Ўзбекистон | 19:05 / 09.07.2024
26383
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бедарак йўқолган 6 ёшли боланинг жасади қувур таъмири учун ковланган чуқурдан топилди

Хизмат кўрсатувчи корхона ишчилари томонидан ёрилган иссиқ сув қувурини таъмирлаш мақсадида чуқур ковланган. Аммо унинг атрофига хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилмасдан очиқ ҳолатда қолдирилгани аниқланган. Дўконга бориб келиш учун уйидан чиққан бола ушбу чуқурга тушиб кетиб, вафот этган.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида бедарак йўқолган боланинг жасади чуқурдан топилди.

Бедарак йўқолганларни топишга ёрдам берувчи УзАлерт каналининг ёзишича, 6 ёшли Аюбхон Абдуллаев (Сунатилла) 8 июл куни соат тахминан 18:00 ларда Учтепа туманида жойлашган савдо дўконига бориб келиш учун уйдан чиқиб, қайтиб келмаган. Бир неча соат давом этган қидирув ишларидан кейин унинг жасади тезкор хизмат ходимлари томонидан 9 июл куни тонгда отаси ишлайдиган цех яқинидаги чуқурдан топилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унинг маълум қилишича, хизмат кўрсатувчи корхона ишчилари томонидан ёрилган иссиқ сув қувурини таъмирлаш мақсадида ковланган чуқур очиқ ҳолатда қолдирилган ва унинг атрофида хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилмаган. Оқибатда ушбу нохуш ҳолат юз берган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят кодексининг 257-моддасига кўра, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши одам ўлишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2024 йилнинг май ойи бошида Чилонзор тумани ҳудудида ҳам шунга ўхшаш кўнгилсиз ходиса юз берган ди: шамол ҳам, ёмғир ҳам бўлмаган кунда кўп йиллик дарахт қулаб тушган ва оқибатда 1 ёшли бола ҳалок бўлганди. Суриштирувда дарахт қулашига Veolia Energy Tashkent иссиқлик етказиб бериш компанияси ходимлари ва бошқа масъул идораларнинг масъулиятсизлиги ҳамда ҳаракатсизлиги сабаб бўлгани ойдинлашган.

Мавзуга оид