Жаҳон | 11:51 / 03.06.2024
2602
4 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп TikTok’да аккаунт очди

Трамп ижтимоий тармоқ ва АҚШ расмийлари ўртасидаги келишмовчиликлар фонида TikTok’да аккаунт очди. Шу билан бирга, аввалроқ Трампнинг ўзи TikTok’ни тақиқлашни ёқлаб чиққан эди.

Фото: Eduardo Munoz / Reuters

Лавозимга яна илгари сурилган АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Хитойнинг ByteDance концернига тегишли TikTok ижтимоий тармоғида аккаунт очди. Бу ҳақда 2 июн, якшанба куни Трамп ўз аккаунтида биринчи видеони эълон қилганида маълум бўлди. 

Видео аралаш яккакурашлар бўйича халқаро ташкилот - Ultimate Fighting Championship (UFC)нинг Нюаркда бўлиб ўтган тадбирларидан бирида суратга олинган. Видеода UFC бош директори Дана Уайт ҳам пайдо бўлган - видеонинг бошида у «президент энди TikTok’да» эканлигини таъкидлаган, Трамп эса «бу жуда шарафли» эканини айтган. Қисқа видеонинг қолган қисми АҚШ собиқ президенти трибунадаги томошабинларга қўл силтаб, улар билан селфи тушаётгани тасвирларидан иборат. 

TikTok аккаунти Трампга ўз томонига ёш аудиторияни, жумладан АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан потенциал сайловчиларни жалб қилишга ёрдам бериши мумкин, дея таъкидлайди Politico. 24 соатдан камроқ вақт ичида Трампнинг биринчи видеоси тахминан 56 миллион марта томоша қилинди ва унинг аккаунтига деярли 3 миллион фойдаланувчи обуна бўлди. 

Бир неча ой олдин АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг сайловолди штаби TikTok аккаунтини очди - унинг 340 мингга яқин обуначиси бор. 

TikTok АҚШ расмийлари билан келишмовчиликларни давом эттирмоқда

Байден сайловолди штаби TikTok’да аккаунтга эга бўлишига қарамай, АҚШ расмийлари сўнгги ойларда мамлакатда ижтимоий тармоқ ишини чеклашга уринмоқда. Апрел ойида Байден Конгресснинг иккала палатаси томонидан маъқулланган қонунни имзолади, унга кўра ижтимоий тармоқнинг хитойлик эгаси ўз бизнесини бир йил ичида Хитой юрисдикциясига кирмайдиган компанияга сотиш мажбуриятини олади. Акс ҳолда, TikTok АҚШда блокланиши мумкин.

TikTok раҳбарияти АҚШ расмийларининг талабларига қарши судда кураш олиб боришини айтди. «Фактлар ва конституция биз томонда ва биз яна ғалаба қозонамиз», деди онлайн-платформа раҳбари Шоу Цзи Чу. 

Доналд Трамп ҳам президентлик даврида АҚШда TikTok’ни тақиқлашга уринган, бироқ суд унинг қарорини блоклаган. Собиқ президент ҳам Байден каби ўз талабларини миллий хавфсизлик билан асослаган. Аммо Трамп 2020 йилги президентлик сайловларида мағлуб бўлганидан сўнг, у TikTok’ни Америка ижтимоий тармоқларига «зарурий мувозанат» деб атади, улар унинг сайловолди кампаниясидаги рекламаларини олиб ташлади ва кейинчалик Капитолийга бостириб киришга ундагани учун Трампнинг аккаунтларини блоклаб қўйди. 

АҚШдаги танқидчилар TikTok’ни Хитой ҳукуматига яқинликда ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланганликда айбламоқда. Ижтимоий тармоқ раҳбарияти барча айбловларни рад этади. ЕИ маъмурияти TikTok’га шунга ўхшаш, шунингдек, бир қатор бошқа айбловлар қўймоқда – апрел ойида Еврокомиссия ижтимоий тармоқ бўйича навбатдаги текширувни бошлади. Шу билан бирга, Германия канцлери Олаф Шолц танқидларга қарамай, ижтимоий тармоқда аккаунт очди. 

Мавзуга оид