БМТ бош котиби Исроилнинг Рафаҳга берган зарбасини қоралади
Маҳаллий расмийларга кўра, Исроилнинг Рафаҳ яқинидаги қочқинлар лагерига уюштирган зарбаси оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари воқеани текширишга ваъда берди.

Фото: Jehad Alshrafi/AP Photo/picture alliance
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 27 май, душанба куни Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳри яқинидаги қочқинлар лагерига берилган ва 45 кишининг ҳаётига зомин бўлган Исроил ҳаво ҳужумини қоралади, дея хабар қилмоқда минтақа соғлиқни сақлаш вазирлиги.
«Мен Исроилнинг бу ҳалокатли можародан бошпана излаётган ўнлаб бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳаракатларини қоралайман, - деб ёзди Гутерриш X ижтимоий тармоғида. - Ғазо секторида бу даҳшат тўхташи керак».
Вашингтон ҳам норозилигини билдирди. «Исроил ҲАМАСга қарши курашиш ҳуқуқига эга ва биз биламизки, бу зарба Исроил тинч аҳолисига қилинган ҳужумлар учун масъул бўлган икки юқори мартабали ҲАМАС вакилини ўлдирди. Бироқ, биз Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилиши кераклигини аниқ айтдик», дея Reuters АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакилининг сўзларидан иқтибос келтиради.
Исроил суриштирув олиб боришга ваъда бермоқда
Қайд этилишича, 27 майга ўтар кечаси Исроил ҳаво ҳужуми натижасида Рафаҳ яқинидаги қочқинлар лагерида ёнғин келиб чиққан ва бу ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган. Фаластинлик омон қолганларнинг айтишича, ҳужум пайтида уларнинг оилалари ётишга тайёрланишган. Минглаб одамлар лагердан бошпана топган.
Исроил ҳарбийлари разведка маълумотларига асосланган зарбада ҲАМАСнинг икки юқори мартабали амалдори ҳалок бўлганини айтди. Бундан ташқари, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҳужум барча тинч аҳолига эвакуация қилиш тавсия этилган Ал-Маваси гуманитар ҳудудида содир бўлмаганини таъкидлади. Шу билан бирга, Исроил армияси қочқинлар лагеридаги ёнғин ҳақиқатан ҳам Исроил ҳаво ҳужуми натижасида келиб чиққанми ёки йўқлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга ваъда берди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужумнинг эртаси куни Кнессетда (мамлакат парламентида) сўзлаган нутқида, Исроил ҳарбийларининг тинч аҳолига зарар етказмаслик ҳаракатларига қарамай содир бўлган воқеани «фожиали хато» деб атади. Нетаняҳу, шунингдек, воқеа текширилишини айтди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Рафаҳ атрофидаги вазият
Сўнгги ҳафталарда Ғазо секторининг Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳри жанглар марказига айланди. Халқаро гуманитар ташкилотлар маълумотларига кўра, бу ерда миллиондан ортиқ қочқинлар бошпана топган. Қўшма Штатлар Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми туфайли Яқин Шарқдаги иттифоқчисига баъзи турдаги қуролларни етказиб беришни кечиктирди. Франция ҳукумати ва Халқаро суд Рафаҳдаги операцияни тўхтатишни талаб қилди.
26 май куни Рафаҳдан Тел-Авив ва унинг атрофига сўнгги тўрт ой ичида биринчи марта бир нечта ракета учирилди. Бунинг учун масъулиятни ҲАМАС жангчилари ўз зиммаларига олди.
Тавсия этамиз
Кредит олишга тақиқ ва Freeze хизмати: уларнинг фарқи нима?
Жамият | 09:02 / 26.06.2025
Имтиҳон яқин: бу йил абитуриентларни нималар кутяпти? – энг муҳим саволларга расмийлардан жавоблар
Ўзбекистон | 12:11 / 25.06.2025
Эроннинг амалдаги сиёсий тизими. У қандай пайдо бўлганди?
Жаҳон | 19:30 / 24.06.2025
Урушга қўшилган АҚШ, «бутун Украина бизники» деган Путин – ҳафта дайжести
Жаҳон | 18:52 / 22.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Эрон 400 килодан ортиқ бойитилган уранни АҚШ зарбаларидан яширишга улгурган — Европа разведкаси
Жаҳон | 23:36 / 26.06.2025
-
ХВЖ даромад солиғини табақалаштиришга чақирди. Иқтисодчи бунга қарши тўртта сабаб келтирди
Иқтисодиёт | 23:08 / 26.06.2025
-
АҚШ 2026 йилда ядро триадасини ривожлантиришга 60 млрд доллар сарфлашни режалаштирмоқда
Жаҳон | 22:51 / 26.06.2025
-
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Беларусга етиб борди
Ўзбекистон | 22:32 / 26.06.2025
Мавзуга оид

18:18 / 26.06.2025
Урушнинг иқтисодий жиҳатлари: Эрон ва Исроил миллиардлаб доллар йўқотди

17:53 / 26.06.2025
Эрон олий раҳбари Исроил ва АҚШ устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди

15:03 / 26.06.2025
Трамп Нетаняҳуга қарши коррупция бўйича ишни ёпишга чақирди

11:38 / 26.06.2025