Спорт | 20:26 / 12.07.2024
11703
14 дақиқада ўқилади

«Бавария» АПЛ футболчиларини сотиб олмоқда, испан грандларида «тозалаш». Июлдаги асосий трансферлар

«Реал»нинг собиқ сардори Саудияга йўл олди, «Ювентус»да Тюрамлар сулоласи давом этмоқда.

Европа чемпионати якунланмоқда. Финалдан кейин эса мухлислар клубларнинг янги мавсумини кута бошлайди. Бу вақтда жамоалар мавсумга қизғин тайёргарликка киришиб, трансферлар амалга оширмоқда. Қуйида ўтган ҳафталардаги асосий трансферлар ҳақида.

Майкл Олисе: «Кристал Пэлас» → «Бавария» (53 млн евро)

«Бавария» учун катта келишув. Мюнхенликлар 22 ёшли вингер Майкл Олисени ўз сафига қўшиб олди. Ушбу француз учун «Кристал Пэлас»га 53 млн евро тўланади. Яна 5,9 млн евро бонуслар сифатида кўзда тутилган. Клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома 2029 йилга қадар тузилган. Ўтган мавсумда Олисе жароҳат туфайли Англия чемпионатининг фақат 19 ўйинида қатнашиб, 10 гол урди ва олти голга узатма берди. Энди эса Жамал Мусиала, Ҳарри Кейн, Лерой Сане ва Серж Гнабри каби футболчилардан иборат ҳужум чизиғида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади.

Жоау Палиня: «Фулҳэм» → «Бавария» (51 млн евро)

«Бавария» учун яна бир муҳим трансфер. Мюнхенликлар ўтган ёздаёқ Палиняни сотиб олишга уринган, аммо трансферни дедлайнга қадар расмийлаштиришга улгурмаганди. Энди эса барчаси анча олдинроқ ҳал қилинди. Европа чемпионатида ўз позициясида энг кучлилардан бири бўлган португалиялик яримҳимоячи совринлар қўлга киритиш учун Мюнхенга йўл олди, «Фулҳэм» эса унинг учун яхшигина маблағ — 51 млн еврога эга бўлади. Жоау «Бавария» билан тўрт йиллик шартнома имзолаган.

Ҳоселу: «Реал» → «Ал-Ғарафа» (1,5 млн евро)

Ҳоселу 11 йилдан кейин қадрдон клубига қайтиб, у билан Ла лига ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонганди, энди эса Яқин Шарққа йўл олди. «Реал» ушбу тажрибали форвардни жамоада қолдирмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо футболчи фаолиятида янги қадам ташлашга қарор қилган кўринади. Мадридликларнинг «Эспанол» билан ижара шартномасида футболчининг шартномасини 1,5 млн еврога сотиб олиш ҳуқуқи кўрсатилганди ва улар футболчининг Қатардаги «Ал-Ғарафа» клубига ўтишини осонлаштириш учун мазкур бандни фаоллаширишди.

Начо Фернандес: «Реал» → «Ал-Қодисия» (эркин агент)

Начо ҳам «Реал»ни тарк этади. Фернандес мадридликлар тизимида 23 йил ўтказди. «Реал» — ушбу ҳимоячининг фаолиятидаги ягона клуб эди. Энди эса испаниялик эркин агент мақомида Саудия Арабистони чемпионатига йўл олади. Унинг янги жамоаси — ўтган мавсум якунларига кўра Саудиянинг юқори лигасига чиққан «Ал-Қодисия» бўлади. Айни вақтда Европа чемпионатида иштирок этаётган Начо Фернандеснинг улкан тажрибаси янги клуби элитада қолишига ёрдам бериши мумкин, у «Реал» билан 26 соврин қўлга киритган.

«Атлетико»ни тўрт футболчи тарк этади

«Атлетико»да катта тозалаш. Шартномаси муддати якунлангани туфайли Мемфис Депай, Марио Эрмосо, Габриэл Паулиста ва Витоло мадридликлар сафини тарк этади. Улардан тўртинчиси анча вақтдан буён «Атлетико»нинг асосий таркиб футболчиси эмас. Габриэл клубга 2024 йил январ ойида келиб қўшилганди, аммо ўзининг муҳимлигини исботлай олмади. Депай ва Эрмосо эса ўтган мавсумда асосий таркиб футболчилари эди. Аммо раҳбарият улар билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Ҳозирча ушбу футболчилар қаерга йўл олиши ва «Атлетико» уларнинг ўрнини кимлар билан тўлдириши маълум эмас.

«Барселона»дан ҳам уч футболчи кетади

«Барселона» икки Жоауни — Феликс ва Канселуни сотиб олишга маблағ топа олмади. Футболчилар ижарадан ўз клублари — «Атлетико» ва «Манчестер Сити»га қайтади. Шу билан бирга, «Барса»да ҳали янги ижара шартномаси бўйича келишиш варианти ҳам бор. Шунингек, каталонияликлар сафини Маркос Алонсо тарк этмоқда — унинг шартномаси муддати тугаган.

«Интер»ни ҳам қатор футболчилар тарк этмоқда

Ҳужумчи Алексис Санчес, шунингдек яримҳимоячилар Хуан Куадрадо, Дави Классен ва Стефано Сенси шартнома муддати якунланиши муносабати билан «Интер»ни тарк этади. 35 ёшли Санчес 2019 йилдан буён миланликлар футболчиси эди. У жамоа учун барча турнирлар доирасида жами 142 ўйин ўтказиб, 24 гол урган ва 28 ассистга муаллифлик қилган. 36 ёшли Куадрадо «Интер»да 2023 йил ёзидан буён ўйнаётганди. 31 ёшли Классен «нерадзуррилар» сафига 2023 йил кузида, 28 ёшли Сенси 2023 йил ёзида келиб қўшилганди.

«Интер» икки нафар эркин агентни ўз сафига қўшиб олди

«Интер» эркин агентларни таклиф этиш бўйича синалган схемасини қўллашда давом этмоқда. Бу сафар миланликлар форвард Меҳди Торимий ҳамда яримҳимоячи Петр Зелинскини қўлга киритди. Уларнинг иккиси ҳам собиқ клубларини текинга тарк этди: эронлик футболчи — «Порту»ни, поляк — «Наполи»ни. Торимий «Интер» билан икки йилга, Зелински — уч йилга шартнома имзолаган.

Дуглас Луис: «Астон Вилла» → «Ювентус» (51,5 млн евро)

«Ювентус» «Астон Вилла»дан 26 ёшли яримҳимоячи Дуглас Луисни сотиб олди. Бразилиялик футболчи билан шартнома 2029 йилга қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, трансфер қиймати 51,5 млн евро (бонуслар ҳам кўзда тутилган)ни ташкил этган. Бу келишув биргина футболчи билан чекланмаган. «Ювентус»нинг аёллар жамоасига «Астон Вилла»дан Дуглас Луиснинг қаллиғи Алиша Леманн ҳам ўтган. Туринликлар эса Бирмингҳемга бирданига икки футболчисини сотган: яримҳимоячи Энсо Барренечеа (8 млн евро) ва вингер Сэмюэл Айлингни (14 млн евро).

Филиппе Коутинио: «Астон Вилла» → «Васко да Гама» (ижара)

2023/2024 йиллар мавсумини Коутинио ижара асосида Қатарнинг «Ал-Дуҳайл» клубида ўтказганди. Энди эса Филиппе ватанига қайтмоқда. «Астон Вилла» ушбу бразилияликни «Васко да Гама»га ижарага берган. Коутинио — клуб тарбияланувчиси ҳисобланади ва айнан шу ерда фаолиятини бошлаган. 32 ёшида эса яна шу клуб учун ўйнайди.

Николо Дзаниоло: «Галатасарой» → «Аталанта» (ижара)

Николо Дзаниолонинг саёҳати давом этмоқда. 2023 йил февралида уни «Галатасарой» сотиб олганди, август ойида эса италияликни «Астон Вилла» ижарага олди. АПЛдаги мавсумдан кейин бирмингҳемликлар Дзаниолони сотиб олишмади, аммо у «Галатасарой»га ҳам қайтмади. «Аталанта» Николони 2025 йил 30 июнига қадар ижарага олди. Келишувда сотиб олиш ҳуқуқи ҳам мавжуд бўлиб, маълум шартлар бажарилган тақдирда бу банд мажбурий бўлиб қолади.

Ян Матсен: «Челси» → «Астон Вилла» (44,5 млн евро)

«Астон Вилла» «Челси»дан 22 ёшли чап қанот ҳимоячиси Ян Матсенни сотиб олди. Инсайдер Фабрицио Романога кўра, бирмингҳемликлар нидерландиялик футболчи учун 44,5 млн евро тўлаган. Матсен «Астон Вилла» билан 2030 йилга қадар шартнома имзолаган. Ян бунгача Англиянинг «Чарлтон», «Ковентри» ва «Бёрнли» каби клубларида тўп сурган, 2024 йил январидан Дортмунднинг «Боруссия» клуби сафида ижара асосиа ўйнаганди. У немислар клуби билан Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб борганди.

Росс Баркли: «Лутон Таун» → «Астон Вилла» (5,9 млн евро)

30 ёшли яримҳимоячи «Астон Вилла»га қайтди. Баркли 2020/2021 йиллар мавсумида, «Челси»дан ушбу клубга ижарага берилганди. Ўтган мавсумни Росс «Лутон Таун»да ўтказди ва яна энг яхши даврларидаги каби ўйнади. У барча турнирлар доирасидаги 37 ўйинда беш гол уриб, олти ассистни амалга оширди. Клуб чемпионшипга тушиб кетгач эса «Вилла» аъзосига айланди. Трансфер қиймати 5,9 млн еврони ташкил этади. 

«Ювентус»га яна икки футболчи келди

2020 йилдан буён А Серияда ғолиб бўла олмаётган «Ювентус» таркибни кучайтирмоқда. Янги бош мураббий Тияго Мотта бошчилигида клуб фаол трансфер кампанияси олиб бормоқда. Хусусан, «Монца»дан Италия чемпионатининг энг яхши дарвозабонларидан бири — Микеле Ди Грегорио ижарага олинди. Келишув маълум шартлар амалга ошган тақдирда, 20 млн еврога сотиб олиш мажбуриятини ўз ичига олади. Бу ҳолатда Ди Грегорио туринликлар билан йилига 2 млн евролик маошни кўзда тутувчи беш йиллик шартнома имзолайди.

Шунингдек, «Ювентус» «Ницца»дан яримҳимоячи Кефрен Тюрамни — афсонавий Лилиан Тюрамнинг ўғли ва «Интер» форварди Маркуснинг укасини ўз сафига қўшиб олди. Transfermarkt маълумотига кўра, ушбу харид 20,6 млн евро эвазига амалга ошган. Кефрен «Ювентус» билан беш йиллик шартномага имзо чеккан. Эътиборли жиҳати, футболчининг отаси ҳам 2001 йилдан 2006 йилга қадар туринликлар сафида ўйнаб, клуб учун 144 ўйинда майдонга тушган.

Мойзе Кин: «Ювентус» → «Фиорентина» (13 млн евро)

Кин — «Ювентус» тарбияланувчиси. Аммо Мойзе қадрдон клубининг асосий форварди бўла олмади. Унга бир неча бор имкон берилди — бундан наф чиқмади. 2023 йил ёзида «Юве» Кинни 30 млн евро эвазига «Эвертон»дан қайтариб олганди. Раҳбарият бу харажат учун афсуслангани аниқ. Энди туринликлар Мойзени икки баробар арзонроққа «Фиорентина»га сотиб юборди. Шу билан бирга, маълум шартлар эвазига, бу қиймат 18 млн еврогача ўсиши ҳам мумкин. Киннинг «Фиорентина» билан шартномаси 2029 йил ёзига қадар тузилган.

Этан Мбаппе: «ПСЖ» → «Лилл» (эркин агент)

Килианнинг укаси ҳам Париждан кетди. Катта Мбаппе фаолиятини Мадриднинг «Реал» клубида давом эттирса, Этанда — камтарроқ вариант. Аммо «Лилл» ҳам — ёш футболчи учун ёмон вариант эмас. У бу ерда ўсишда давом этиш ва майдонга кўпроқ чиқиш имкониятига эга бўлади. Энди барчаси Этаннинг ўзига боғлиқ — бу ерда катта акасининг ҳомийлигидан фойдалана олмайди. «Лилл» билан шартнома уч йилга тузилган.

Танги Ндомбеле: «Тоттенҳэм» → «Ницца» (эркин агент)

Ндомбеле «Тоттенҳэм»га 2019 йилда 62 млн евро эвазига келганди. Бу лондонликлар учун ҳамон ўз тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер бўлиб қолмоқда. Аммо АПЛда Танги ўзини кўрсата олмади. Унда айрим яхши даврлар ҳам бўлди, аммо ҳеч ким унинг «Тоттенҳэм»даги фаолиятини муваффақиятли кечди деб айта олмайди. 2022 йил январидан буён Танги ижарама-ижара санғимоқда: «Лион», «Наполи», «Галатасарой». Аммо ушбу клубларнинг ҳеч бири француз яримҳимоячини сотиб олишни истамади. Энди эса Ндомбеле ватанига қайтди: «Ницца» уни эркин агент мақомида таклиф қилди. Ушбу футболчидан 27 ёшида яна олдинги даражасига қайтиши талаб этилади.

Миши Батшуайи: «Фенербаҳче» → «Галатасарой» (эркин агент)

Белгиялик форварднинг фаолияти ўзгача кечмоқда: Миши 2021/2022 йиллар мавсумини «Бешиктош»да ўтказганди, кейин икки йилга «Фенербаҳче»га ижарага берилди. Энди эса «Галатасарой»га ўтди. Батшуайи Истанбулнинг учта асосий клуби сафида ўйнайдиган бўлди. Белгиялик «Фенербаҳче»дан эркин агент мақомида келиб, «Галатасарой» билан уч йиллик шартнома имзолаган. Янги клуби мухлислари ашаддий рақиб сафидан келган футболчига қандай муносабатда бўлишини кузатиш қизиқ.

Валдемар Антон: «Штутгарт» → «Боруссия» Дортмунд (22,5 млн евро)

Ўзбекистоннинг Олмалиқ шаҳрида туғилган ва Германия миллий жамоаси билан Европа чемпионатида иштирок этган ҳимоячи фаолиятида ўсишга эришди. Валдемар Антон 22,5 млн евро эвазига «Штутгарт»дан Дортмунднинг «Боруссия» клубига ўтди. 27 ёшли футболчи янги жамоасида Матс Ҳуммелснинг ўрнини босиши керак. «Боруссия» раҳбарияти вакиллари — Ларс Риккен, Себастян Кел ва Свен Мислинтат — айнан Антон қиёфасида жамоанинг собиқ юлдузига муқобил кўришган. Валдемар клуб билан тўрт йиллик шартнома имзолаган.

Мавзуга оид