12:00 / 06.06.2024
2151

ТИВ: Таиланд виза режими узайтирилиши бўйича расман ҳеч қандай маълумот эълон қилгани йўқ 

Таиланд ОАВ 1 июндан 36 та давлат (жумладан, Ўзбекистон) учун визасиз режим жорий қилиниши ҳақида ёзганди. Ўзбекистон ТИВ бу бўйича ҳали расман маълумот берилмаганини маълум қилди. 

Фото: Getty Images

Таиланд 1 июндан Ўзбекистон учун визасиз режим жорий қилаётгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу бўйича Таиланд томони ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилмаганини билдирди.

29 май куни Таиланд оммавий ахборот воситаларида мамлакат иқтисодиётини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат виза қоидаларини юмшатишни ўз ичига олган иқтисодий рағбатлантириш режасини эълон қилгани тўғрисида ахборот тарқатилди. Унга кўра, Таиландга 60 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони амалдаги 57 тадан 93 тага кўпаяди, 36 та янги давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Ушбу масала бўйича мамлакатнинг Бангкокдаги бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланган. Таиланд ТИВ консуллик департаменти маълумотига кўра, виза режимининг узайтирилиши тўғрисида ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилингани йўқ.

Таиланд ТИВ минтақавий бошқармаси маълумотига кўра, виза тартибини соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори мавжуд ва бу бўйича консуллик департаменти томонидан Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига тегишли йўриқнома юборилади ва ТИВ сайтида расмий маълумот чоп этилади.

ТИВ Таиланд томонидан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар берилишини қўшимча қилди.

Аввалроқ тегишли янги рўйхатга киритилган мамлакатлар фуқаролари учун визасиз қолиш муддати 30 кундан 60 кунгача узайтирилиши хабар қилинганди.

Ўзбекистон визасиз режим амал қилувчи 36 та янги давлатдан бири бўлади. China Daily хабарига кўра, рўйхатга Ҳиндистон, Камбожа, Лаос, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ҳам киритилган. 

Top