Ўзбекистон | 12:15 / 28.06.2024
3018
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ишонч индекси сезиларли пасайди

Freedom Finance тадқиқотига кўра, май ойида Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ишонч индекси 3,4 пунктга пасайиб, минимал даражани қайд этган. Таҳлилчилар истеъмолчилар ишончининг пасайишига инфляция кескин тезлашиши сабаб бўлганини таъкидламоқда.

Freedom Finance тадқиқоти май ойида истеъмолчиларнинг ишонч индекси рекорд даражада минимумга тушганини кўрсатди. Бу ҳақда Spot нашри хабар берди.

Май ойида ишонч индекси 3,4 пунктга пасайиб, 126,8 пунктни ташкил этди. Пасайиш барча беш субиндексда қайд этилди ва бу охирги йилларда иқтисодий динамика масаласида рекорд даражадаги пасайиш бўлди.

Иқтисодиётдаги вазиятнинг ўзгаришини баҳолаш 117,5 баллга (-7,8) пасайди. Агар март ойида ўзбекистонликларнинг 58 фоизи сўнгги 12 ойда иқтисодий вазият яхшиланганини қайд этган бўлса, апрел ойида бу кўрсаткич бор-йўғи 53,5 фоизни, май ойида эса 48 фоизни ташкил этган.

Тошкент шаҳрида яшовчи респондентларнинг фақат учдан бир қисми иқтисодий динамикани ижобий баҳолаган. Наманган вилоятида ижобий жавоблар улуши 58,3 фоиздан 46,1 фоизга камайган бўлса, яна бешта вилоятда 7-9 фоизга пасайди.

Фуқароларнинг шахсий молиявий аҳволидаги ўзгаришлар субиндекси ҳам 128,4 пунктга (-2,9) камайди. Респондентларнинг 56,9 фоизи иқтисодий аҳволи яхшиланганини қайд этди (бир ой олдин 57,6 фоиз эди);

Инфляция даражаси ўсиб боряпти. Йил давомида нархлар сезиларли ўсган – 48,5 фоиз. Бу ўтган йил октябр ойида қайд этилган рекордни янгилади. Ойлик ҳисобда инфляция 27,7 фоизга етди.

Уй-жой коммунал хизматлари тарифлари ошганини қайд этган фуқаролар улуши икки ой давомида 21,4 фоиздан 44,1 фоизга ошди. Кейинги ўринларда нархлари энг кўп ошган маҳсулотлар - гўшт ва парранда (45,6 фоиз) ҳамда 3-ўринда дори воситалари (29,5 фоиз) қайд этилди.

Респондентларнинг атиги 13,2 фоизи келгуси ойда инфляция тезлашишини ва йил давомида 28 фоизни ташкил этишини кутмоқда.

63,4 фоиз респондент сўмнинг йил давомида долларга нисбатан кучли қадрсизланишини кутяпти.

Freedom Finance таҳлилчиларига кўра, истеъмолчилар ишончининг пасайишига Ўзбекистонда қабул қилинган маъмурий қарорлар туфайли инфляциянинг кескин тезлашиши сабаб бўлган.

Марказий банк ҳисоботига кўра, май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри (17,4 фоиз) ва Андижон вилоятида (16,2 фоиз), энг паст даражаси эса Қорақалпоғистонда (10,2 фоиз) ва Хоразм вилоятида (11 фоиз) сезилган.

Аввалроқ, май ойида истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 10,6 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Майда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 3,4 фоиз бўлган.

Мавзуга оид