Жаҳон | 09:56 / 11.07.2024
2409
4 дақиқада ўқилади

НАТО Украинанинг ўз хавфсизлик чораларини танлаш ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлайди

НАТОга аъзо давлатлар ва ҳукумат бошлиқларининг 75-юбилей саммитдаги якуний декларацияда иттифоқчилар Украинанинг Россияга қарши урушида қўшимча ёрдам жўнатилишини тасдиқлашди. НАТО аъзолари Россияни қўллаётган Хитой ва бошқа давлатларни бундай ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.

Фото: tmgrup.com.tr

Декларацияда айтилишича, алянс Украинанинг «евроатлантика интеграцияси ва НАТОга аъзо бўлиш борасидаги ортга қайтмас йўли»ни қўллаб-қувватлашда давом этади. Иттифоқчилар Украинага бир йил давомида 40 млрд евролик ҳарбий ёрдам кўрсатади, деб ёзади Анадўлу.

«Биз Украинанинг ўз хавфсизлик чораларини танлаш ва четдан аралашувсиз ўз келажагини белгилаш ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — дейилади декларацияда ва барча шартлар бажарилганидан сўнг Украина алянсга таклиф қилиниши ҳам тасдиқланган. «Украинанинг келажаги НАТОда. Украина тобора оператив ва алянсга сиёсий интеграциялашган бўлиб бормоқда», — дея таъкидланади ҳужжатда.

Декларацияда қайд этилишича, Россия Украинадаги уруш ҳамда БМТ Низоми дохил «халқаро ҳуқуқни қўпол тарзда топтагани» учун тўлиқ жавобгар. Россия кучлари ва мансабдор шахслари инсон ҳуқуқларини топтагани, ҳарбий жиноятлари ва бошқа халқаро ҳуқуқни бузгани учун жавобгарликсиз қолиб кетиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

НАТО Россияга ёрдам бераётган ва шу йўл билан Украинадаги урушнинг чўзилишига сабабчи бўлаётганларни қоралади

Россиянинг Украинадаги урушида барча давлатларни ёрдам бермасликка чақириб, декларацияда Беларус, КХДР, Эрон ва Хитой тилга олинган: «Биз Россияга ёрдам бераётган ва шу йўл билан Украинадаги урушнинг чўзилишига сабабчи бўлаётганларни қоралаймиз».

Декларацияда Хитой Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларига «якуний ёрдамчи» сифатида санаб ўтилган ва Пекин евроатлантика хавфсизлиги учун тизимли муаммолар яратаётгани қайд этилган.

Декларацияда Хитойни Россияни Украинада моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни бас қилишга чақириқ бор, шунингдек, Хитойнинг космик салоҳияти ва ядровий арсенали ошиб бораётганидан ташвиш билдирилган.

Декларация Пекинни стратегик таҳдидларни камайтириш бўйича музокараларга қўшилишга ва Россиянинг Украинага қарши курашида уни ҳар қанақасига қўллаб-қувватлашни бас қилишга чақиради.

«Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоси сифатида БМТ Низоми ва принципларига риоя қилишда алоҳида масъулиятга эга бўлган Хитой Халқ Республикасини Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларини ҳар қандай моддий ва сиёсий қўллаб-қувватлашни бас қилишга чақирамиз», — дея қайд этилган декларацияда.

НАТО террорчилик ташкилотларидан келаётган таҳдид ва чақириқларга қатъий қарши туришда давом этади

«Биз террорчилар ва террорчилик ташкилотларидан келаётган таҳдид ва чақириқларга қатъий қарши туришда давом этамиз», — дейилади декларацияда ва терроризмга қарши курашиш НАТОнинг ажралмас коллектив мудофаа унсурларидан бири бўлиб қолиши қўшимча қилинган.

Декларацияда шунингдек Ғарбий Болқон ва Қора денгиз минтақаси Шимолий Атлантика иттифоқи учун стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилиб, НАТО бу минтақада барқарорлик ва хавфсизлик учун қатъий содиқ экани ҳақида сўз боради.

Декларацияда кўрсатилишича, Ғарбий Болқон билан сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорлик келгусида ҳам минтақавий тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш учун олиб борилади, шунингдек, қўлтиқлар тўғрисидаги 1936 йилги Монтрё конвенцияси эсга олиниб, иттифоқчиларнинг Қора денгиз минтақасида кемачилик хавфсизлиги, ишончлилиги, барқарорлиги ва эркинлигини ҳимоялаш бўйича саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланиши тасдиқланган.

НАТОнинг юбилей 75-саммити доирасида АҚШга саммитни юқори савияда ташкил қилгани учун миннатдорлик билдирилиб, келгуси йилги саммит Нидерландияда, 2026 йилгиси эса Туркияда ташкиллаштирилиши эълон қилинди.

Мавзуга оид