20:01 / 05.07.2024
6969

Буюк Британиянинг янги бош вазири миллатга мурожаатида катта янгиланишлар ҳақида гапирди

Буюк Британиянинг лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер расман мамлакат бош вазири лавозимига киришди ва миллатга мурожаат билан чиқиш қилди. У миллатга катта қайта янгиланиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Claudia Greco, Reuters

«Шубҳасиз, ҳар бир инсон учун мамлакатимиз катта қайта янгиланиш ўтказиш зарурияти борлиги тушунарли. Биз аслида кимлигимизни қайта кашф қилишимиз керак... Бу мамлакатнинг кучли томонларидан бири доимо тинч сувлар томон йўл топа олиш бўлиб келган. Лекин барибир бу сиёсатчиларга боғлиқ, айниқса, мен каби барқарорлик ва мўътадиллик йўлини танлайдиган, танланган йўлни қай онда ўзгартириш кераклигини англайдиган сиёсатчиларга», — дея Стармернинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Guardian.

Унинг сўзларига кўра, янги ҳукумат «доктриналар юки остида қолмайди» ва фақат фуқаролар манфаатини кўзлаб ҳаракат қилади. Стармер шунингдек Буюк Британия ҳукумати «миллий янгиланиш миссияси»га содиқ қолишини айтган.

Кир Стармер 4 июл куни бўлиб ўтган муддатидан аввалги парламент сайловларида Лейбористлар партияси ғалаба қозонгач, бош вазирга айланди. Лейбористлар 412 та ўринга эга бўлишди (аввалгисидан 211 та мандатга кўпроқ), бунгача улар 14 йил давомида мухолифатда бўлишган. Консерватив партия парламентда 250 ўрнидан жудо бўлиб, атиги 121 та ўринни қўлга киритишган. Стармер аллақачон қирол Чарлз III дан янги ҳукуматни шакллантириш учун мандатни қўлга киритди. У мамлакат тарихида лейбористлардан сайланган еттинчи бош вазир бўлди.

Top