Фарғона шаҳрида қизиқ ишлар бўляпти. Аҳоли қаршилигига қарамай ал-Фарғоний кўчасидаги 7 қаватли уйнинг томида меҳмонхона қурилиши бошланган. Бундан 3 йил аввал ҳам тадбиркор худди шу уйнинг томида меҳмонхона қуришга ҳозирлик кўраётган бир пайтда жиддий қаршиликка учраб, ишни тўхтатиб қўйганди. Шу кунларда томдаги бетон бўлаклари олиб ташланиб, яна меҳмонхона қуришга киришилган.
Kun.uz мухбири таҳририятга келиб тушган мурожаатга асосан ҳолатни ўрганди:
Меҳмонхона ҳақида усталардан эшитдик...
“Томдаги бетонларни олишяпти. Ремонт қиляпмиз дейишди. Ремонт учун бу бетонларни олишнинг нима кераги бор? Бу уйни ушлаб турган устун бўлса. Тўртта болам билан яшайман мана шу томнинг тагида. Яшашга қўрқиб қолдик. Нима қурилаётганини айтишмади. Усталардан эшитдик бу ҳақда. Аҳолининг хабари йўқ. Мустаҳкам бир яхши турган бетон бўлакларини “болгарка”да кесиб ташлашди. Томга чиқсак, мана шунақа аҳвол. Инспекцияни чақирдик, прокуратурага бордик. Прокуратурадагилар 15 кун ичида масала кўриб чиқилади дейишди”, дейди Нозима Абдуллаева.

Бетонлар олиб ташланди...
“Қурилиш қилаётган Баҳодир ака аҳолига томда нима ишлар қилинаётгани ҳақида ҳеч нарса демади. Йиғилиш ҳам қилгани йўқ. Нима учун бетонлар олиняпти? Ҳамма ҳайрон. Жанжал кўтарилганидан кейин томдаги синиқ шиферларни алмаштиряпмиз дейишга ўтиб олди.
Том устига нима қурмоқчисизлар деб савол берсак, ҳеч ким жавоб бермаяпти. Усталар билан қўшнилар гаплашган. Улар томда 20 та уй қурилади дейишган”, дейди Севара Абдулҳамидова.

Ўзини ширкат бошлиғи деб таништирган ва шу қурилишга бош-қош бўлиб турган Бахтиёр Аҳмедов томда меҳмонхона қурилиши эмас, яроқсиз ҳолатга келган шифер ва бетон бўлакларини алмаштириш ишлари олиб борилаётганини айтди.

“Мана шу эскириб кетган шиферларни олиб, янгисига алмаштиряпмиз. Чунки аҳоли шамолда шиферлар учяпти деб бизга мурожаат қилишган. Томни чиқиндилардан тозалаб, таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз холос.













