Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Халқаро суд прокурори нега Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер сўраётганини тушунтирди
Карим Аҳмад Хон инглиз нашрига берган интервюсида ўз позициясини тушунтириш учун Шимолий Ирландиядаги сепаратизмни мисол қилиб келтирди. У айирмачиларнинг бош вазирга суиқасд ва теракт уюштирганига қарамай, расмий Лондон Белфастга 2000 фунтлик бомба ташлаш ҳақида ўйламаганини таъкидлади. “Бундай уруш қилиш мумкин эмас”, деди у.

Фото: Халқаро суд
БМТ Халқаро суди прокурори, британиялик юрист Карим Аҳмад Хон суддан Исроил ва ҲАМАС раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрагани юзасидан изоҳ берди.
У Британиянинг The Times нашрига берган интервюсида айтишича, Исроил – ҳуқуқий-демократик давлат, шу сабабли у ҲАМАС билан тенг эмас. Исроил ўзини ҳимоя қилиш ва гаровга олинганларни қайтариш ҳуқуқига эга, лекин уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятларни содир этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Прокурор ўз фикрини тушунтираркан, Шимолий Ирландияда 1960-йиллардан 1998 йилгача давом этган можарони мисол қилиб келтирди. Ўшанда айирмачи ирландлар Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчерни ўлдиришга уринган, Британия парламенти биносидаги портлашда депутат Эйри Нив ва лорд Маунтбеттен ҳалок бўлганди. Шунингдек, Шимолий Ирландиядаги Эннискиллен шаҳрида теракт содир этилган, “Ирландия республика армияси” (ИРА – айирмачи гуруҳ) аъзолари қўлга олинганларни қийноққа солган.
“Лекин инглизлар: “Хўш, [Белфаст шаҳри марказидаги] Фоллс-роудда ИРА аъзолари ва тарафдорлари бўлиши мумкин, бу шубҳасиз, шунинг учун келинглар, Фоллс-роудга 2000 фунтлик бомба ташлайлик” дейишмаган. Бундай қилиш мумкин эмас”, – деди Хон.
Прокурор Буюк Британия бош вазири Риши Сунак ва Америка президенти Жо Байденнинг гапларига муносабат билдирди. Сунак Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер берилишини сўраш “мутлақо бефойда” эканини айтган бўлса, Байден бундай сўров одамнинг “ғазабини келтириши”ни айтганди.
“Бизнинг ишимиз дўст орттириш эмас. Бизни олқишлашса ҳам, қоралашса ҳам, ўз ишимизни қилишимиз керак. Биз тобора қутбланиб бораётган дунёда ҳар бир боланинг, ҳар бир аёлнинг, ҳар бир фуқаронинг тенг қадр-қимматли эканига урғу беришимиз керак. Агар биз бундай қилмасак, бизнинг нима керагимиз бор?” – дея тушунтирди у.
“Агар давлатлар [ҳибсга олиш ордерини бажариш бўйича] чора кўрмаса, бу катта оқибатларга олиб келади. Халқаро суд – уларнинг фарзанди, мен эса шунчаки энага ёки ёлланган ёрдамчиман. Уларда танлов имконияти бор: бу болага ғамхўрлик қилиш ёки уни ташлаб кетгани учун жавобгар бўлиш”, – дея таъкидлади Карим Аҳмад Хон.
У фаластинлик болаларнинг тақдири қандай кечаётгани ҳақидаги халқаро хайрия ташкилотларининг ҳисоботларига эътибор қаратишга чақирди. “Ёки, – дея давом этди прокурор, – америкалик ва британиялик шифокорларнинг Фаластин ҳудудида анестезиясиз қилинаётган ампутациялар, электр таъминотидаги узилишлар туфайли ўлаётган чақалоқлар ва инсулиндан маҳрум беморлар ҳақида нималар дейишаётганини тинглашимиз керак”.
“Урушни бунақа олиб бориш мумкин эмас. Агар халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш шундай бўлса, Женева конвенсиялари бефойда”, — дея хулоса қилди Хон.
Прокурорнинг қўшимча қилишича, унинг офисига ҳар куни таҳдид ва бошқача шаклдаги босимлардан иборат хабарлар келади.
Маълумот учун, БМТ Халқаро суди прокурори Карим Аҳмад Хон суддан Исроил ва ҲАМАСнинг юқори лавозимлари мансабдорларини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрагани ҳақида 20 май куни маълум қилди.
Прокурорнинг сўровида Исроил томонидан бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлант кўрсатилган. Улар “қирғин қилиш ва очликдан ўлдиришни уруш усули сифатида қўллаш, хусусан гуманитар ёрдам етказиб берилишига тўсқинлик қилиш, тинч аҳолига қасаддан ҳужум уюштириш”да айбланмоқда.
Фаластин томонидан эса, прокурорнинг хулосасига кўра, ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти – Ал-Қассам бригадаси раҳбари Муҳаммад Диаб Иброҳим ал-Масри ва гуруҳнинг сиёсий раҳбари Исмоил Хония ҳибсга олиниши керак. Карим Аҳмад Хон уларга “қирғин қилиш, қотиллик, гаровга олиш, тутқунликдаги шахсни зўрлаш” айбловларини қўйган.
Исроил бош вазири Бинянмин Нетаняҳу Халқаро суд прокурорининг позициясини “ҳақиқатни мутлақо бузиб кўрсатиш” ва “янги антисемитизм” деб атади.
Жанубий Африка Республикасининг Исроил томонидан Фаластинда геноцид амалга оширилаётгани бўйича даъвосини кўриб чиқаётган Халқаро суд жума куни навбатдаги оралиқ қарорини эълон қилди. Қарорда Исроил зиммасига Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумни зудлик билан тўхтатиш, секторга терговчилар киришига имкон бериш мажбуриятлари юклатилган.
Аввалроқ БМТ хавфсизлик нуқтайи назаридан Рафаҳда озиқ-овқат тарқатишни тўхтатишга мажбур бўлганди.
Тавсия этамиз
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
20 июлдан бошлаб 1-2 кунга хорижга чиққанлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди
Иқтисодиёт | 19:31 / 15.07.2025
Болаларни итдек вовуллатган «дефектолог»га янги жиноий иш очилди
Жамият | 18:06 / 15.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Жазирамадан денгизга: нега Бали, Малдив ва Туркияни танлашади?
Жамият | 17:22
-
«Бу табиатга бешафқат муносабат» – депутат тадбиркор Мурод Назаровнинг таклифини танқид қилди
Ўзбекистон | 17:16
-
Чиройли эмас – хавфсиз бўлсин: қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак қандай танланади?
Жамият | 17:05
-
Томда меҳмонхона қуриш мумкинми?
Ўзбекистон | 16:09
Мавзуга оид

13:06
Исроилга халқаро босим давом этмоқда: ХЖС ордерларни кучида қолдирди, Словения санкция жорий қилди

09:33 / 17.07.2025
UNRWA: Ғазодаги болалар тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда

08:41 / 17.07.2025
UNRWA: Исроил 7 октябрдан бери Ғазода ҳар куни «бир синф болаларни» ўлдирмоқда

11:06 / 14.07.2025