Жаҳон | 12:14 / 10.06.2024
3690
2 дақиқада ўқилади

Сеул КХДРга овоз кучайтиргичлар орқали эшиттиришлар узатишни қайта тиклади

Эшиттиришлар Шимолий Корея билан чегарада ўрнатилган динамиклар орқали узатиляпти. КХДРнинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси Шимолий Корея цензураси назорати остида бўлмаган янгиликлар ва дастурларни эшитиши мумкин.

Фото: Getty Images/AFP/Jae-Hwan

Жанубий Корея 9 июн, якшанба куни Шимолий Корея билан чегарада ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали эшиттиришлар узатишни қайта бошлади, деб хабар берди Жанубий Корея президенти маъмурияти. КХДРнинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси Шимолий Корея цензураси назорати остида бўлмаган янгиликлар ва бошқа эшиттиришларни эшитишлари мумкин бўлади.

Сеул расмийлари бу қарорни Шимолий Кореянинг давом этаётган «чиқинди ҳужумлари»га жавоб деб атади. Май ойининг охиридан бери Шимолий Корея Жанубий Корея томон 1000 дан ортиқ шарларни учирди, уларга ҳожатхона қоғози, пластик бутилкалар, батарейкалар, пойабзал қисмлари ва гўнг тўлдирилган чиқинди қоплари боғлаб қўйилган.

КХДР аҳолиси учун варақа ва долларлар

Пхенян, ўз навбатида, бундай ҳаво шарлари учирилиши Жанубий Кореянинг аввалги ҳаракатларига жавоб эканлигини, у ҳам КХДРга Ким Чен Ин режимига қарши курашишга чақирувчи варақалар, доллар банкноталари ва КХДРда тақиқланган Жанубий Корея филмлари ҳамда поп-мусиқаси ёзилган флэшкалар бўлган ҳаво шарлари учирганини билдирди.

Сеул биринчи марта 2004 йилда икки Корея давлати ўртасидаги чегара чизиғи бўйлаб ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали КХДРга эшиттиришлар узатишга уриниб кўрган ва уни вақти-вақти билан тиклаган. Шимолий Корея цензура назоратида бўлмаган янгиликлар ва тақиқланган мусиқа чегара қўшинлари ва аҳолини руҳий тушкунликка туширишидан хавотирланиб, унга қарши курашмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид