Жаҳон | 10:45 / 31.05.2024
5818
4 дақиқада ўқилади

Чехия: Украина Россиядаги ҳарбий нишонларга янги снарядлар билан зарба бериши мумкин

Украина Чехия ташаббуси доирасида етказилган артиллерия снарядларидан чекловларсиз фойдаланиши мумкин, деди Прагада ТИВ раҳбари. Унга кўра, режалаштирилган ўқ-дорилар етказиб беришнинг асосий қисми Чехия орқали ўтади.

Фото: AP

Украина Чехиянинг янги ташаббуси доирасида ўзига етказиб берилган артиллерия снарядларидан чекловларсиз, жумладан, Россиядаги ҳарбий нишонларга қарши фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда 30 май, пайшанба куни Прагада бўлиб ўтган НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши чоғида Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский айтиб ўтди. «Чехияда Украина ўз давлатчилигини йўқ қилишга уринаётган тажовузкордан, жумладан, Россия ҳудудида амалга оширишга мажбур бўлаётган ҳужумлар билан ўзини ҳимоя қилишига алоқадор муаммо йўқ», - дея Липавский сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги. Чехия вазири таъкидлашича, Киевга ўқ-дорилар етказиб беришнинг асосий қисми унинг мамлакати орқали ўтади.

Прага ташаббуси билан Киевга снарядларни етказиб бериш июнда бошланади 

Аввалроқ Чехия бош вазири Петр Фиала Украина яқин кунларда Чехия ташаббуси билан Киевнинг ғарбий иттифоқчилари учинчи мамлакатларда сотиб олмоқчи бўлган 800 минг ўқ-доридан 155 миллиметрлик артиллерия снарядлари биринчи партияларини етказиб беришга умид қилиши мумкинлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, июн ойининг бошига режалаштирилган етказиб бериш ҳажми бир неча ўн минглаб ўқ-дориларни ташкил қилади. НАТО ва Европа Иттифоқининг 15 давлати, жумладан Германия томонидан қўллаб-қувватланган Чехия ташаббуси учун ажратилган маблағнинг умумий миқдори 1,6 миллиард еврони ташкил қилади. 

Бундан ташқари, Фиала НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг Украинага Ғарб давлатлари томонидан етказиб бериладиган қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш ҳақидаги чақириғини олқишлади. «Украина ҳужумга учраган давлат сифатида ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланишга ҳақли», - деди у. 

Киевга Россиядаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат бериш ҳақидаги чақириқлар кўпаймоқда

Столтенберг 24 май куни The Economist журналига берган интервюсида НАТО давлатларини Киевга етказиб берилган Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилишига рухсат беришга чақирди. Бунга, хусусан, тўғридан тўғри чегарада жанглар олиб бориладиган Харкив вилоятидаги вазият сабаб бўлди, деди бош котиб.

Ўз навбатида, Франция президенти Эммануэл Макрон 28 май куни Германияга ташрифи чоғида Киевга Ғарб давлатлари қуроллари ёрдамида Украинага ҳужумлар амалга оширилаётган Россия ҳудудидаги ҳарбий базаларни «зарарсизлантириш» имкониятини бериш кераклигини айтди. 

WP: АҚШ Украинага Россиядаги нишонларга қарши зенит-ракета тизимларидан фойдаланишга рухсат берди 

Қўшма Штатлар Украинага берилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан Patriot зенит-ракета комплексларидан, агар улар Украинага хавф туғдирса, Россия ҳудуди устидаги ракета ва қирувчи самолётларни йўқ қилишда фойдаланишга рухсат берди, деб ёзади The Washington Post (WP) 29 май куни АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятидаги манбага таяниб. 

Шу билан бирга, Вашингтон, нашр суҳбатдошларига кўра, Киевнинг ядровий ракета учирилишидан огоҳлантириш тизими бир қисми бўлган Россия радиолокацион станцияларига (радарларига) қилган ҳужумларидан хавотирда. Гап 23 ва 26 май кунлари Краснодар ўлкасидаги Армавир ва Оренбург вилоятининг Орск шаҳри яқинидаги радар станцияларига учувчисиз учоқлар ҳужуми ҳақида кетмоқда. Бу зарбалар учун жавобгарлик Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») зиммасида, деб ёзади WP.

Оқ уй Украина Қуролли кучларининг Россия радиолокацион станцияларига ҳужумлари беқарорлаштирувчи таъсир кўрсатишидан хавотирда, чунки бу объектлар Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этмайди ва уларга ҳужум «Вашингтон ва Москва ўртасидаги стратегик барқарорликка путур етказиши» мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид