Жаҳон | 08:07 / 22.05.2024
3485
2 дақиқада ўқилади

Молдова ЕИ билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномасини тузди

Молдова Европа Иттифоқи билан хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномасини имзолаган биринчи давлат бўлди.

Фото: Imago/Itar-Tass

Молдова Европа Иттифоқи билан хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномасини имзолади. 21 май, сешанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел таъкидлашича, республика Европа Иттифоқи билан бундай ҳужжатни имзолаган биринчи давлат бўлди.

«Ушбу ҳамкорлик мамлакатнинг барқарорлигини мустаҳкамлайди. Бу бизга умумий хавфсизлик муаммоларини биргаликда ҳал қилиш, ўзаро муносабатларимизни янада самарали қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш имконини беради», деб ёзади Боррел. 

Европа дипломатияси раҳбари бошқа давлатлар билан «дўст мамлакатлар тармоғи»ни яратиш, уларнинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва киберхавфсизлик каби масалалар бўйича «яқин ҳамкорликни» таъминлаш бўйича худди шундай шартномалар тузилишини эълон қилди, деб таъкидлади AFP. 

Ҳамкорлик режаси 28 банддан иборат

Ҳамкорлик режаси 28 банддан иборат, деб хабар беради Reuters. Ҳужжат «хавфсизлик бўйича мураккаблашиб бораётган муҳит»ни ҳисобга олади ва «кенг кўламли маслаҳатлашувлар»га чақиради. Матнда кибертаҳдидлардан ташқари, дезинформация, терроризмга қарши кураш ва «Молдованинг миллий хавфсизлиги, барқарорлиги ва мудофаадаги мустаҳкамлигини мустаҳкамлаш» ҳақида сўз боради. Ҳамкорлик чегара назорати, одам савдоси ва уюшган жиноятчилик масалаларини ҳам қамраб олади. 

Республика бош вазири Дорин Речан келишувни «Молдова фуқаролари учун тинчлик ва барқарорликни таъминлаш механизми» деб атади. 

Мавзуга оид