Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лондон G7 йиғилишида Киевга деярли 300 млн евро ажратади
G7 йиғилишида Риши Сунак Украинанинг энг муҳим эҳтиёжлари учун 242 миллион фунт стерлинглик ёрдам пакетини тақдим этади.
Британия бош вазири Риши Сунак Италияда бўлиб ўтадиган G7 саммитида Киевнинг «шошилинч гуманитар, энергия ва барқарорлик эҳтиёжларини» қўллаб-қувватлаш учун Украинага 242 миллион фунт стерлинг (тахминан 286 миллион евро) ажратилишини эълон қилади. Бу ҳақда унинг идораси 12 июн, чоршанба куни маълумот берди.
«Ушбу молиялаштириш Британиянинг Украина билан давом этаётган халқаро бирдамлигини ва Россия тажовузкорлиги натижасида юзага келган шошилинч эҳтиёжларга жавоб беришда мослашувчанлигимизни намойиш этади», — дейилади Британия ҳукумати баёнотида. Унда Россия Федерацияси томонидан ўққа тутишдан жабр кўрган Украинанинг энергетика инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланади.
Сунак офиси билдиришича, унинг G7 саммитидаги устувор вазифаси ҳамкорлар билан «Украинани қўллаб-қувватлаш учун музлатилган Россия активларидан қандай фойдаланишни келишиб олиш» бўлади.
G7 давлатлари Россия активлари ҳисобидан Украинага 50 млрд доллар ажратади - Le Monde
Аввалроқ Франциянинг Le Monde газетаси G7 давлатлари Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украинага 50 миллиард доллар ажратишга келишиб олгани ҳақида ёзган эди. Тахминларга кўра, Киев бу пулни иттифоқдошларидан кредитга олади ва уни Россия Федерацияси Марказий банкининг Ғарб мамлакатларида жойлашган активларидан унга ўтказилган фоизлар ҳисобидан тўлайди.
«Агар у ёки бу сабабга кўра Россия активлари музлатилган бўлса ёки Россия активларидан тушган маблағлар кредитни молиялаштириш учун етарли бўлмаса, биз юкни қандай бўлишиш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак бўлади», деб ўз суҳбатдошининг сўзларидан иқтибос келтиради Le Monde.
АҚШ Украина билан хавфсизлик шартномасини имзолайди
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Киев билан хавфсизлик шартномасини имзолашни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.
Шартнома доирасида Қўшма Штатлар Украинани узоқ муддатда қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олиши кутилмоқда, деди Салливан. «Ушбу шартномани имзолаш орқали биз Россияга ҳам ўзимизнинг қатъиятимиз ҳақида сигнал берамиз. Агар Владимир Путин Украинани қўллаб-қувватловчи коалиция устидан ғалаба қозона олади деб ўйлаётган бўлса, демак, адашади», — дея қўшимча қилди у.
Шу билан бирга, АҚШ президенти маслаҳатчиси келишув «Украинанинг ислоҳотлар бўйича мажбуриятлари» ва Қўшма Штатлар томонидан етказиб берилаётган қуроллар «якуний фойдаланиш мониторингини» ўтказиш қобилиятини ўз ичига олишини таъкидлади.
Шу билан бирга, CNN манбаларга таяниб даъво қилишича, ҳужжатда АҚШдан «Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ пул мажбурияти» кўрсатилмаган. Бироқ у Вашингтонни Украина Қуролли кучларини 10 йил давомида тайёрлашни давом эттириш, Киев билан қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш, ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва «разведка маълумотлари алмашинувини кенгайтириш» мажбуриятини олади. CNN алоҳида таъкидлашича, келишув АҚШнинг келажакдаги президент маъмуриятлари томонидан бекор қилиниши мумкин.
Италияда G7 саммити
G7’нинг 50-саммити 13 июн куни Италиянинг Апулия шаҳрида очилади. Унда «Катта еттилик» мамлакатлари етакчилари, жумладан, Украинани Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлаш, энергетика ва иқтисодий хавфсизлик, миграция масалалари, Хитой билан алоқалар, шунингдек, Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларни муҳокама қилади.
Мавзуга оид
22:03 / 26.06.2026
Боксчи Усик учта чемпионлик камаридан воз кечди
20:44 / 26.06.2026
«Қамалда яшаяпмиз». Қримдаги вазият оғирлашмоқда
11:00 / 26.06.2026
АҚШ Украина бўйича Аляскада келишув бўлганини рад этди
23:05 / 25.06.2026