15 май куни Тошкент шаҳридаги дарахтларда турли зараркунандалар ва касалланиш кўпайгани, лекин уларга қарши чора кўришга ҳеч ким бош қўшмаётгани ҳақида Kun.uz’да материал эълон қилинган эди. Шунингдек, таҳририят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига мавзу юзасидан сўров юборганди. Ҳолатга вазирлик мутахассиси Нурилло Муҳсинов изоҳ берди. Унинг маълумот беришича,16 майда Экология вазирлиги томонидан зарарланган дарахтларни ўрганиб чиқиш бўйича лойиҳа ҳукуматда киритилган. Лойиҳада бюджетдан 3 миллиардга яқин пул сўралган. Биринчи босқичда 470 дан ортиқ марказий кўчалардаги дарахт ва буталарга ишлов берилади.
Муҳсинов дарахтлардаги зараркунандаларга қарши курашиш учун чумчуқсимон қушларни сунъий кўпайтириш усулидан ҳам фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўрилаётганини қўшимча қилди. “Зоология институти билан шаҳарда қушларни кўпайтиришни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Чумчуқсимон қушлар ҳам зараркунандалар билан озиқланади”, – деди вазирлик масъули.
Мутахассис дарахтларга ишлов беришда асосан биологик ва кимёвий усуллардан фойдаланиш мумкинлигини айтиб, шаҳар ҳудудида одамлар бўлгани учун биологик усулдан фойдаланиш кўпроқ мақсадга мувофиқ эканини ҳам таъкидлади.
“Аниқланган касаллик ва зараркунандаларга қарши биологик ва кимёвий кураш чораларини олиб боришда давлат кимё комиссияси рўйхатидан ўтган препаратларни ҳаво ҳарорати 25 даражадан юқори бўлмаган шароитда дарахтларнинг зарарланиш ҳолатига қараб белгиланган оралиқда сепиш тавсия этилади. Қўлланган кимёвий ёки биологик препаратларнинг кураш чоралари биологик самарадорлиги доимий(ҳар 5-7 кунда) ҳисоблаб борилиб, натижаларга таяниб дарахтларга қайта ишлов бериш юзасидан қўшимча хулоса ва тавсиялар тайёрлашни режа қилганмиз”, – деди Нурилло Муҳсинов.
Шунингдек, мутахассис Экология вазирлиги қошидаги илмий тадқиқот институтларидан олимларни йиғиб, шаҳарда битта ишчи гуруҳ ташкиллаштириш ва у гуруҳ олимлари тавсияси асосида чоралар ишлаб чиқиш кераклигини айтди. Муҳсинов ишчи гуруҳ таркибида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қошидаги илмий муассасалардан мутахассис, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан вакил, ЎзФАга тегишли бўлган соҳа олимлари: дендролог, энтамолог, фитопатолог, агрохимиклар жамланиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
“Улар шаҳардаги дарахтларнинг биологик ҳолати, ўсиши, ривожланиши, улардаги касаллик, зараркунандаларни доимий назорат қилиб бориши керак. Ўсимликлар ҳолати ҳақида ҳар чоракда ҳисобот тайёрлаб, дарахтлар санитар ҳолати бўйича ўз хулосасини тақдим этиб туриши керак ва шу хулосага асосан биологик кураш олиб борилади. Шунингдек, СЭС ходимлари ҳам гуруҳга кирса яхши бўлар эди. Улар биологик препаратларнинг инсонга хавф даражасини айтса, шунга қараб иш бошланиши керак
















