Ёз фасли қуёш нурлари энг фаол бўладиган давр. Бу пайтда офтобдан келаётган UV (ултрабинафша) нурлари тери билан бир қаторда кўзни ҳам шикастлайди. Хусусан, қуёш нурлари таъсирида кўзда

  • катаракта;
  • тўр парданинг зарарланиши;
  • қуриш;
  • фотофобия (ёруғликка сезувчанлик) каби муаммолар кузатилиши аниқланган. Шу сабабдан қуёш нурларидан кўзларни ҳимоя қилиш саломатликни асраш нуқтайи назаридан муҳим чора ҳисобланади.

Соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган вақт оралиғида ултрабинафшавий нурланиш энг юқори даражага чиқади. Бу вақтда очиқ ҳавода юриш кўз тўқималарига ортиқча юклама беради. Натижада кўзнинг ички қатламлари, айниқса, тўр парда (сетчатка) ва гавҳар қават (линса) яллиғланади. Мазкур ҳолатнинг узоқ муддатли таъсири эса кўзнинг эрта қариши ва кўриш қобилиятининг заифлашувига олиб келиши мумкин.

Жазирама кунларда кўзни қуёшнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш учун кўзойнак тақиш тавсия этилади. Унинг фақат чиройли аксессуар эмас, ҳақиқий ҳимоя воситаси сифатида хизмат қилиши учун эса танловда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш зарур:

UV400 белгиси

Қора линзали кўзойнакни таққанингизда кўз қорачиғи автоматик равишда кенгаяди, чунки кўз атрофдаги ёруғлик миқдорини камайган деб қабул қилади. Агар кўзойнакда УВ филтри бўлмаса, кенгайган қорачиқ орқали зарарли ултрабинафша нурлари кўзойнак тақилмаган ҳолатдагидан кўпроқ миқдорда ичкарига киради.

UV400махсус белги бўлиб, бундай нишони бор кўзойнак линзаси 400 нанометргача бўлган, яъни инсон кўзига зарар етказиш эҳтимоли юқори ҳисобланган ултрабинафша нурларини тўлиқ ушлаб қолади ва кўзга ўтишига йўл қўймайди. Оддий қилиб айтганда, бундай кўзойнак қуёшнинг кўзга тушадиган зарарли зарраларини 99–100% миқдорда тўсади, кўз қорачиғи кенгайган ҳолатда ҳам хавфсизликни таъминлайди, кўздаги чарчоқ, хиралик, ачишишни камайтиради.

UV400 ҳимоясига эга кўзойнакни танлашда энг аввало ёрлиғига эътибор беринг: унда “UV” ёки “100% UV protection” ёзуви бўлиши керак. Агар бу белгилар йўқ ёки фақат “sun protection” деб ёзилган бўлса, бундай маҳсулот кўз учун етарли ҳимоя бермаслиги мумкин.