Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швейцарияда учрашган АҚШ–Эрон расмийлари ва Европада экстремал иссиқ – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон музокаралари
Швейцарияда АҚШ ва Эрон юқори мартабали расмийлари ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди якунланди. АҚШ делегациясига вице-президент Жей Ди Вэнс бошчилик қилди. Шунингдек, президент Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва махсус вакили Стив Уиткофф ҳам келди.
Эрон делегациясига эса парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бошчилик қилди. Шунингдек, воситачилар қаторида Покистон ва Қатар бош вазирлари ҳам Швейцарияга келди.
Воситачи давлатлар қўшма баёнотида айтилишича, 10 соатлик музокаралардан сўнг АҚШ ва Эрон – 60 кун ичида якуний келишувга эришиш бўйича «йўл харитаси»га келишиб олган.
Томонлар Ливандаги ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиш механизмига ҳам келишган. Шунингдек, Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун «алоқа линияси» ташкил этилади. АҚШ дипломатининг BBC'га айтишича, муҳокамалар ядровий келишув «элементлари»га ҳам қаратилган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи унинг мамлакати нефт экспорти учун чекловлардан истиснолар олишга, музлатилган айрим активларни қайтаришга ҳамда Эронни қайта тиклаш режасини ишга туширишга муваффақ бўлганини маълум қилди. Оқ уй музокаралар якунлангани борасида ҳозирча муносабат билдирмади.
Якшанба куни музокаралар расман бошланишидан бироз олдин Трамп Эрон расмийларига – агар улар бўғозни яна ёпишга уринса, «мамлакатингиз қолмайди» деб айтгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Трампнинг таҳдидлари оммага ошкор бўлгач, Эрон делегацияси музокаралар ўтказилаётган хонага қайтишдан бош тортган. Бироқ хабарлар воситачилар орқали етказилиб турилган. Аммо америкалик дипломат Reuters агентлигига «эронликлар ҳеч қаерга кетишгани йўқ ва тунда ҳам музокараларни давом эттиришмоқда», деди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлигига кўра, техник музокаралар ҳафта охиригача давом этади.
Европада экстремал иссиқ
Якшанба куни Европанинг катта қисмини кучли иссиқ тўлқини қамраб олди, ҳаво ҳарорати Целсий бўйича 40 даражага яқинлашди. Бу ҳолат бутун қитъа бўйлаб огоҳлантиришлар берилишига, транспорт тизимида узилишларга ҳамда ёввойи табиат, сайёҳлик масканларида оғир вазият юзага келишига сабаб бўлди.
Бир неча кун давомида ҳарорат 35°C дан юқори бўлгач, Италия расмийлари саккизта шаҳар, жумладан, Болоня, Флоренция, Милан ва Турин учун «қизил» даражадаги огоҳлантириш эълон қилди.
Испания об-ҳаво агентлиги ҳам бир нечта минтақаларда огоҳлантиришлар эълон қилди.
Экстремал иссиқ инфратузилмага салбий таъсир кўрсата бошлади. Франция миллий темирйўллари компанияси юқори ҳарорат – электр тармоқларига зарар етказиши ва релсларнинг кенгайишига олиб келиши хавфи туфайли темирйўл тармоғига «кучли таъсир кўрсатганини» айтди.
Унинг сўзларига кўра, тармоқни кузатиш учун 3 500 нафар ходим сафарбар этилган, яна 2 000 нафари эса фавқулодда таъмирлаш ишларини олиб боради. Оператор душанба кунига қадар асосий йўналишлардаги 71 та шаҳарлараро поездлар қатновини бекор қилди.
Германияда ҳарорат аллақачон 38°C гача кўтарилган бир пайтда, кучли ёмғир ва шиддатли шамол бошланган. Бунинг ортидан «Berlin Open» турнири ўтказилаётган майдон эвакуация қилинди.
Ҳароратнинг кескин кўтарилишига — Саҳройи Кабирдан шимолга ҳаракатланаётган «Африка антициклони» ҳаракатга келтираётган иссиқ ҳаво массаси сабаб бўлмоқда. Метеорологларнинг таъкидлашича, ушбу тизим «иссиқ гумбази» деб аталадиган ҳодисани юзага келтириб, иссиқ ҳавони Ғарбий ва Марказий Европа узра ушлаб турибди. Шунингдек ҳароратнинг кундан кунга кўтарилишига сабаб бўляпти.
Россия–Украина уруши
Россия қўшинлари якшанбага ўтар кечаси Украинанинг қатор ҳудудларига навбатдаги оммавий ҳаво ҳужумини уюштирди. Маҳаллий ҳокимият органлари хабарларига кўра, ҳужумлар оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган, улардан беш нафари — Запорижжия вилоятида. Бу ҳудудда Россиянинг бошқариладиган авиабомбалари томонидан берилган зарбалар оқибатида яна 26 киши жароҳатланган.
Полтава вилоятида яна икки киши ҳалок бўлган, 14 киши жароҳатланган, уларнинг олти нафари болалар. Маҳаллий расмийларнинг аниқлик киритишича, зарба иккита корхонага берилган, яқин атрофда жойлашган уйларга зарар етган.
Херсонда 40 ёшли эркак Россия дрони ҳужуми қурбони бўлди. Харковда Россия дрони 12 қаватли уйга зарба берди. Бундан ташқари, дроннинг автомобилга уюштирган ҳужуми оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, яна 13 киши жароҳатланди.
Украина Қуролли кучлари ҳисоботига кўра, 21 июнга ўтар кечаси Россия иккита «Искандер-М» баллистик ракетаси, иккита «Кинжал» аэробаллистик ракетаси, шунингдек, 105 та «Шаҳед» ва шу каби зарбдор ва симулятор-дронлар билан зарба берган. Баллистик ракеталар ва 6 та зарбдор дрон нишонга келиб урилган.
Украина бунга жавобан яна Россияга дронлар учиришни бошлади. Якшанба куни Россия бўйлаб қарийб 500 та самолёт типидаги дрон тутиб қолинган. Душанба тонгида эса Москвада 70 га яқин дрон уриб туширилган.
Тайванда ҳарбий машғулотлар
Тайван ҳарбийлари шу ҳафтада беш кунлик жанговар шайлик машғулотларини ўтказади. Мудофаа вазирлигига кўра, бу тадбир — урушни симуляция қилувчи янада реалистик машқлар, модернизация режаларининг бир қисмидир.
Тайван ҳарбийлари ўзининг баъзи машғулотларини — Хитой орол атрофидаги мунтазам машқлардан бирини тўсатдан ҳақиқий ҳужумга айлантирадиган сценарийга асослашни бошлади.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, ушбу машғулотлар тинчлик давридан уруш даврига тезкор ўтишни ва устувор жойлаштиришни кучайтиришга ёрдам беради. Бунда ҳаракатлар «ҳақиқий қўшинлар томонидан, ҳақиқий жойда, реал вақт режимида, ҳақиқий техникадан фойдаланган ҳолда ва амалий ижро орқали» олиб борилади.
Ушбу эълон — Хитой Тайван яқинидаги осмонга яна кўп миқдорда ҳарбий самолётларни юборгани ҳақидаги хабар берилган куни янгради.
Гап Хитойнинг 21 та самолёти ҳақида бормоқда. Улардан 19 таси Тайван жануби-ғарбидаги ҳаво ҳудудига кириб, «очиқ денгиз устида узоқ масофали ўқув-машғулотларини» ўтказган.
Стармер атрофидаги гап-сўзлар
Буюк Британия бизнес ва савдо ишлари вазири Питер Кайл — бош вазир Кир Стармер ўз лавозимини тарк этишга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларни ишончсиз деб атади.
Кайл, шунингдек, Стармер ҳукумат ичидаги таъсирини йўқотгани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад этди. Унинг сўзларига кўра, бош вазир ўз мажбуриятларини самарали бажаришда ва халқаро майдонда натижаларга эришишда давом этмоқда. Вазир бунга мисол тариқасида Стармернинг G7 саммитида ўтказган музокараларини келтирди.
Буюк Британиядаги сиёсий инқироз ҳақидаги миш-мишлар фонида, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Стармер гўёки истеъфога чиқиши ҳақида ёзди. Трампнинг фикрича, Британия бош вазири миграция сиёсати ва энергетика масалаларида муваффақиятсизликка учраган. Америка президенти кутилаётган истеъфони гўёки аллақачон ҳал бўлган масала сифатида тақдим этиб, Стармерга омад тилади.
Аввалроқ BBC нашри ҳам Лейбористлар партиясидаги манбаларига таяниб, Стармернинг келажаги атрофидаги кайфият сезиларли даражада ўзгарганини хабар қилганди. Унга кўра, борган сари кўпроқ ҳукумат вакиллари бош вазир аллақачон — душанба куниёқ ўзининг кетиш муддатларини эълон қилишини тахмин қилган.
Стармернинг ўзи эса аввалроқ бир неча бор истеъфога чиқиш нияти йўқлигини ва фаолиятини давом эттириш ниятида эканини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
15:45 / 19.06.2026
Британияда қамалган Хитой жосуслари ва Евроиттифоқ-Исроил можароси – кун дайжести
16:00 / 18.06.2026
Келишув имзолаган президентлар ва Москва осмонида юзлаб дронлар – кун дайжести
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026