Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Норвегия 2036 йилга бориб мудофаа бюджетини 83 фоизга оширади
Мамлакат мудофаани мустаҳкамлаш учун 611 миллиард Норвегия кронасини (50 миллиард евродан ортиқ) сарфлашни режалаштирмоқда. Бош вазир Йонас Гар Стёре бу қадамни тарихий деб атади.
Норвегия парламенти 4 июн, сешанба куни мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш режасини бир овоздан маъқуллади. У 2036 йилгача мудофаа харажатларини 83 фоизга, яъни 600 миллиард Норвегия кронасига (51,7 миллиард евро) оширишни назарда тутади.
Тасдиқлаш жараёнида ҳукумат режасига бир нечта тузатишлар киритилди - мудофаа учун 11 миллиард крона (960 миллион евро) миқдорида қўшимча маблағ ажратиш, Норвегия денгиз флоти учун олтинчи сувости кемасини буюртма қилиш, узоқ муддатли ҳарбий кемаларни жойлаштириш, Ослони ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва разведка қобилиятини кучайтириш.
Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре парламентнинг мудофаа режасига киритилган тузатишларини «тарихий» деб атади. «Бу бизнинг иттифоқчиларимиз ва бошқа мамлакатлар учун Норвегия ўз мудофаасини мустаҳкамлашда бирлашганлиги ҳақида муҳим сигналдир», - дея Стёре сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги.
Янги мудофаа бюджети 11 июнда якуний тарзда қабул қилиниши кутилмоқда. Аввалроқ Норвегия расмийлари мамлакат 2024 йилда НАТО доирасидаги ҳарбий харажатлар бўйича мақсадли кўрсаткичга эришиш ниятида экани, бу ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини ташкил этиши кераклигини таъкидлаган эди.