Жаҳон | 13:00 / 25.05.2024
5084
9 дақиқада ўқилади

Ўлим ёқасидаги ғазолик чақалоқлар, Халқаро суднинг Исроилга буйруғи ва ковид пандемияси қурбонлари — кун дайжести

Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазодаги журналистлар секторнинг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида юз бераётган воқеалар тафсилотларини хабар қилишмоқда.

Исроил оккупация қўшинлари кучлари ҳарбий техникалари Мисор-Фаластин чегараси яқинидаги Салоҳиддин туманида тўпланган. Улар фаластинликларнинг турар жойларини бузиб ташлаш билан машғул бўлишмоқда.

Исроил техникалари, шунингдек, Рафаҳнинг марказидаги Зулнурайн жоме масжиди олдига йиғилган. Исроил кучларининг артиллерияси фаластинликларнинг турар жойларини нишонга олмоқда. Исроилликлар нафақат артиллерия, ҳарбий техника ва дрон-квадрокоптерлар билан Ғазо секторида яшовчиларнинг уйларига ўт очишмоқда, ҳаттоки дронларидан бири одамлар тўпланган жойга ҳужум қилган. Бир киши ўлган, бир неча киши яраланган.

Бундан ташқари Исроил босқинчи кучларининг авиацияси Рафаҳдан шарқда жойлашган Ал-Жнайна туманидаги бир нечта турар жойлар ва чегараолди объектларига зарба берган.

UNICEF Ғазодаги шифохонада чақалоқлар ўлим таҳдидига дуч келганидан огоҳлантирди. Ғазодаги «Ал-Ақсо шаҳидлари» шифохонасида янги туғилган чақалоқларнинг ҳаёти ёқилғи маҳсулотлари етишмаслиги туфайли таҳдид остида қолган, деб хабар берган БМТнинг болалар фонди UNICEF.

«Ғазонинг Дайр-ул-Балаҳ шаҳрида жойлашган «Ақсо» касалхонасига ёқилғи маҳсулотларини мунтазам етказишнинг имконияти бўлмаётгани сабабли кислород генераторлар ўчиб қолиши мумкин. Бу эса барокамерада жойлашган 20 дан ортиқ чақалоқларнинг ҳаёти хавф остида қолишига олиб келади», — дейилади фонд баёнотида.

Баёнотда қайд этилишича, Ғазога етказилаётган ёқилғи маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва уни етказиш учун зудлик билан хавфсиз йўлаклар ташкил этилиши керак. UNICEF’дагиларнинг огоҳлантиришича, фақатгина шу йўл билан ҳуманитар миссия ходимлари ўз мажбуриятларини бажариш имкониятига эга бўлишади.

Шифохона маъмуриятига кўра, касалхонада пайдо бўлган вазият туфайли касалхонадаги 1200 га яқин беморлар ва ярадорлар ўлим хавфига дучор бўлишмоқда.

Урушнинг 231-кунига келиб, Ғазода қурбон бўлган фаластинликлар сони 35 минг 857 нафарга етган. 80 минг 293 киши ярадор бўлган.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил кучлари томонидан 9 та оммавий қирғин уюштирилиши натижасида 57 киши ҳалок бўлган, 93 киши яраланган.

Ҳаага суди қарори

Ҳаагадаги БМТ Халқаро суди Исроилга Рафаҳдаги ҳарбий операцияни тўхтатишни буюрди. Судялар ҳайъатига кўра, Исроилнинг бу ҳужуми Фаластин халқи учун «жуда катта хавф» туғдиради.

15 нафар судялар ҳайъатидан иборат Халқаро суднинг қарорлари БМТга аъзо барча давлатлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади, лекин халқаро ҳуқуқда суд қарорларини ижрога қаратиш имкониятлари йўқ.

Сўд қарорига кўра, Исроил:

·      Рафаҳдаги ҳарбий операцияни тўхтатиши;

·      катта миқдорда инсонпарварлик ёрдамлари кириб келиши учун Рафаҳда Миср билан чегара ўтказиш пунктини очиши;

·      фактларни ўрганиш учун Ғазога терговчилар ва миссияларнинг кириб боришига имкон бериши;

·      1 ой муддат ичида бу чораларнинг амалга оширилиши борасида судга ҳисобот бериши керак.

Жума кунги қарорни ўқиб эшиттирган суд раиси Навоф Саломнинг сўзларига кўра, суднинг аввалги, март ойидаги қарори Фаластиннинг қамалда қолган анклавидаги ҳолатга тўлақонли мос келмай қолган ва жорий вазият янги шошилинч чора кўришни тақозо қилган.

Навоф Салом Рафаҳдаги ҳуманитар вазиятни «ҳалокатли» деб атади. Унга кўра, Исроил томони уруши давомида аҳолини Рафаҳга кўчишга мажбур қилган. Халқаро суд раиси 800 минг фаластинлик ўз уйини ташлаб чиққанини таъкидлар экан, Исроил томонининг хавфсизлик ва инсонпарварлик ёрдамлари кириб келиши имконияти таъминлаб қўйгани ҳақидаги гапларига ишонмаслигини айтган.

Жанубий Африка Республикаси 10 май куни Халқаро судга мурожаат қилиб, Исроилнинг Рафаҳга ҳужумлари Ғазо аҳолисининг ҳуқуқларига тиклаб бўлмас зиён етказаётганини асос қилиб келтирган эди.

16–17 май кунлари даъво аризаси бўйича эшиттирувлар бўлиб ўтиб, жума куни Халқаро суд бу масалалар бўйича ўзининг якуний қарорини эълон қилди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу БМТ Халқаро судининг қарорига жавоб тайёрлашни муҳокама қилиш учун вазирлар маҳкамасини тўплаган.

Исроил матбуоти хабарларига кўра, Нетаняҳу ўзининг ҳамфикрлари билан учрашувда Халқаро жиноят суди томонидан эълон қилинган қарорларга қандай жавоб қайтаришни муҳокама қилган.

Исроил молия вазири, ултра ўнг миллатчи ва фашист Бецалел Смотрич Исроил ҳукумати бу буйруқни қабул қилмаслигини таъкидлади.

Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид эса БМТ суди урушни тўхтатиш талаби билан исроиллик асирларни қайтариш талабини адаштириб юборганини таъкидлади. Лапид Халқаро суднинг бундай адашишини «ахлоқий қулаш ва ахлоқий фалокат» деб атади.

Украинадаги уруш

Россия президенти Владимир Путин янги ҳарбий сафарбарлик ўтказилишини истамайди ва урушни айни пайтдаги фронт чизиғида «музлатиш»га тайёр, деб ёзади Reuters агентлиги.

Агентлик Россия етакчиси атрофидаги ўзининг тўртта манбасига асосланиб, хабар қилишича, Владимир Путин урушни «фронтнинг ҳозирги чизиғини тан олувчи ва ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги музокаралар йўли билан» тўхтатишга рози.

Уларнинг сўзларига кўра, «агар Киев ва ғарб бу таклифга эътибор бермаса», Путин урушни давом эттиришга ҳам тайёр. Шунингдек, сиёсатчи ўз маслаҳатчилари доирасида ғарб давлатларининг музокараларга халақит беришга уриниш ҳамда Украиана президенти Зеленскийнинг музокараларни инобатдан соқит қилиш қароридан норози эканлигини маълум қилган.

Путин қанча лозим бўлса, шунча урушишга тайёр, лекин у урушни «музлатиш» учун ўт очишни тўхтатишга ҳам тайёр, — деган Reuter’нинг Путин билан бирга ишлаган манбаси.

Агентлик ҳамсуҳбатларининг сўзларига кўра, Путин урушдаги жорий муваффақиятларни Россия халқига ғалаба сифатида «тақдим» этиш учун етарли деб ҳисоблайди ва Россиянинг жанг майдонидаги ютуқларидан «урушни тарихда қолдириш» йўлида фойдаланишни афзал билади. .

Путин янги марраларга эришиш яна бир умуммиллий ҳарбий сафарбарлик талаб этишини жуда яхши тушунади ва ўзи буни истамайди, деган уч манба.

Дарвоқе, Беларусга давлат ташрифи билан борган президент Путин Украина президенти Володимир Зеленский ўз легитимлигини йўқотганини ҳам таъкидлаб ўтган.

Россия тинчлик музокараларини рад этмайди, лекин уни фақат Украинанинг «қонуний ҳокимияти» билан олиб боришга тайёр, деган Владимир Путин.

COVID-19 пандемияси қурбонлари

2020-2021 йилларда COVID-19 пандемияси оқибатида вафот этганлар сони маълум қилинди. Коронавирус 2020 йилда ўлимнинг энг кўп учрайдиган сабаблари орасида учинчи, 2021 йилда эса иккинчи ўринни эгаллаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, 2020 ва 2021 йилларда COVID-19 пандемияси мос равишда 4,1 миллион ва 8,8 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Ҳисоботда қайд қилинишича, COVID-19 туфайли жаҳонда ўртача умр кўриш икки йил ичида 1,8 йилга қисқарган ва 2012 йил даражасига қайтиб, ўртача 71,4 ёшни ташкил этди. 2021 йилда «глобал соғлом умр кўриш давомийлиги» 1,5 йилга қисқариб, 61,9 ёшни ташкил қилди.

ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус глобал соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш орқали саломатлик тараққиёти ва мустаҳкамланиши кузатилаётганини таъкидлади.

«Аммо биз тараққиёт нақадар заиф эканлигини тан олишимиз керак. Икки йил ичида COVID-19 пандемияси умр кўриш давомийлигининг ўн йиллик ўсишини йўқ қилди», деган Гебрейесус.

2024 йил баҳоридан бошлаб айрим давлатларда олимлар COVID-19 билан касалланишнинг сезиларли ўсишини қайд эта бошладилар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсишнинг аксарияти FLiRT вируси варианти билан боғлиқ, у коронавируснинг Omicron версияси авлодининг бир қисмидир.

Олимлар FLiRT варианти ковиднинг ёзги тўлқинига олиб келиши мумкинлигини рад этмаяпти, аммо пандемиянинг қайтиши ҳақида гапиришга ўрин йўқ. Ҳозирча бу вирус аҳолининг заиф қатламлари учун хавф туғдирмоқда. 

Мавзуга оид