Жаҳон | 14:12
1039
9 дақиқада ўқилади

Нефт савдосига «рухсат олган» Эрон ва Воронеждаги заводга ҳужум – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Эронга санкцияларни вақтинча бекор қилди

АҚШ душанбадан бошлаб тинчлик келишуви доирасидаги илк музокаралардан сўнг Эронга қарши санкцияларни 60 кунга тўхтатди. Ҳўрмуз бўғози орқали танкерлар ҳаракати яна жонлана бошлади ва нефт нархи пасайишда давом этмоқда.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс музокаралар якуний тинчлик битими учун яхши пойдевор яратганини айтди.

Эронга иқтисодий енгиллик беришда илк қадам сифатида АҚШ Молия вазирлиги санкцияларни 21 августгача тўхтатиб туришини эълон қилди. Бу Теҳронга нефт ва унга тегишли маҳсулотларни сотиш ҳамда улар учун тўловларни қабул қилиш имконини беради.

Шунингдек, Вэнс Теҳрон ядровий инспекторларни киритишга, хориждаги музлатилган активларини бошқариш ва ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилиш механизмларини яратишга рози бўлганини айтди.

Аммо Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий Эрон ҳали ядровий масалаларни муҳокама қилмаганини ва ҳеч қандай янги мажбуриятлар олмаганини билдирди.

Трамп эса душанба куни Эрон «ядровий ҳалоллик»ни таъминлаш учун қурол-яроғ текширувларига рози бўлишини ёзди. «Агар Эрон келишувга амал қилмаса ёки ўзини тўғри тутмаса, мен нима қилиш керак бўлса, шуни қиламан», деди кейинчалик Трамп.

Вэнснинг сўзларига кўра, Трампнинг куёви Жаред Кушнер шундай жараённи ўйлаб топганки, унга кўра музлатишдан чиқарилган Эрон маблағлари АҚШ ва Қатар назорати остида бўлади. Бу пуллар АҚШдан маккажўхори, соя ва буғдой сотиб олишга сарфланиши мумкин. «Шундай қилиб, биз чекловни олиб ташлаган пуллар фермерларимизга тушади», деди Трамп журналистларга.

Бироқ Эрон Марказий банки раиси Абдулносир Ҳимматий бундай мажбурият йўқлигини айтди ва музлатилган маблағларнинг камида бир қисми санкцияга тушмаган бошқа товарларни сотиб олишга ишлатилиши мумкинлигини билдирди.

Украина Россиянинг ракета электроникаси заводини урди

Украина ҳарбийлари душанба куни Россиянинг чегараолди Воронеж вилоятида ракеталар учун электроника ишлаб чиқарадиган заводга зарба берди. Воронежга ракета ҳужуми Россия мудофаа саноатига берилган навбатдаги йирик зарба бўлди.

Украина томони чегарадан 200 километр масофада жойлашган ушбу объектга ҳаводан учириладиган қанотли ракеталар билан зарба берганини маълум қилди. Украина дрон кучлари ҳам ушбу операцияда иштирок этган.

«У ерда Россия ракеталарида, хусусан, 'Искандерʼ тактик ракета тизимларида қўлланадиган электроника ишлаб чиқарилади», деб ёзди Украина бош штаби.

Автомобилдан олинган видеотасвирларда заводнинг камида иккита жойидан улкан қора тутун қуюлиб чиқаётгани кўринган.

Воронеж губернатори Александр Гусевга кўра, саноат корхонасига берилган зарба оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, ўнлаб фуқаролар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. 10 та кўп қаватли уй ва 6 та хусусий хонадонга зарар етган.

Сўнгги ойларда Киев Россиянинг бир нечта ҳарбий ишлаб чиқариш объектларига, айниқса, ракета ишлаб чиқарувчи заводларига бирма-бир зарба бермоқда. Киевнинг зарба бериш имкониятлари ортганига қарамай, Россиянинг ҳаво ҳужумлари ҳам Украина чуқур ичкарисига кириб бормоқда ва кўпроқ зарар етказмоқда.

Буюк Британия бош вазири истеъфога чиқди

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер кучайиб бораётган сиёсий босимлар остида душанба куни ўз лавозимидан кетишини маълум қилди. У дам олиш кунларидаги узоқ мулоҳазалардан сўнг ўз режаларини очиқлади; вазирларнинг сўзларига кўра, у мамлакат учун нима энг яхши вариант эканини атрофлича тарозига солган.

Шунингдек, Стармер Лейбористлар партияси етакчилигидан ҳам истеъфога чиқди. Стармернинг ўрнига партия етакчиси ва бош вазир лавозимига номзодларни кўрсатиш 9 июлдан бошланади.

Асосий ва яққол номзод — якшанба куни бўлиб ўтган қўшимча сайловда ғалаба қозониб, парламентга қайтган Манчестернинг собиқ мэри Энди Бурнхам ҳисобланади. У муқаддам икки марта Лейбористлар партияси етакчилиги учун курашган.

Стармернинг баёнотидан икки соат ҳам ўтмай, Бурнхам партия етакчиси ва бош вазир сифатида ўз номзодини қўйишини тасдиқлади. Унинг рақибларсиз тўғридан тўғри сайланиши ёки парламентнинг бошқа аъзолари рақиб сифатида майдонга чиқиши ҳозирча номаълум.

Стармернинг бошқарув даври — унинг ҳукумати миллионлаб кексалар учун қишки ёқилғи тўловларини бекор қилиш бўйича сиёсатни эълон қилиши билан беқарор бошланди. Кескин танқидлардан сўнг партия якунда бу қароридан воз кечишга мажбур бўлганди.

Стармернинг иш ҳақи фондидан олинадиган солиқни ва энг кам иш ҳақини ошириш ҳақидаги қарорлари эса тадбиркорларнинг ғазабини келтирди.

Унинг кабинети бир қатор жанжаллар билан ҳам ларзага келди, жумладан, унинг собиқ ўринбосари Анжела Рейнер тўланмаган мол-мулк солиғи туфайли истеъфога чиққанди. Яқинда эса Стармер – педофил жиноятчи Жеффри Эпштейн билан яқин алоқалари фош бўлгач, Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси — Питер Манделсонни лавозимидан бўшатганди.

Қатардаги газ мажмуасида портлаш

Қатарнинг «Рас Лаффан» саноат мажмуаси ичидаги газни қайта ишлаш заводида юз берган портлаш оқибатида 13 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар жароҳатланди. Бу сўнгги йигирма йилдан ортиқ вақт ичидаги газ саноатида содир бўлган энг мудҳиш бахтсиз ҳодисалардан бири.

Қатар энергетика вазири Саад ал-Каабининг сўзларига кўра, портлаш суюлтирилган табиий газ объектларига таъсир кўрсатмаган. Давлатга қарашли «QatarEnergy» компанияси заводдаги операцияларини қайта тиклаш устида ишламоқда.

Расмийларнинг билдиришича, якшанба куни кечқурун «Барзан» маҳаллий газни қайта ишлаш корхонасида «техник бахтсиз ҳодиса» юз берган. Бу ҳудуддаги корхона атиги икки кун аввал қайта ишга туширилганди. «QatarEnergy» ҳодиса сабабларини ҳар томонлама текширишни бошлади.

«Барзан»даги портлашдан кейин жароҳатланган 66 кишининг ҳаёти хавф остида эмас. Ҳалок бўлганлар Ҳиндистон ва Покистон фуқаролари бўлган.

Якшанба кунги портлаш кучидан деразалар ларзага келган ва у ҳатто марказий Доха бўйлаб ҳам сезилган. Бу эса Рас Лаффандан 70 км узоқликда жойлашган пойтахт аҳолиси ўртасида ваҳима келтириб чиқарди.

Қатар расмийлари бу воқеа қўпорувчилик ёки душманлик ҳаракати эмаслигини ҳамда атроф-муҳит учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини алоҳида таъкидлади.

АҚШнинг йирик ҳарбий базаси жойлашган Қатар, Эрондаги уруш даврида бир неча бор ракета ва дрон ҳужумларига учради. Улкан «Рас Лаффан» объектида март ойида Эрон зарбаси оқибатида иккита технологик линиясига зарар етиб, ишлаб чиқариш ҳажми 17 фоизга қисқарганди.

Францияда иссиқдан 18 киши ҳалок бўлди

Душанба куни Европа узра ёпирилган кучли жазирама иссиқ оқибатида Францияда камида 18 киши, жумладан, машина ичида қолиб кетган икки бола ҳалок бўлди.

Франция ҳукумат вакилига кўра, ўлимлар – жазирама иссиқ келтириб чиқарган соғлиқ муаммолари туфайли қариялар орасида ва салқинлашишга ҳаракат қилиб, сувда чўкиб ўлганлар ҳисобига кўп кузатилган.

Европанинг бир қанча шаҳарларида ҳаво ҳарорати бўйича мутлақ рекордлар янгиланди.

Францияда мактаблар ёпилмоқда ёки дарс жадваллари ўзгартирилмоқда. Франция ғарбидаги Бордо шаҳрида термометр кўрсаткичи 41,9 даража Целсийга кўтарилиб, ўтган йилнинг август ойидаги рекордни янгилаган.

Испаниянинг одатда салқинроқ бўлган шимолидаги Сан-Себастиан шаҳрида ҳам ҳарорат 40 даражага етиши кутилмоқда. Британия синоптикларига кўра, шу ҳафтада Европада ҳаво ҳарорати июн ойи учун тарихдаги энг юқори даражага етиши мумкин.

Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг апрел ойидаги ҳисоботида қайд этилишича, Европа қитъаси глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар тезроқ исимоқда.

Аввалроқ олимлар Европанинг катта қисмига таъсир кўрсатаётган бу жазирама тўлқини — Шимолий Африкадан, яъни Сахройи Кабирдан иссиқ ҳавони юқорига тортиб бораётганини айтганди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид