9 ой олдин Наманганда юзлаб автомобиллар давлат рўйхатидан ноқонуний ўтказилгани ҳақида ёзгандик. Ушбу иш тафсилотлари маълум бўлди. Эшитган одам ёқа ушлайди: жиноятчиларда отнинг калласидай юрак бўлганига “қойил қолмай” иложи йўқ. Ҳатто ИИБ ходимлари билан тил бириктириб, 1 йилда 300 га яқин машинани гумдон қилган бу шоввозларни Голливуд филмларида ҳам кўрмагансиз. Қонунлар билан бошқариладиган Ўзбекистонда бундай ишлар бўлаётгани одамни ўйлантириб қўяди. Мақолани ўқинг ва ўзингиз хулоса чиқаринг.

Одатда машина савдоси билан боғлиқ аксарият фирибгарлик ишларида олувчи чув тушади. Буни турли автолизингчи фирмалар, осон шартларда машина олиб беришни ваъда қилган сохта автосалонлар мисолида кўп кўрганмиз. Бироқ ушбу уюшган гуруҳ фақат машинасини сотмоқчи бўлганларни алдаган. Уларнинг жиноий схемаси тўрига кўплаб оддий одамлар ҳам илинган.

Уюшган гуруҳ

Ушбу уюшган гуруҳ анча катта. Улар орасида Тошкент ва Наманган вилоятлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари ҳам бор. Шу сабабли жиноий иш иккига ажратилган. Биз бугун ушбу икки “дело”нинг биринчиси ҳақида ҳикоя қиламиз.

Жиноят ишининг бошланиш нуқтаси водий вилоятларига бориб тақалади. Гуруҳга 1991 йилда Наманган вилоятида туғилган Акмалхон Ҳошимов раҳбарлик қилган. Уюшган гуруҳда Ҳабибулло Матисаев, Аброр Зайнутдинов, Умид Мамадалиев, Шуҳрат Далимов, Муродилло Баятов, Зухруддин Чалов, Севара Аҳмаджонова каби шахслар бўлган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзига ажратилган вазифани бажарган. Гуруҳдаги асосий вазифалардан бирини Навоий шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Ихтисослашган аукцион авто-мулк маркази” МЧЖ раҳбари Муродилло Баятов амалга оширган.

Ишончни оқламаган харидор

Уюшган гуруҳ машинасини сотмоқчи бўлганларни топиб, чув туширган ҳолда автомобилини бошқа шахсга ўтказишни ва ноқонуний даромад кўришни мақсад қилишган. Гуруҳ бу ишни амалга ошириш учун бир неча усулдан фойдаланган.

Усуллардан бири сифатида машинасини сотмоқчи бўлган фуқароларни ҳам автомобилга, ҳам кредитга чув туширишган.

Жумладан, Акмалхон Ҳошимов шериклари билан 2023 йил 8 апрел куни Тошкент тумани ҳудудида фуқаро Акбар Абдухабиров билан учрашиб, унинг Laсetti машинасини бўлиб тўлаш шарти билан 11 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишган. Акмалхон Ҳошимов машина эгасига бошланғич тўлов сифатида 2 минг АҚШ доллари берган. Қолган пулни 2 ой давомида тўлаб беришни ваъда қилган. Сўнгра ўзаро ижара шартномаси тузган ҳолда оғзаки келишиб, машинани қабул қилиб олган. Акбар Абдухабиров харидорга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тақдим этувчи ишончнома расмийлаштириб берган.