G7 давлатлари талаби, Путиннинг тинчлик шартлари ва унга реакциялар — кун дайжести
Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.
Путиннинг тинчлик шартлари
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тугатиш бўйича Россия шартларини айтди. Путинга кўра, Украина Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетсагина Кремл музокараларга киришиши мумкин.
«Киев қўшинларни олиб чиқишни бошласа, биз тезда ўт очишни тўхтатишга буйруқ берамиз ва музокарага киришамиз», деган Путин.
Украина ўзига тегишли бўлган бу тўрт областнинг нафақат Россия босиб олган қисмидан, балки тўлиқ маъмурий чегараларидан чиқиб кетиши керак.
Путиннинг навбатдаги талабига кўра, Украина НАТОга киришдан тўлиқ воз кечиши, бу ҳақда эълон қилиши керак. «Бугун яна бир ҳақиқий тинчлик шартномаси таклиф қилдик. Украина НАТОга киришдан воз кечиши керак. Гап можарони музлатиш ҳақида эмас, уни буткул тугатиш ҳақида кетмоқда», — деди Путин.
«Бизнинг мақсадимиз – Украинанинг нейтралитети, блокларга кирмаслиги, ядросиз мақомда бўлиши, унинг демилитаризация ва денацификация қилиниши», деб қўшимча қилди Путин.
Путин Украина Киев янги ҳудудий шартларни қабул қилиши ва рус тилида гаплашувчилар ҳуқуқларини таъминлаши кераклиги шартлардан бири эканини айтди. Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг барчаси бекор қилиниши ҳам уруш тугаши учун Москванинг шартларидан бири.
Шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленскийни навбатдаги марта нолегитим раҳбар деб атади.
Владимир Путин 2024 йил бошидан еттинчи марта Ғарб томонидан алданганини ҳам қистириб ўтган.
«Бизни шунчаки лақиллатишди, навбатдаги марта алдашди», — дея ўз тезисини такрорлаган Владимир Путин. Унинг сўзларига кўра, Россия Минск келишувларида кўзда тутилган барча шартларни бажаришга тайёр бўлган, Ғарб эса йўқ.
Путиннинг баёнотига реакция
«Путин Украинага тинчликка эришиш учун нималар қилишни буюрадиган ҳолатда эмас», — деган АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин.
«Биз бир мамлакат раҳбари кунларнинг бирида уйғониб, ўз мамлакати чегараларини ўчириб, қўшни давлат ҳудудини аннексия қилишни истаб қоладиган ҳолат бўлишини истамаймиз. Бу биз яшашни истайдиган дунё эмас.
Путин урушни бугуноқ тугатиши мумкин. У бу урушни ҳеч бир провокацияларсиз бошлади. Биз уни суверен Украина ҳудудини тарк этишга чақирамиз», – деди Ллойд Остин НАТО давлатларининг Брюсселдаги учрашуви якунлари бўйича матбуот анжуманида.
Украина президенти Володимир Зеленский эса Владимир Путиннинг «тинчлик» таклифини ултиматум деб атади ва уни Ҳитлер билан таққослади:
«Бугун у тўртта ҳудуд ҳақида гапирмоқда, авваллари фақат Қрим ва Донбассни тилга оларди. Ҳитлер ҳам Чехословакияни босиб олишда шундай қилган».
Украина президенти Путинни «нацизмни қайта тирилтираётганлик»да айблаган: «Нацизм аллақачон Путин сиймосида бўй кўрсатиб бўлди», — деган Зеленский.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Путиннинг Украинада урушни тўхтатиш режасини тинчлик режаси деб аташдан бош тортди ва Киевга ёрдам беришда давом этилишини ваъда қилди.
Унинг фикрича, Кремл хўжайини томонидан илгари сурилаётган талаблар абсурд чегарасидаги гаплар ва «халқаро ҳуқуққа пародия» ҳисобланади.
«Украина ҳудудидан қўшинларни Украина эмас, Россия олиб чиқиши керак», — деган Столтенберг. Унинг қўшимча қилишича, бунинг ғирт тескарисини назарда тутаётган Путин шартлари Россия президентининг «яхши нияти»дан эмас, «Украинада ҳарбий мақсадларга эришиш» истагидан гувоҳлик беради.
«Яъни бу асло тинчлик таклифи эмас, янада кенгроқ оккупацияни назарда тутувчи таклиф», — деган Столтенберг.
Шу муносабат билан НАТО бош котиби алянс давлатлари Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
G7 давлатлари талаби
«Катта еттилик» давлатлари Россиядан Украинага 486 миллиард АҚШ долларига тенг зарарни қоплашни талаб қилишди. Акс ҳолда Россиянинг активлари токи Украинадаги «можаро тугамагунча» музлатилган ҳолда қолавериши эълон қилинди.
Ғарб давлатларида Россиянинг 300 млрд долларга яқин активлари музлатилган. Бу эса зарарни қоплаш учун талаб қилинаётган суммадан кам. G7 давлатлари Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромадлар ҳисобидан сўндириладиган 50 млрд доллар кредитни йил сўнгига қадар Киевга тақдим этишини тақдиқлашган. G7 давлатлари Россиянинг энергия ташувчилар ва хомашё маҳсулотларидан олинаётган даромадларига қарши босим уюштирилишини ваъда қилишган.
Қора рўйхатдаги ИШИД аъзолари
АҚШ Давлат департаменти Туркия Республикаси билан келишилган ҳолда, бир қанча шахсларни ИШИД террорчилик гуруҳи «қора рўйхати»га қўшганини эълон қилди. Улар орасида уч нафар ўзбекистонликлар ҳам бор. Ўзбекистон фуқаролари террорчилик гуруҳи билан ҳамкорлик қилганликда айбланмоқда.
Давлат департаменти дастлаб Грузиядаги ИШИД етакчиси Адам Хамирзаевни «глобал террорчи» деб тан олди. У шунингдек, Адам Исламович Олиферчик номи билан ҳам танилган.
Бундан ташқари, ИШИДга алоқадор контрабанда тармоғининг уч нафар ўзбекистонлик аъзоси ҳам қора рўйхатга киритилди. Таъкидланишича, улар Туркия томонидан қидирувга берилган.
1. Мирзоев Муҳаммадюсуф Алишер ўғли — 2023 йилда ИШИД билан боғлиқ «ҳарбий» ўқув лагерини ташкил этиш ишларида иштирок этган;
2. Ниёзов Муҳаммад Иброҳимжон — ИШИД аъзоларига маъмурий ва логистик ёрдам кўрсатган;
3. Исмоилов Олимхон Маҳмуджон ўғли — ИШИД билан боғлиқ контрабанда тармоғи аъзоси.
Мазкур шахсларнинг АҚШдаги ёки АҚШ фуқаролари назоратидаги барча мулклари ва мол-мулк манфаатлари блокланади. Улар билан муайян операцияларни амалга оширган ҳар қандай америкалик ёки хорижлик фуқаро санкцияга учраши мумкин.
Футбол. EURO-2024
Германияда футбол бўйича Европанинг 17-чемпионати старт олди. Мюнхендаги Алянц-аренада мезбон Германия ва Шотландия миллий жамоалари ўртасидаги учрашув чемпионатни очиб берди.
Учрашув немисларнинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Мезбонлардан голларни биринчи бўлимда Виртц, Мусиала, Ҳавертц, иккинчи бўлимда Фуллкруг ва Эмре Жан урган бўлса, шотландлар ҳисобига голни ҳам Рюдигер ўз автоголи билан ёзди.
Бугун 1-тур доирасида А гуруҳидаги Венгрия – Швейцария ҳамда B гуруҳидаги Испания – Хорватия ва Италия – Албания учрашувлари ўтказилади.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024