22:27 / 12.06.2024
4865

12 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Орол тубига тупроқни мустаҳкамловчи янги ўсимлик экилмоқда, Қурбон ҳайитида Тошкент метроси эрта тонгдан бошлаб 7 соат текин хизмат кўрсатади, уй-жой бозорида нархларнинг ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда.

Орол туби ўрмонлаштирилади

Орол денгизининг қуриган туби ҳудудида қарийб 600 минг гектарлик майдонда ўрмонзорлар барпо этиш мақсадида биринчи марта ноёб ўсимлик Arundo donax тажриба майдонида синовдан ўтказилмоқда.

Синов муваффақиятли ўтса, кейинги 1-2 йил ичида Оролнинг барча ҳудудларида Arundo donax ўсимликлари экилади. Чунки бу ўсимликнинг илдиз сўрғичлари тез униб чиқади.

Ҳозир экилган ўсимликлар 1 ойлик. Улар қурғоқчиликка чидамли бўлгани учун оғир чўл шароитида ҳам 4 метргача ўса олади. Унинг экиш технологияси ноёблиги шундаки, экиш жараёнида кўчатлар ўрнига илдиз куртаклари ўтқазилади.

Ушбу ўсимлик тузли шамолларнинг олдини олади, унинг поясидан қурилиш, тўқимачиликда фойдаланилади, шунингдек, уни ем-хашак сифатида ҳам ишлатиш мумкин. 

Транспорт янгиликлари

Тошкент метрополитени 16 июн — Қурбон ҳайити куни икки соат вақтлироқ иш бошлайди. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида, одатдагидан икки соат олдин, яъни тонгги соат 03:00 дан иш фаолиятини бошлайди.

Бундан ташқари, Қурбон ҳайити кунида Тошкент метрополитени соат 03:00 дан 10:00 га қадар йўловчиларга бепул хизмат кўрсатади.

Дам олиш кунлари маҳаллий йўналишларда қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилади

Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси эса Қурбон ҳайити муносабати 15 июндан 18 июнгача Тошкентдан маҳаллий йўналишларга қўшимча авиақатновларни бажаришини эълон қилди.

Қўшимча авиақатновлар Наманганга 15 июн куни, Бухорога 15, 17, 18 июн кунлари, Термизга 15, 16, 17, 18 июн кунлари, Самарқандга 16 июн куни, Урганчга 16 ва 18 июн кунлари, Фарғонага 17 июн куни амалга оширилади.

«Ўзтемирйўлйўловчи» хабарига кўра, 1 июлдан айрим поездлар чипта нархи ошади. Маҳаллий йўналишлардаги «Насаф», «Шарқ», «Ўзбекистон» поездлари чипта нархларининг тариф қисми 25 фоизга ошади.

«Ўзтемирйўлйўловчи» хабарида нархлар оширилиши йўловчи поездларда қўшимча сервис хизматларини жорий этиш, уларни янада ривожлантириш, йўловчи вагон паркларини янгилаш, модернизация қилиш, янги электропоездларни харид қилиш, вокзалларни замон талабларига мослаштириш билан изоҳланган.

Масалан, Тошкент–Қарши йўналиши аввалги нархлари эконом классда — 150 600 сўм, бизнес классда 218 244 сўм бўлса, янги нархда эконом класс — 178 250, бизнес класс — 262 805 сўмни ташкил қилади. 

Уй-жой бозорида сотувлар ошмоқда

Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори кетма-кет иккинчи ой ижобий ўсиш динамикасини намойиш этмоқда. Апрел ойида сотувлар 11 фоизга, май ойида эса 9 фоизга ошган. Бироз секинлашувга қарамай, ижобий тенденция давом этиши ушбу сегментдаги истеъмолчилар фаоллиги барқарор жонланаётганидан далолат беради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, ўтган йилнинг май ойига нисбатан уй-жой бозоридаги фаоллик 15,2 фоизга камайди. Икки ойлик ўсишга қарамай, жорий фаоллик даражаси ҳали ҳам бир йил олдинги даражадан паст бўлиб қолмоқда, бу эса талабни чекловчи доимий омилларни кўрсатмоқда.

Ҳудудий маълумотларга кўра, уй-жой савдосининг энг катта ўсиши Самарқанд вилоятида – қарийб 21 фоизга, Андижон ва Наманган вилоятларида мос равишда 19,3 ва 15 фоизга ошгани кузатилган.

Республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари май ойида 1,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 10,3 фоизга ошди, бу инфляция кўрсаткичларига яқинроқ.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши қайд этилган ҳудудлар Бухоро, Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари бўлиб, уларда нархлар ўртача 18,7 фоизга ошган. 

Тадбиркорлар рейтинги эълон қилинди

2023 йил 18 августда президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан бўлган учрашувидан кейин тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий қилиш йўлга қўйилган эди.

Савдо-саноат палатасига кўра, рейтинг жорий этилгандан сўнг тадбиркорлар сонида сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

“Мазкур тартиб жорий қилингунга қадар рейтингнинг юқори "ААА", "АА" ва "А" кўрсаткичларига мансуб тадбиркорлар сони 727 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 4 398 нафарга етган. Ўрта "BBB", "BB" ва "B" рейтингига эга тадбиркорлар сони эса 36 853 дан 87 922 тага ошган.

Рейтингнинг қўшимча рағбатларидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлар томонидан янги иш ўринлари яратилиши натижасида расмий банд бўлган фуқаролар сони 5 351 мингдан 5 586 минг нафарга етди.

Саноат, қурилиш ва савдо соҳаларида ишчи хизматчиларнинг ўртача иш ҳақи миқдори ҳам ошган. Масалан, саноат соҳасида иш ҳақи 1,5 баробар, қурилишда 1,3 баробар ва савдода 1,4 баробар ошган. 

Top