Жаҳон | 09:30 / 14.06.2024
2880
2 дақиқада ўқилади

G7 Киевга Россия активлари гарови остида 50 млрд доллар берилишини тасдиқлади

Йил охиригача Украина Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромад гарови остида G7 давлатларидан 50 миллиард доллар кредит олади.

Фото: AP

«Катта еттилик»нинг барча давлатлари гаров сифатида Ғарб давлатларида музлатиб қўйилган Россия активларидан тушган даромаддан фойдаланиб, йил охиригача Украинага умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен 13 июн, пайшанба куни Италиядаги G7 саммитида маълум қилди

Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, келишувлар тафсилотлари ҳали ҳам молия вазирлари томонидан ишлаб чиқилмоқда. 50 миллиард долларнинг қарийб ярмини Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, қолган ярмини G7 бошқа давлатлари тақдим этиши мумкин, деб ёзади Reuters Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийсига таяниб. 

Шолц: Украинага кредит - Россия учун аниқ сигнал

Германия канцлери Олаф Шолц Украинага ушбу кредит бериш режасини тарихий қадам деб атади. «Бу Россияга у шунчаки ўтириб, бу урушда бугунги кунда Украинани қўллаб-қувватлаётган дунёнинг айрим давлатларида молиявий муаммолар борлиги туфайли ғалаба қозонишига умид қилмаслиги кераклигини кўрсатди», деди у журналистларга. 

G7 қарори, Шолцга кўра, украиналикларга ўз мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилишда давом этиш учун ҳам жасорат бериши керак. Бу маблағларнинг ажратилиши Украина зарур қурол-яроғ сотиб олиши ва тиклаш ишларини молиялаши мумкинлигини англатади, деди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид