ можароси

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саъар пайшанба куни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Кая Каллас билан алоқаларни узаётганини маълум қилди.

Бу қадам Ғазодаги уруш, Ғарбий соҳилдаги зўравонликлар сабаб Европа Иттифоқи ва Исроил ўртаси муносабатлар кескинлашган бир пайтда юз бермоқда.

Саъарга кўра, Каллас «бир қанча вақтдан бери Исроил давлатига нисбатан ашаддий ва очиқдан очиқ адолатсизлик билан муносабатда бўлмоқда».

Исроил ташқи ишлар вазири «Euractiv» нашрининг 12 июндаги хабарига ишора қилди. Унда Каллас “Исроилнинг Ғазо ва Ғарбий соҳилда фаластинликларга муносабатини – Жанубий Африканинг апартеид режими хатти-ҳаракатларига қиёслагани” даъво қилинади.

Иттифоқнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас эса Евроиттифоқ Исроил билан конструктив муносабатларга «ҳар доим содиқ» эканини таъкидлади. Лекин айнан апартеид ҳақидаги сўзларга изоҳ бермади.

«Яқин Шарққа тинчлик олиб келиш учун икки давлат ечими бирдан-бир мақбул йўлдир. Европа Иттифоқи бу мақсадга эришишни тобора қийинлаштираётган Исроилнинг ноқонуний аҳоли пунктлари қурилишини қоралаган. Бу Европа Иттифоқининг позициясидир», деб ёзди Каллас.

Ҳафта бошида Каллас бир қатор аъзо давлатлар чақириғидан сўнг, Европа Иттифоқи Исроил аҳоли пунктлари билан савдони чеклашни ўрганиб чиқишини айтганди. Ўтган ойда у Ғарбий соҳилдаги кўчманчиларга нисбатан санкциялар жорий этилганини эълон қилган эди.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид