Жаҳон | 23:27 / 03.06.2024
4980
2 дақиқада ўқилади

БМТ экспертлари барча мамлакатларни Фаластинни давлат сифатида тан олишга чақирди

Фаластин давлатининг тан олиниши Фаластин халқи ҳуқуқлари, шу жумладан, уларнинг озодлик ва мустақиллик йўлидаги кураши бўйича муҳим ҳуқуқларининг тан олиниши экани таъкидланди. 

Фото: Sophie Pilgrim

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир гуруҳ экспертлари 3 июн куни барча давлатларни Яқин Шарқда тинчликни таъминлаш учун Фаластин давлатини тан олишга чақирди Бу ҳақда Reuters ёзди. 

Бу Испания, Ирландия ва Норвегиянинг Фаластинни давлат сифатида тан олганидан деярли бир ҳафта ўтиб содир бўлмоқда. Ушбу уч давлатнинг қарори 8 ойлик уруш сабабли тобора яккаланиб қолаётган Исроилнинг ғазабини келтирган эди. 

Мутахассислар, жумладан, Фаластин ҳудудидаги инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ махсус вакили Фаластин давлатининг тан олиниши Фаластин халқи ҳуқуқлари ва уларнинг озодлик ва мустақиллик йўлидаги кураши бўйича муҳим ҳуқуқларининг тан олиниши эканини таъкидлади. 

«Бу Фаластин ва бутун Яқин Шарқда барқарор тинчлик ўрнатишнинг дастлабки шартидир, бу Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Рафаҳга ҳарбий юришларни тўхтатишдан бошланиши керак», деди экспертлар. 

«Икки халқ учун икки давлат ечими ҳам Фаластин, ҳам Исроил учун тинчлик ва хавфсизликка олиб борувчи халқаро миқёсда келишилган ягона йўл бўлиб қолмоқда, шунингдек, бу бир неча авлоддан буён давом этаётган зўравонлик ва нафратни тўхтатиш йўлидир». 

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги БМТ экспертлари баёнотига изоҳ бериш сўровига дарҳол жавоб бермагани таъкидланмоқда. 

Аввалроқ, Испания, Ирландия ва Норвегия Фаластин давлатини тан олиш орқали Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тўхтатишни таъминлашга интилаётганини айтишган эди. Уч мамлакат, ўз қарори Европа Иттифоқининг бошқа давлатларини ҳам шунга ўхшаш ҳаракат қилишга ундайди, деб умид қилмоқда. Кейинроқ, Дания парламенти Фаластин давлатини тан олиш таклифини рад этди. 

Исроил бир неча бор Фаластин давлатини тан олиш ҳаракатларини қоралаб, бу орқали ҲАМАС қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаб келади.

Мавзуга оид